Намоз диннинг устуни ва мўминнинг меърожи эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу баракоти ҳам баланд. Намоз бир кунда беш марта фарз қилингани билан у мўмин банда онадан туғилганидан бу дунёни тарк этгунича ҳамроҳ бўлади.
Шубилан бир қаторда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги бандалик бурчимиз ҳамдир. Шу сабабли кунда беш маротаба унга мурожаат қиладиган намозимизнинг барча аҳкомларини, адо бўлиш ҳамда бузилиш ҳолатларини ҳам ҳар биримиз билмоғимиз даркор.
Биламизки, намознинг ичидаги уни комил адо қилувчи фарзларидан бири – қироатдир. Қуйида намознинг бузилишига сабаб бўлувчи қироатнинг турлари, макруҳ бўлган ҳамда бутунлай бузилишига оид бўлган ҳолатларни келтириб ўтамиз.
Биринчиси оятдаги хато туфайли намознинг бузилиши ёки бузилмаслиги:
– бирор сурадаги икки оят орасига ушбу сурада бўлмаган бошқа оятни ўқиб юборса;
– Ёки икки оят ўртасида битта оятни ташлаб кетса;
– ёки кетма- кетликдаги ўрнини алмаштириб қўйса;
– ёки бир оятни такрор ўқиб қўйса;
уламолар иттифоқига кўра жавоб шуки, агар ҳар бир оятни тўхтаб ўқиса, икки оят маъносининг орасида бир-бирига мухолифлик бўлмаса намози барча ҳолатларда бузилмайди.
Иккинчиси сўздаги хато туфайли намознинг бузилиши ёки бузилмаслиги:
– агарда ортиқча калима ўқиб юборса бунда икки ҳил кўриниш мавжуд:
– агарда ўша зиёда қўлланган сўз Қуръонда ишлатилган бўлиб, ўша оятнинг маъносини ўзгартирмайдиган бўлса, намози бузилмайди.
– агарда зиёда қўлланган сўз Қуръонда бўлмай ҳамда маъно ўзгарадиган бўлса, уламолар иттифоқига кўра намози бузилади.
Учинчиси ҳарфлардаги хато туфайли намознинг бузилиши ёки бузилмаслиги:
– бир ҳарфни зиёда қилиб юборса у сабабли маъно ўзгармайдиган бўлса намоз бузилмайди, аммо аксинча бўлса намоз бузилади;
– ёки бирор ҳарфнинг тушиб қолиши сабабли, у билан маъно ўзгарадиган бўлса намоз бузилади, агарда маъно ўзгармайдиган бўлса намоз бузилмайди.
Тўртинчиси эъроб (флексия) даги ҳато туфайли намознинг бузилиши ёки бузилмаслиги:
– ҳаммаси ҳақидаги жавоб шуки, баъзи уламолар фикрича, зарурат юзага келиши мумкинлиги боис (кўпчилик фарқига бормаганлиги учун) бу ҳолатларда намоз бузилмайди. Хоҳ битталик ҳарфни иккилантириб ташдидли қилиб ўқилсин, хоҳ ташдидлини битта қилиб ўқилсин, бунинг фарқи йўқ. Хоҳ қисқа ўқилиши керак ҳарфни чўзиб мадли қилиб ўқилсин, хоҳ унинг тесариси бўлсин; хоҳ мулойим ўқилган ҳарфни ҳамзали қилиб ўқилсин, хоҳ унинг акси бўлсин; хоҳ изҳор қилиб ўқиш керак бўлган ҳарфни идғомли қилиб ўқилсин, хоҳ унинг акси бўлсин; хоҳ ҳаракатли ҳарфни бошқа ҳаракатга алиштириб ўқилсин, бунинг фарқи йўқ, (намоз бузилмайди).
Чунки, бунда Қуръоний тартиб ўз ҳолича қолган ҳамда умумул -балво – (кўпчилик йўлиққан) бўлганлиги учундир.
Бешинчиси сўзни узиб қўйиш туфайли намознинг бузилиши ёки бузилмаслиги:
– масалан “الحمد لله ” – “Алҳамду лиллаҳи” деганда “Ал” деб тўхтаб, узиб ўқиб қўйса, бунда намоз бузилмайди, чунки, “алиф” ва “лом” маърифа – аниқлик артикли бўлиб, феъллардаги “қод”га ўхшайди, аммо баъзи ўринларда намози бузилади масалан: “اهدنا” – “Иҳдина” сўзида “иҳ” деб ёки “نعبد” – “Наъбуду” сўзида “наъ” деб кесиб талаффуз қилса;
Олтинчиси эса тўхташ ва бошлашда бўладаги ҳато туфайли намознинг бузилиши ёки бузилмаслиги:
– баъзи уламолар “لا اله” “Ла илаҳа” деб туриб, сўнг “الا هو” – “илла ҳув”дан бошласа, ёки “عزير” – “Узайр” деб тўхтаб туриб, “ابن الله” – “Ибнуллоҳ” деб бошлаб ўқиса, намоз бузилади, деганлар. Бу Шамс ал-аимма ал-Ҳалвоий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам сўзларидир.
Намози бузиладиган ҳолатлар.
Намоз қироатда –ҳато туфайли намознинг бузилиши икки турга бўлинади:
– ўқигувчининг қироати қуръон оятларини маъносини бутунлай ўзгартириб юборса ва унинг эътиқоди куфр бўладиган бўлса барча ҳолатларда намоз бузилади;
– агарда агар ўша янглишиб ўқилган калиманинг ўхшаши қуръонда бўлсаю , маъноси узоқ бўлсада аммо маъноси очиқдан – очиқ ўзгартириш бўлмайдиган бўлса намози бузилмайди;
Мутааххир уламоларимиз айтадиларки, агар намознинг қироатидаги хато унинг эъроби (ҳаракати)да бўладиган бўлса бузилмайди, чунки бундай ҳолатда умумий балво бўлганлиги учун намози бузилмайди дейдилар , аммо ҳанафий мазҳабидаги мўътабар фиқҳий манбаларда “Фатавои Қозихон” ва Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳнинг “Раддул мухтор” асарларида бунда эхтиётан Мутақаддим уламоларимизнинг сўзларини олишимиз авлороқдир дейдилар чунки Қуръон карим ояти карималари маълум бир қоидалар асосига қурилгандир, улар ўзгарувчан эмас дейдилар;
– Агар бир ҳарфнинг ўрнига бошқа ҳарфни айтса, яъни ҳарф ўзгариши сабабидан маъно ўзгарса ва икки ҳарфни машаққатсиз бир-биридан ажратишнинг имкони бўлса, масалан ص ҳарфининг ўрнига ط деб ўқиса, яъни, الصالحات (яхшиликлар) сўзининг ўрнига الطالحات (ёмонликлар) сўзини ўқиса, ҳамма уламолар наздида намоз бузилади;
– Намоз ўқувчи қироатда «ташдид» ва «мад»ни ташлаб кетса ҳамда бу сабабли оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса, аксар уламолар наздида намоз бузилади;
– Намоз ўқувчи қироатда бир калиманинг ҳарфини бошқа калимага қўшиб ўқиса, баъзи уламолар наздида намози бузилади. Аксар уламолар: намози бузилмайди, деганлар. Бу ҳақида баъзи уламолар: «Агар ўзи аслида тўғрисини билиб тилига шундай келиб қолгани туфайли хато ўқиган бўлса, намози бузилмайди, аммо Қуръонда шундай деган эътиқод билан ўқиб юрган бўлса намози бузилади», деганлар;
Қироатдаги макруҳ бўлган ҳолатлар:
– Фарз намозида иккинчи ракъатнинг қироатини биринчи ракъатдан узун қилиш макруҳ бўлади;
– Фарз намозида биринчи ракъатда ўқиган сурани иккинчи ракъатда такрор ўқиш эса макруҳ ҳисобланади. Аммо бошқа сурани ўқишни билмаса, зарурат юзасидан макруҳ бўлмайди;
– Биринчи ракъатга бирор суранинг ўртасидан ё аввалидан қироат қилса, сўнгра иккинчи ракъатга бошқа суранинг ўртасидан ё аввалидан ёки бирор қисқа сурани қироат қилса, саҳиҳ қавлга кўра, макруҳ бўлмайди, лекин заруратсиз бу ишни қилмаган афзал, деганлар;
– Биринчи ракъатга қироат қилган сурасидан кейин иккинчи ракъатга бир сура ташлаб кейинги сурани қироат қилиш макруҳ саналади. Шунга кўра агар орада икки ё ундан кўп оятлар бўлса, бир суранинг бошқа-бошқа жойидан ўқиш макруҳ бўлмайди. Аммо заруратсиз бундай қилмаслик афзал;
– Намоз ўқувчи қироатда ўқиётган жойидан бир сура ё бир оятни ташлаб кейингисини ўқиши макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ўша сура ё оятдан ўзини олиб қочиш ва ундан ўзгасини устун қўяётгандек ваҳм юзага келади;
– Иккинчи ракъатга биринчи ракъатда ўқилган сурадан юқоридаги сурани ўқиш макруҳ бўлади. Чунки бунда саҳобалар ижмоъ қилган тартибни тарк қилиш юзага келади. Аммо бу ҳам қасддан ўқилса, макруҳ бўлади, агар унутган ҳолда бўлса, макруҳ бўлмайди;
Намози жоиз бўладиган яъни бузилмайдиган ҳолатлар.
– Агар ташдидли харфни тахфиф қилиб қўйса, “ Баззозийя” ни мусаннифи айтадиларки, агар у маънони ўзгартирмаса намози бузилмайди;
– Намоз ўқувчи қироатда «ташдид» ва «мад»ни ташлаб кетса, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса, намози бузилмайди;
– Намоз ўқувчи қироатда вақф бўлмаган ўринда тўхтаса ёки ибтидо бўлмаган ўриндан қироатни бошласа, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса, намози бузилмаслигига ижмоъ қилинган.
– Агар (маъно бузиладиган) ҳолатда иккита ҳарфни ажратиш машаққатли бўлса, масалан ظ ва ض ҳарфлари, ص ва س ҳарфлари, ط ва ت ҳарфлари каби, бунга уламолар турлича жавоб берганлар. Кўпчилик уламолар намоз бузилмайди, дейдилар. Қози Имом Абул Ҳасан ва қози Имом Абу Осим: “Билиб туриб шу хато (яъни, бир ҳарф ўрнига бошқа ҳарф ўқиш)ни қилса, намози бузилади. Агар тили шу хатога кетиб қолган бўлса ёки икки ўхшаш ҳарфни ажрата олмаса, намоз бузилмайди”, деганлар. Мана шу сўзларнинг энг тўғриси ва ихтиёр қилинганидир.
Ким баъзи ҳарфларни яхши ўқий олмаса, имкони борича тўғри талаффуз қилишга ҳаракат қилиши керак, нотўғри айтиб юришига узр йўқ. Агар тили баъзи ҳарфларни умуман айта олмаса ва (намозда ўқиш учун) ўша ҳарф иштирок этмаган оятларни топа олмаса, ўқиган намози дуруст бўлади, лекин имомлик қилмайди. Агар тили қовушмайдиган ҳарф иштирок этмаган оятларни топса ва ўшани ўқиса, барча уламоларнинг наздида намози дуруст бўлади. (Талаффуз қила олмайдиган ҳарфлари иштирок этмаган оятлар бўла туриб), ўша ҳарфлари бор бўлган оятларни ўқиса, баъзи олимлар намози жоиз бўлмайди, деганлар.
Юқорида эътибор берадиган бўлсак, ҳарфларни алмаштириб ўқилганда намоз бузилиши ё бузилмаслиги ҳақида баҳс қилинди. Бундан араб алифбосидан бошқа алифболарда ёзиб ёдланган оятларни қироат қилиш умуман мумкин эмаслиги келиб чиқади. Чунки бошқа бирор тилдаги ҳарфлар араб тилидаги ҳарфлар талаффузини ифодалаб бера олмаслиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Чунки Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида унинг араб тилида экани баён қилинган.
Масалан:
إِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
«Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз .»
Шу каби кўплаб оятларнинг маъносига кўра араб тилидан бошқа ҳарфларда ёзилган «сура ва оятлар» Қуръон бўлмайди. Чунки Қуръоннинг арабча эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган. Фотиҳа ёки бирор қисқа сурани араб тилидан бошқа алифбода ёзиб ёдлашга зарурат юзасидангина рухсат берилган. Яъни бу рухсат араб тилидан мутлақо хабари йўқ инсон Исломни қабул қилганда қироатни ўргангунича намознинг фарзини адо этиши учун маълум вақтгагина берилган рухсат ҳисобланади. Бундай ҳолатдаги кишига зудлик билан намоз жоиз бўладиган даражада қироатни ўрганиши фарз бўлади. Мазкур заруратдан ташқари сура ва оятларни крилл алифбосида ё бошқа алифболарда ёдлашга зарурат йўқлиги туфайли рухсат берилмайди. Чунки зарурат юзасидан берилган рухсат, фақат зарурат миқдорида чегараланиши шаръий қоидадир.
Ҳулоса ўрнида шуни айтамизки, юқоридаги уламоларимизнинг фатволари маълум замон ва макон тақозосига кўра берилган шаръий жавоб эканини, замон ва макон ўзгариши билан фатво ҳам ўзгариши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ҳусусан ҳозирги кунимизда Қуръонни ўрганиш имконияти жуда кенгдир масалан бугунги кунда минглаб (!), турли ҳил қулайликларни ўз ичига олган (!) дарсликлар чоп этилмоқда. Қолаверса бугунги интернет асрида дунёнинг исталган еридан , исталган олимларнинг дарсликларини бемалол кўришимиз, эшитишимиз, ўрганишимиз мумкин. Фақатгина биздан талаб этиладиган нарса озгина ихлос, кучли муҳаббат ҳамда ғайрат шижоат бўлса бас.
Имом Бухорий номли
Тошкент Ислом Институти
4-курс талабаси Бахромов Мақсуджон