Ўтган замонларда Ҳожимурод исмли бечораҳол киши яшаган бўлиб у тақводор ва тартибли инсон экан. Бир куни Ҳожимурод уйининг деворини таъмирлаётган вақтда ғиштлар орасида тўртбурчак шаклдаги олтин қуймасини кўриб қолибди. Ана шу пайтда у чексиз қувонибди.
“Ва ниҳоят мен камбағалликдан қутуламан. Ўзимга ҳашаматли уй қураман. Ерга оқ мармар тердираман. Хоналарни қимматбаҳо уй жиҳозлари билан тўлдираман. Боғда гуллар экиб, гулзор қиламан. Турли хил мевали дарахтлар экаман, уларнинг шоҳларида дунёдаги энг нодир ва чиройли қушлар сайраб туради,” – деб ўйлабди у.
Шунақа ўй-фикрлар билан ухлаб қолибди.
Кейинги куни тушида ишчиларни, ошпазларни, уй хизматчиларини ишга ёллаётганини кўрибди.
Учинчи куни ҳам оламшумул режалар тузишда давом этибди. Орзу қилавериб, овқатланишни ҳам, намоз ўқишни ҳам ва ҳатто унга бу неъматни берган Аллоҳ таолога ҳамд айтишни ҳам унутиб қўйибди.
Ана шундай кунларнинг бирида, орзулар денгизига шўнғиган Ҳожимурод шаҳар атрофида юрар экан қабристон бўйида ғишт қуяётган бир устага кўзи тушиб қолибди. Уста тупроқ кавлаб олиб, уни сув ва сомон билан аралаштириб лой қилар, сўнг эса ғишт қолипларини лой билан тўлдириб чиқаётган экан. Ўша киши қабристон тупроғидан ясалган ғиштлар мустаҳкамроқ чиқишини айтганида, Ҳожимурод юзига таркаси тушгандек сесканиб кетибди ва ўзини урушиб ҳақоратлаган кези ортига қараб кетибди.
“Эҳ, сен аҳмоқ! – дебди у ўзига. – Кун келиб сенинг қабр тупроғингдан ҳам кимдир ғишт ясайди. Сен эса, қўлингга олтин қуймаси тушиши билан эс-ҳушингни йўқотиб қўйдинг. Кундан-кунга умринг ниҳояланиб бораётган бўлишига қарамай, намоз ва дуоларни ҳам ташлаб қўйдинг. Ҳар бир ташлаган қадаминг билан ўлимга яқинлашиб бораяпсан-ку. Орзуларингни қўй! Аллоҳ таоло томонидан берилган бу қулай имкониятдан муносиб тарзда фойдалан. Пулларни керакли ўринларга ишлат. Ўйламасдан сарфлаб ташлама!”
Шу пайти Аср намозининг азони эшитилибди.
Ҳожимурод яхши амаллар қилишга шайланган инсонга хос қатъият билан масжид томон юзланибди.
Агар Ҳожимурод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини билганида эди, юқоридаги ақл-ҳушини йўқотиш ҳолатига тушмаган бўлар эди:
“Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, қарзимни тўлашга етадиганидан ортиғи менда уч кундан ошиқ туришини хоҳламайман”. (Имом Бухорий ривояти).
“لَوْ كانَ لي مِثْلُ أُحُدٍ ذَهَبًا ما يَسُرُّنِي أنْ لا يَمُرَّ عَلَيَّ ثَلاثٌ، وعِندِي منه شيءٌ إلَّا شيءٌ أُرْصِدُهُ لِدَيْنٍ”
Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва
Муаттар Абдулқаюм таржимаси