islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Амалий ҳукмларга тегишли масалалар: Қуёшда исиган сувнинг ҳукми -2

Бу далилларга иккинчи қараш соҳиблари қуйидагича жавоб берадилар: Қуёшда исиган сувдан қайтариқ ҳақидаги хабарнинг санади жуда заифдир, ҳатто баъзилар уни “мавзуъ” ҳам дейишган. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабар ҳам заифдир. Шунинг учун уни макруҳ дейишнинг шариатда асли йўқ ҳисобланади.

Ушбу ихтилофларга кўра мазкур сувнинг мохов касалига сабаб бўлиши ҳақида ҳам икки хил қараш юзага келган:

1. Баъзи уламолар қуёшда исиган сувни истеъмол қилиш туфайли мохов касали пайдо бўлишидан хавф қилинади. Чунки табиблар ҳам буни қувватлаб: “Қуёшда қизиган сув айниб қолгани учун баданга тегса қон айланишига халал беради”, деганлар.

2. Баъзи уламолар табиблардан бу ҳақда бирор нарса собит бўлмаган, деганлар.

Шунингдек қуёшда исиган сувни таҳорат ва ғуслдан бошқа нарсаларга ишлатиш макруҳ бўлиши ёки макруҳ бўлмаслиги атрофида ҳам турли қарашлар айтилган:

– қуёшда исиган сувни таҳорат учун ишлатса ҳам, ғусл учун ишлатса ҳам ёки ичса ҳам макруҳ бўлади. Аммо у билан кийим ювса ёки бирор идишни ювса макруҳ бўлмайди.

– қуёшда исиган сувни овқат пиширишга ишлатса агар шўрва сингари суюқ овқат бўлса макруҳ бўлади, агар суюқлиги қолмаса масалан нон пишириш ёки ош сингари қуюқ овқатларга ишлатса, макруҳ бўлмайди.

Мазкур ихтилофларга кўра, мазҳаблар орасида ушбу масала тўғрисида қуйидагича фарқлар бор:

Имом Аҳмад ва имом Моликлар қуёшда исиган сувни ишлатиш макруҳ бўлмайди, деганлар.

Имом Шофеъий агар қуёшда иситишни қасд қилган бўлса макруҳ бўлади, деганлар.

Ҳанафий мазҳабига кўра қуёшда исиган сувни ишлатиш макруҳи танзиҳий ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳабига кўра қуёш нурида қизиган сув макруҳ бўлиши учун унда қуйидаги шартлар топилиши керак:

1. Иссиқ ўлкада бўлиши керак;
2. Қуёш нури тўғри сувга тушадиган оғзи очиқ идишда бўлиши керак;
3. Иссиқ ҳолатда истеъмол қилинган бўлиши керак.

Демак, ушбу шартлар топилмаса яъни иссиқ ўлкада бўлмаса, оғзи ёпиқ идишда бўлса, оғзи очиқ бўлса ҳам совугандан кейин ишлатилса, ҳанафий мазҳабига кўра ҳам макруҳ бўлмайди.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

144821cookie-checkАмалий ҳукмларга тегишли масалалар: Қуёшда исиган сувнинг ҳукми -2

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: