Саҳийлик фақат бой бўлганда эмас балки фақирликда ҳам топилади. Саҳийлик инсофли, диёнатли, юмшоқлик ва мулойимликни ўзида жамлаган барча мусулмонда топилиши шарт. Билингки! Берсангиз ўз нафсингизга раҳм қилган бўласиз. Бу тўғрида кўпгина воқеаларни келтирамиз.
Ҳазрати Шайх Бишри Ҳофий раҳимаҳуллоҳ алайҳ жуда совуқ бир кунда совқатган, яланғоч бир кишига эгниларидаги аболарини (дарвишлар ва қаландарлар киядиган калта ва қалин чакмон) ларини ечиб бердилар. Сўнг ўзлари совқата бошладилар. Сабабини сўраганларга “Фақирга або олмоққа пулим йўқ эди, шунинг учун ўзимникини бердим”, дедилар. Орадан аллақанча вақт ўтиб, Бишр ҳазратлари таслими руҳ этар эканлар, фақир бир йўқсил келди. Жон ҳолатда бўлсалар ҳам кўйлакларини ечиб, йўқсилга бердилар, або ичида жон бердилар.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бошқа бир мусулмонни кийинтирса, Аллоҳ уни жаннат яхшиликлари билан кийинтиради…”
Абдуллоҳ ибн Муборак Ҳаж сафарига отланганларини эшитиб, бир қанча одамлар “Биз ҳам сиз билан бирга борайлик”, деб илтимос қилишди. Шайх ҳазратлари уларга: “Майли, лекин ҳаммангиз ҳамёнларингизни менга топширасизлар. Барча харажатларнинг ҳисоб-китобини мен олиб бораман”, дедилар. Улар рози бўлишди. Сандиқ келтирибдилар. Ҳар бир одам ҳамёнига номини ёзиб, жойлади. Йўл харажатлари, отларнинг емидан тортиб, ҳожиларнинг озиқ-овқатигача шайх ҳазратлари тўладилар. Ҳатто олинган совға-саломлар ҳаққини ҳам бердилар. Хуросонга қайтишганда ҳамроҳларига зиёфат бердилар-да, кейин ўртага сандиқни қўйиб, ҳамёнларни бирма-бир олиб, эгаларига қайтардилар. Аслида бу сандиқни шу ерга ташлаб кетган эканлар. Ҳам бой, ҳам олим, ҳам сўфий, ҳам шоир одам ана шундай саховат кўрсатганлар.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг сўзларини қўшимча изоҳ сифатида баён қилишни лозим топдик:
Бир муслим Ҳаж йўлида пирга дуч келди.
– Эй йўловчи, қаерга кетяпсан? Ғурбат борлиғини қаёққа олиб боряпсан? – сўради пир.
– Ҳажга кетяпман, икки юз дирҳам пулим бор, – деди муслим.
– Эй йўловчи, пулларингнинг бир қисмини Аллоҳ йўлидаги муҳтожларга, ғарибларга, бечораларга бўлиб бер. Уларнинг кўнгилларини ол, руҳларининг уфқи очилсин! Шу йўл билан илк дафъа кўнглингга Ҳаж қилдурган бўлурсан. Шундан кейин тоза кўнгил билан Ҳаж сафарингда давом эт, – деди пир. Яна дедики: – Агар сенинг қалб кўзинг очиқ бўлса, кўнгил Каъбасини тавоф қил. Сен тупроқдан деб ўйлаган Каъбанинг асл маъноси кўнгилдир. Жаноби Ҳақ кўзга кўринадиган сурат Каъбасини тавоф қилишни кўнгил Каъбасини кирлардан тозалаш учун фарз қилгандир. Шуни яхши билки, агар Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган бир кўнгилни инжитсанг, кейин Каъбага пиёда борсанг ҳам, ундан олган савобинг ранжида бўлган кўнгил гуноҳини юва олмайди… Аллоҳнинг ҳузурига олтин тўла мингларча коса олиб борсанг ҳам Жаноби Ҳақ: “Бизга бирор нарса келтирмоқчи бўлсанг, рози қилинган кўнгил келтир. Чуки олтин ва кумуш биз учун маъносиз нарсалардир. Агар бизни ва розилигимизни истасанг, буни кўнгилларни ишғол қилиш билан амалга ошишини унутма”, дея марҳамат қилади.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига қўйнинг калласини ҳадя қилдилар. У саҳобий: “Фалончи биродарим мендан кўра фақирроқ”, деб қўй калласини унга юбортирди. Бу саҳобий ҳам ҳадяни олиб қолмай, бошқа биродарига юбортирди. Оқибат шу бўлдики, ети уй айланиб, Расулуллоҳнинг ҳадялари яна ўша биринчи саҳобийга қайтди. Ўшанда Ҳашр сурасидаги бу оят тушган: “Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб, ўзгаларни ийсор-ихтиёр қилурлар”.
Яна айтилишича, бу оятнинг тушиши ансорлардан бирининг иши билан боғлиқ бўлгандир. Ҳасан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.) даврларида бир киши рўза тутди. Шомда ифторлик учун ҳеч нима топа олмади. Кейин сув билан оғзини очди. Сўнг келаси кун яна рўза тутди. Шу зайлда уч кун рўза тутиб, ҳолдан тойди. Бу ҳолни кўрган ансорлардан бири уни уйига олиб келди. Хотинига: “Бугун уйимизга меҳмон келди, овқат борми?” деб сўради. Хотини: “Бир киши тўядиган овқат бор”, деди. Иккаласи ҳам рўзадор эди. Шунингдек, бир гўдаклари ҳам бор эди. Ансорий хитинига: “Биз меҳмонимизни овқатлантирайлик, ўзимиз бу кеча сабр қиламиз, ўғлимизни эса хуфтондан олдинроқ ухлатамиз. Овқатни келтиргач, чироқни очириб қўй. Меҳмон мен билан бирга овқатланаётгандек бўлади”, деб тайинлади. Хотин товоқда овқат келтириб, меҳмонга яқинроқ қўйди. Кейин гўё чироқни яхшиламоқчи бўлгандек, ўчириб қўйди. Мезбон қоронғуда қўлини товоқ четига қўйди-ю, овқатланмади. Меҳмон таомнинг ҳаммасини еб, тўйди. Эрталаб ансорий мезбон Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам салом берганидан сўнг ул зот дедилар: “Аллоҳ эр-хотин икковларингизнинг қилганингиздан кўп ажабланди”(яъни бу ишларингиздан рози бўлди).
Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.
Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси кабинет мудири
Урол Назар Мустафо Термизий.