و عن معاوية رضى الله عن عن النبي صلى الله عليه وسلم
قال:” من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين “.
Муовия (розияллоҳу анҳу)дан
Ривоят қилинади: Расулуллоҳ
(соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Аллоҳ бир кишига яхшиликни
ирода қилса, уни динда фақиҳ
қилиб қўяди” , дедилар .
Бандалари ичидан баъзиларини динда фақиҳ бўлишга тарғиб қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду сано бўлсин. Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди , деган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салоту саломлар бўлсин. Ўзларининг муқаддас китоби Қуръонга аввал имон келтириб, уни мукаммал ўрганиб сўнгра бошқаларга таълим берган, ҳамда ҳар бир буйруғига амал қилиб, қайтариқларидан қайтган барча мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин. Амин!
Истиқлол йилларида ўзбек халқининг бой илмий, маънавий меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш, соф ислом илмларини тиклаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистонда миллий давлатчилик ва диний қадриятларни барпо этиш жараёни том маънода мустақиллик натижасидагина ўз мақомига эга бўлди ва сиёсий-ҳуқуқий амалиётда ўз ифодасини топди. “Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир ” деганда қанчалаик ҳақ эди юртбошимиз.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида ”ги Фармони, 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ” ва 2019 йил 23 июнидаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида ”ги қарорларида белгиланганидек буюк аждодларимиз асарлари ва уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаларини чуқур ўрганиш, ёш авлодни юртимиздан етишиб чиққан ҳуқуқ ижодкорлари бўлган фақиҳларнинг ҳаёти ва илмий мероси билан яқиндан таништириш, уларга нисбатан ҳурмат, миллий ғурур ҳамда ифтихор туйғуларини тарбиялаш долзарб масалалардан бири саналади . Ҳозирги даврда мусулмон мамлакатларининг аксариятида ислом ҳуқуқи меъёрлари алоҳида аҳамиятга эга. Ислом маънавий-маданий қадриятлари нафақат ўз аҳамиятини йўқотмаган ва жамият маданий тараққиётида, давлатчиликни мустаҳкамлашда, мусулмонларнинг ҳаётида муҳим рол ўйнаб келмоқда. Ҳамда Жамият ривожланишининг турли босқичларида унинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиёти тарихини ўрганишга бўлган интилиш ва қизиқишлар ортиб борган. Шу ўринда исломшунослик, хусусан, ҳадис, фиқҳ, тафсир ва ақоид илмларига алоҳида эътибор берилаётгани барчага маълум. Тарих, ҳуқуқшунослик ва бошқа бир қатор олиб борилаётган тадқиқотлар ислом тарихини янада мукаммал ўрганиш ва қўшимча изланишлар олиб бориш кераклигини кўрсатмоқда .
Дастлабки даврда ислом тарқалган мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий ва диний фаолиятини қамраб олувчи қонунлар мажмуаси ишлаб чиқиш эҳтиёжи туғилди. Бунинг учун Қуръон ва суннат асос қилиб олинди. Натижада мусулмонларнинг моддий ва маънавий, ижтимоий ва шахсий ҳаётини тартибга солиб турувчи диний ҳуқуқий система – шарият вужудга келди . Ушбу ҳуқуқий системанинг амалда ижросини қозилик маҳкамалари таъминлаган.
Маълумки, қозилик лавозими ислом динида ўзига хос ўрин эгаллайди. “Қози” сўзи араб тилидаги “қазо”дан олинган бўлиб, луғавий маъноси “кесиш”, “ажратиш” ва “ҳукм қилиш”ни англатади. Ҳанафий уламоларининг таърифига, кўра ўзига хос йўл билан хусуматларни ажратиш ва низоларни кесиш “қазо” деб юритилган. Замонавий тадқиқотларда “қозилик” деганда маҳкама, яъни “суд ” муассасаси тушунилади. Турк тилида қози “ёруғчи” маъносида аталган. Исломда ҳуқуқшунослик жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда муҳим ўрин эгаллаган. Шу сабабли қозилик фаолияти ўзига хос равишда ривожланиб борган .
Қозилик ишларининг муҳимлиги ҳамда жамият орасидаги аҳамияти хусусида Қуръони каримда шундай дейилади:
“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир ”.
Ўрта асрларга келиб Мовароуннаҳрда таълиф этилган фиқҳий асарларда исломдаги қозилик фаолиятининг илк ривожланиш босқичи Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбарлик даври билан боғланади. Ривожланишнинг кейинги босқичлари сифатида Хулафои Рошидин даври , умавийлар ва аббосийлар даври билан белгиланади .
Ислом давлатининг таъсир чегаралари кенгайганидан сўнг вилоятлар ва муайян катта шаҳарларга волий тайинланиб уни ижро этиш билан бирга қозилик ишини олиб бориш ваколати ҳам қўшиб берилган. Натижада ҳар бир вилоят бошлиғи ҳам волий, ҳам қози вазифасини бажарган. Мазкур амалдорлар сирасига Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) , Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) , Муъқал ибн Ясор (розияллоҳу анҳу), Абу Мусо ал-Ашъарий (розияллоҳу анҳу) , ал-Аъло ибн ал-Ҳадрамий (розияллоҳу анҳу) , Аттоб ибн Усайд (розияллоҳу анҳу) ни киритиш мумкин .
Мовароуннаҳрда қози лавозимига тайинлаш учун жамият ичидан “уламолар табақаси”га мансуб бўлган киши танлаб олинган. Улар ислом манбалари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларни мукаммал билган ва амалий татбиқ эта олган. Шунингдек, мазкур табақа вакиллари ислом дини доирасида ақоид илмининг етук мутахассислари бўлиши билан бир вақтда, фиқхшунос олим ва шариат қонунларини татбиқ қилувчи шахслар саналган.
ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Русия империяси Туркистонни босиб олишидан аввал қозилар шаҳар беглари томонидан сайланган. Чор ҳукумати эса қозиларни сайлаш тартибини жорий этди. Манбаларга кўра, тошкент шаҳрининг ҳар бир даҳасига қозилар элликбошилар тамонидан уч йил муддатга сайланар, номзодлар эса Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори тастиғидан ўтар эди. Бундан кўзланган мақсад қозиларни мустамлакачи ҳукумат сиёсатига тобеъ этиш эди .
Одатда қозилар ўз фаолиятини олиб бориш учун қулай деб билган жойларни ихтиёрий равишда танлаб олган. Аксарият ҳолларда, улар масжид, мадраса ёки ўз уйларида иш олиб борган. Кейинчалик қозилик вазифасининг кенгайиб бориши ва мавқеининг ошиб бориши натижасида давлат томонидан алоҳида бинолар қурилиб, махсус қозихоналар ва маҳкамалар ташкил этилган . Бу борада Бурҳонуддин Маҳмуднинг хулосасига кўра, Бухоро қозилари шаҳардаги жомеъ масжидининг бир қисмини ўзларига “мавқеъ” (қароргоҳ) қилган. Бундан мурод, низолашувчилар учун қозининг иш жойини топишларида қулайлик яратиш бўлган. Бошқа тарафдан эса, маҳкама жараёнининг масжидларда бўлиши ўша даврдаги ҳуқуқий тизимнинг ўзига хос мафкуравий хусусиятларини очиб беради. Чунки, ислом ўлкаларида жомеъ масжидлар муқаддас макон ҳисобланиб, низолашаётган тарафлар бу ерда ўзининг диний масъулиятини хис қилган ва бир-бирларига турли туҳмат, бўҳтонларни ёғдиришдан маълум даражада тийилган. Қозилар ҳам бундай жойларда ўзининг “илоҳий масъулияти”ни хис қилиб, муаммонинг ечимини топишга харакат қилган. Демак, ушбу холатда ислом ҳуқуқи фуқаролик муносабатларни тартибга солишда “илоҳий масъулият”га асосланганлигини кузатиш мумкин .
Мовароуннаҳр тарихида қозилик маҳкамалари бугунги суд маҳкамаларидан кенгроқ фаолият юритиб, X-XIII асрларда процессуал судлов ишлари билан бир қаторда шурталик, ҳисба ва муҳтасиблик ваколатига ҳам эга бўлган; давлат адлия ишлари ҳамда нотариал ҳаракатларни ҳам назорат остига олган.
ХIХ асрнинг иккинчи ярмида хонликлардаги заиф сиёсий бошқарувдан фойдаланиб Русия империяси ўлкани босиб олди ва Туркистонда ўз қонкнчилигини киритишга киришди. Русия давлати ўз қонунчилик тизимини ўрнатиш учун халқ ишинчини қозонган қозилик маҳкамаларини заифлаштиришга қарор қилди. Шу сабаб, баъзи чора тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, қозилик маҳкамалари аксар ҳуқуқий масалаларни кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Қолаверса, қозилар ҳукмидан норози бўлган фуқароларга империя судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди .
Ҳозирги кунда ҳам баъзи Ғарб давлатларида X-XIII асрларда Мовароуннаҳр марказий шаҳарларида фаолият юритган қозилик маҳкамалари тажрибаларидан келиб чиқиб, Скандинавия ярим ороли давлатлари Шведция ва Норвегия каби давлатларда суд маҳкамалари адлия ва суд ишларини яҳлит ҳолда олиб боришлиги кузатилади .
Россия ва Ўзбекистонда тарихий ҳужжатлар устида йирик тадқиқотлар олиб бориш ва янги нашрлар тайёрлаш ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланди. 1943 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси қошида Шарқ қўлёзмалари институтининг ташкил этилиши, Бухоро, Хива, Қўқон хонликлари ҳудудида мавжуд бўлган қўлёзма ва тошбосма ҳужжат ва манбаларни бир жойга тўпланиши, илмий йўналишда комплекс тадқиқотларнинг пайдо бўлишига замин яратди.
Мовароуннаҳрда қозилик маҳкамаларининг ривожланиши жараёнида қозилар ҳам суд қилиш, ҳам инсонлар ўртасида тузиладиган ҳар қандай битимларни расман қайд этиш ваколатига эга бўлганлар. Мазкур ҳолатни ўша даврда қозилик маҳкамалари ишларининг кам бўлгани билан изоҳлаш мумкин. Маълумки, ислом динида инсон маънавияти, мафкура ва тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Шу билан бирга гўзал ахлоқ масаласи, ислом оламида, хусусан, Мовароуннаҳрда юксак даражада бўлган. Бундан ташқари ўрта асрларда бу ўлкада жиноятчилар учун оғир тан жазолари белгиланар эди. Шу боисдан жиноятлар кам содир этилган бўлиши ҳам мумкин. Агар суд ишлари камайса, қозиларга бошқа ваколатларни юклаш имкони бўлади. Агар жиноятлар кўп бўлса, тадқиқ этилаётган шурут илмига доир ҳар бир вазифа алоҳида шахсларга юклатилган бўлар эди .
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳозирги кунда демократик тамойилларга таянувчи ривожланган давлатлар томонидан илгари сурилаётган “инсон ҳуқуқлари”, “адолатли жамият”, “эркин фуқаролик жамияти”, “юксак даражадаги ижтимоий муносабатлар”, “адолатли судлов” каби принцплар Ғарб маданиятига хос анъаналарга асосланди. Шарқда ҳам ушбу қоидалар, ислом ўлкаларининг илм маърифат ўчоқлари ҳисобланган Мовароуннаҳр, Шом, Ироқ, Миср ва Андалусияда яшаган фақиҳлар томонидан XI асрдаёқ ишлаб чиқилиб, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Хулосалар шуни кўрсатадики, X-XIII асрларда ислом ўлкаларида ёзилган процессуал ва нотариал ҳужжатлар тузиш илмига оид манбалар кўплаб Ғарб тадқиқотчиларини ўзига жалб қилиб келди. Ғарб тадқиқотчилари томонидан Мовароуннаҳр, Андалусия, Шом, Миср каби мусулмон ўлкаларида ёзилган иш юритиш ҳужжат намуналарига доир манбаларнинг каттагина қисми ўтган асрнинг 90-йилларига қадар ўрганилиб, нашрга тайёрланган. Бунга сабаб улар қозилик маҳкамалари фаолиятида аниқ бир тизимга солинган ва ҳужжатларда акс этган фуқаролик ҳуқуқларини қиёсий таҳлил этиб, Шарқ халқлари тарихида либерализм, ҳурфикрлилик, жамият аъзоларининг ҳуқуқий эркинлиги борасида эришган тажрибаларини ҳар тарафлама ўрганиш бўлган. Ғарбда яратилган тадқиқотларни ўрганиш, ислом ўлкалари тарихининг ёритилмаган қирраларини бирламчи манбалар асосида таҳлил қилиш Ўзбекистон тарихида ҳам процессуал ва нотариал ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни бир тизимга солиш X-XIII асрлардан бошланганига гувоҳлик беради .
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Маҳамедова Гулрух,
Илмий рахбар т.ф.д. Бекмирзаев И.И.