islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий таълимда кредит-модуль шакли: янги ўқув йилида талабаларни нималар кутмоқда?

Университетга ўқишга кирганингиздан сўнг талаба сифатида у ерда айнан қайси фанларни ўрганишни қисман бўлса-да, ўзингиз танлашингиз мумкинлигини ҳеч тасаввур қилганмисиз?

Ҳар бир ўқитувчи семестр бошида талабаларига ўз фани бўйича дастурини тақдим этиб, унда ушбу фан нима ҳақидалиги, талабалар ушбу фанни ўрганиш натижасида амалиётда нималар қила олиши ҳақида батафсил тушунтириб, шундан кейингина дарсларни бошлашини-чи?

Қўшимчасига денг, олий таълим муассасалари (ОТМ) ўзининг ҳар бир бакалавр ёки магистратура дастурлари бўйича каталоглар (китобчалар) ишлаб чиқиб, ундан сиз ўқиш давомида қайси фанларни ўрганишингиз мумкинлиги, ушбу фанларни кимлар ўқитиши, дастур давомида сиз мутахассис сифатида қандай билим, кўникма ва маҳоратларга эга бўлишингиз ҳақида батафсил маълумот олишингиз мумкин бўлиб, шундан сўнг ўқув йили бошланса-я! Бу хусусиятлар мамлакатимиз олий таълим тизимига ҳам аста-секинлик билан кириб келмоқда ва бу тизимнинг номи — таълимнинг «кредит-модуль» тизими.

Ўзбекистон Республикаси президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»га кўра, мамлакатдаги ОТМларнинг 85 фоизи 2030 йилгача босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтиши режалаштирилган. Масалан, келаётган 2020-21 ўқув йилининг ўзида мамлакатимиздаги 33дан ортиқ йирик ОТМлар кредит-модуль тизимига ўтиши кутилмоқда. Мазкур ОТМларда асосан ECTS кредит-модуль тизими жорий этилиши кўзда тутилган.

Хўш, таълимнинг кредит-модуль тизими ўзи нима? Ушбу тизим талабаларга нима беради ва нималарни бажаришни талаб қилади? Унинг амалдаги таълим тизимидан афзалликлари нимада? Қуйида ушбу саволларга қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Таълимнинг кредит-модуль тизими ўзи нима?

Бизга маълумки, ҳаётда кўп нарсаларни ўлчов бирлиги мавжуд. Масалан, вақт ўлчов бирлиги — сония, соат, узунлик ўлчови — метр, оғирлик — килограмм, суюқлик — литр, электр кучланиши ўлчови — ампер.

Савол туғилади: таълимнинг, хусусан олий таълимнинг ҳам ўлчов бирлиги борми? Сиз «ҳа, бор, олий таълимнинг ўлчов бирликлари бу бакалавр, магистр ва доктор» деб айтасиз. Лекин булар таълимнинг ўлчов бирликлари эмас, балки унинг даражалари ҳисобланади.

Кредит-модуль тизими авваламбор мамлакатимиз олий таълим тизимига таълимнинг амалдагидан кўра анча мукаммал ўлчов бирлигини олиб киради.

Унга кўра, университетда ўтиладиган ҳар бир фан эндиликда ундаги ўқиш юкламаси миқдорига қараб, кредитларда акс этади. Масалан, ҳар бир фан ўртача 5, 6 ёки 7,5 кредитларда акс этиши мумкин. Талаба эса ҳар семестр, ўқув йилида муайян миқдорда кредитлар тўплаб бориши мумкин ва бу  миқдорга қараб, унга бакалавр ёки магистр даражаси берилади.

ECTS кредит-модуль тизимида бир йиллик кредитлар миқдори 60ни ташкил этади. Бир ўқув йили 2 семестрдан иборатлигини ҳисобга олсак, талаба ўқиши давомида ҳар семестрда 30 кредит тўплаб бориши керак бўлади. Бакалавр дастури одатда 4 йиллиги ҳисобга олинса, талаба ушбу даражани қўлга киритиш учун жами 240 кредит, магистратура дастурини тугаллаш учун эса 120 кредит тўплаши талаб этилади.

Кредитлар шунчаки рақамлар эмас. Ҳар бир кредит талаба бажариши керак бўлган маълум миқдордаги ўқиш юкламасини билдиради. ECTS кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25-30 соатлик ўқиш юкламасини англатади. Бу дегани, агар фан 6 кредитли фан бўлса, талаба ушбу фан бўйича белгиланган миқдордаги кредитларни қўлга киритиш учун семестр давомида 150-180 соатлик ўқиш юкламасини бажариши керак бўлади (25*6=150; 30*6=180).

Шундай экан, кредит-модуль тизимини жорий этган ОТМларда талабалар ҳар бир фан учун белгиланган кредитлар миқдорига қараб, ўқиш ҳали бошланмасданоқ ҳар бир фанни ўқиш ва ўрганишга қанча вақт сарфлашлари кераклигини билиб оладилар. Бу ҳам таълимда шаффофликнинг бир кўринишидир. 1 кредит ўқиш юкламаси (25-30 соат оралиғида) айнан неча соат бўлишини одатда ҳар бир ОТМ ўзининг ички қоидаларида белгилайди.

Шуни таъкидлаш керакки, 1 кредит учун белгиланган 25-30 соатлик ўқиш юкламаси бу фанни ўрганиш учун сарфланадиган жами ҳаракатлар жамланмаси бўлиб, унга нафақат дарс вақти, балки талабанинг фанни ўрганиш учун уйда ва кутубхонада сарфлаган вақти, имтиҳонлар вақти, қўйингки талаба ушбу фанни ўзлаштириш учун сарфлаган барча тизимли ҳаракатлари вақтини қамраб олади.

Шунда талабада ушбу умумий ўқиш юкламасининг айнан қанча қисми дарсга, аудитория соатларига тўғри келади деган савол туғилиши мумкин. Kредит-модуль тизими амалиётида аудитория ва мустақил ўқиш соатлари нисбати ўртача 40/60 фоизни ташкил этади. Бу нисбат, бошқача қилиб айтганда, 1/1.5га тўғри келади, яъни талаба муайян фан бўйича белгиланган ҳар бир соат дарс учун дарсдан ташқари бир ярим соат мустақил ўқиши, тайёрланиши керак бўлади.

Бунда ОТМ 1 кредит учун 30 соатлик ўқиш юкламаси белгилаган бўлса, ундан 12 соати (30*40%=12) аудитория соатлари, 18 соати (30*60%=18) эса талабанинг мустақил ўқиш соатларига тўғри келади. Ушбу тақсимот асосида 6 кредитлик фан ўқиш юкламасини аниқлайдиган бўлсак, талаба ушбу фан бўйича белгиланган кредитларни қўлга киритиш учун семестр давомида 72 соат ((30*6)*40%=72)) аудитория дарсларини, 108 соат ((30*6)*60%=108)) уйда ва кутубхонада мустақил ўқиш юкламасини бажариши керак бўлади.

Юқоридаги қоидалардан шуни тушуниш мумкинки, ECTS кредит-модуль тизимида талабанинг билим олиш вақти тушунчаси дарс вақти тушунчаси билан чекланиб қолмасдан, талаба ўқиш учун сарфлаган умумий вақт билан ўлчанади. Унда билимнинг манбайи фақат ўқитувчи ёки аудитория эмаслигига ишора қилинади. Қисқача айтганда, кредит-модуль тизимида ўқиш вақти тушунчасига ўқитувчи нуқтайи назаридан эмас, балки талаба нуқтайи назаридан ёндашилади.

Талабанинг ўқиш юкламасининг бу тарзда тақсимланиши талаба таълим олиш жараёнида масъулиятни маълум даражада ўз eлкасига олиши, фан бўйича дарсда ва дарсдан ташқарида мунтазам равишда ўқиб бориши кераклигини ҳам билдиради.

Эслатиб ўтамиз, 1 соат аудитория вақти учун талаба 1,5 соат уйда ва кутубхонада ўқиши зарур. Лекин бу жараён кўп жиҳатдан ўқитувчининг масъулиятига ҳам боғлиқ. Чунки талабалар ўз вақтларидан самарали фойдаланишлари учун уларга дарсдан ташқарида ўқиш учун қизиқарли материаллар ва топшириқлар бериб бориш ўқитувчининг вазифасидир.

Шунинг учун кредит-модуль тизимига ўтиш ўқитувчиларнинг иш юкламаларини ҳам қайта кўриб чиқишни, уларнинг иш юкламалари улар ўқитадиган фан кредитларидан келиб чиққан ҳолда белгиланишини тақозо этади. Амалдаги тизимда эса ўқитувчилар иш юкламаси фақат аудитория соатларига боғлаб қўйилган. Талабанинг ўқиш юкламаси бу тарзда — аудитория ва мустақил ўқиш соатларига ажратилиши ОТМлар кутубxоналарида шароитларни яxшилаш, сифатли ўқув қўлланмалари кўламини янада кенгайтиришни ҳам тақозо этади.

Буларнинг барчаси ECTS кредит-модуль тизимининг миқдорий тушунчалари ва ишлаш механизми ҳақидаги асосий қоидалар эди. Энди қуйида кредит-модуль тизими бизга нималарни беради, деган саволга аниқ мисоллар билан жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Хўш, таълимнинг кредит-модуль тизими бизга нималарни беради?

1. Ўқиш юкламасининг мувозанатли тақсимоти

Юқорида таъкидлаганимиздек, ECTS кредит-модуль тизимида талаба ҳар бир ўқув йили учун тўплаб бориши керак бўлган кредитлар миқдори олдиндан белгилаб қўйилган. Бу 60 кредитни ташкил қилади. Ҳар бир семестр учун белгиланган кредитлар миқдори эса 30 кредитни ташкил қилади. Бундан ташқари, талаба ҳар бир кредитни қўлга киритиш учун белгиланган ўқиш юкламаси миқдори ҳам аниқ ва бу 25-30 соат оралиғида. Шундай экан, талабаларнинг ҳар ўқув йилидаги ўқиш юкламаси ўртача 1500-1800 соат (60*25 = 1500; 60*30= 1800), ҳар семестрдаги ўқиш юкламаси эса ўртача 750-900 соатни ташкил этади (30*25 = 750; 30*30= 900). Талабанинг бир йиллик ва бир семестрдаги ўқиш юкламаси бу миқдордан кўп ҳам, кам ҳам бўлиши мумкин эмас.

Шундай экан, талабаларнинг бир ўқув йили ёки бир семестр давомидаги ўқиш юкламаси ECTS кредит-модуль тизимида фаолият юритадиган барча университетларда деярли бир хил бўлади. Бу бирхиллик ўқув дастурларига барқарорлик ва мувозанат олиб киради. Эндиликда ОТМлар талабаларга бир семестрда 7та фан, иккинчи семестрда эса 10та фанни ўқишга мажбурлаши қийинлашади. Амалдаги тизимда эса бундай барқарорлик ва мувозанатга кафолат йўқ эди. Шунинг учун талабалар бир семестр давомида баъзида 7та, баъзида 8та, ва яна бошқа семестрда эса 10 фанни ўқишларига тўғри келяпти.

Ҳозирда аксарият маҳаллий университетларда талабалар бир семестр давомида одатда 8-10тагача фанни ўқишига тўғри келмоқда. Аслида 8-10 фанни 4 ой ичида ҳар томонлама ўрганиш — муаммоли масала. Мамлакатимиздаги амалдаги олий таълим стандартлари тўғрисидаги қоидаларда ҳам ОТМлар талабаларга ҳафтасига 36 соатгача аудитория машғулотлари белгилаши мумкинлиги қайд этилган. Бу 5 кунлик ўқув ҳафтасида кунига 7 академик соатни англатади. Бундай ҳолатда аксар талаба фанларни том маънода ўрганиш ўрнига кунини шунчаки дарсдан дарсга, хонадан хонага югуриб ўтказади. Қолаверса, шунча вақтни аудиторияда ўтказган талаба дарсдан ташқаридаги вақтини ўқишга сарфлашига ишониш қийин.

Кредит-модуль тизимида эса кредитларнинг фанлар бўйича ўртача тақсимоти 5, 6 ёки 7.5 ни ташкил этади. Бу дегани талаба бир семестрда кўпи билан 4, 5 ёки жуда борса 6 фан ўрганади (30/7.5=4; 30/6=5; 30/5=6). Бу талабалар семестр давомида ўрганиши зарур бўлган фанларнинг сони амалдагидан кўра анча қисқаришини англатади. Яъни кредит-модуль тизими ОТМ ўқув дастурларига меъёр ва сифат олиб кириши, таълимни ташкил этишда сон кўрсаткичидан сифат кўрсаткичига ўтишига хизмат қилади. Чунки фанлар сони бу тарзда қисқариши талабалар ўз вақт ва имкониятларини шу кам сонли фанларни чуқурроқ ва ҳар томонлама ўрганишларига имконият яратади.

2. Фанларни танлаш имконияти

Ўқишнинг дастлабки йилларида соҳа бўйича умумий билимга эга бўлгандан сўнг талабаларда айрим йўналиш ва фанлар бўйича чуқурроқ билимга эга бўлиш ва келажакда шу йўналишда ишлашга иштиёқ пайдо бўлиши табиий. Талабалар йилдан йилга мутахассис сифатида шаклланиб борар экан, улар учун ўқиш дастуридаги айрим фанларнинг аҳамияти ортиб, айрим фанларнинг аҳамияти камайиб боради.

Ҳозирда университетлар қатъий белгилаб қўйилган ўқув дастурлари асосида иш юритади. Яъни, талабалар ўқишга киргандан бошлаб то битиргунга қадар дастурда белгиланган барча фанларни ўрганишга мажбур. Бу қай даражада тўғри? ОТМда таълим олаётган талабалар қатъий белгиланган стандарт ўқув дастури асосида таълим олиши шартми? Дастурдаги барча фанлар ҳар бир талабанинг қизиқишлари, келажак режаларига тўғри келмаса-чи?

Аслида, ҳар бир талаба ўз қизиқишлари, имкониятлари, келажакда қайси касбни эгаллаши ва бу учун керакли фанларни университет маъмуриятидан кўра яxшироқ билади. Талабани мажбурлаб xонада олиб ўтириш мумкин, лекин унинг фикр ва эътиборини xонада ушлаб ўтириб бўлмайди.

Кредит-модуль тизимига ўтишнинг муҳим жиҳатларидан яна бири бу — ўқув дастурига танлов фанларининг кириб келишидир. Унга кўра, талабалар ўқишнинг дастлабки йилларида соҳага оид асосий, умумкасбий фанларни ўзлаштириб, соҳа бўйича умумий билимни эгаллаб олганларидан сўнг, соҳага оид махсус фанларни ўз қизиқишларидан келиб чиқиб ўзлари танлаш имкониятига эга бўладилар. Бунда ОТМ талабаларга ўқув йили давомида таклиф қилинаётган танлов фанларнинг рўйхатини ва улар ҳақида батафсил маълумот тақдим этади. Талабалар эса ушбу рўйхат ва маълумотлар асосида ўзлари қизиққан фанларни танлайдилар. Бу жараён ҳар бир талаба ўзининг бакалавриат ёки магистратура ўқиш дастурини маълум маънода ўзи шакллантиришига имкон яратади. Яъни, гуруҳда 50 нафар талаба бўлса, уларнинг ҳар бири ўз қизиқишларига кўра ўз ўқиш дастурларига эга бўлишади.

Танлов фанлари сони курсдан курсга кўпайиб бориши зарур бўлади. Чунки талаба курсдан курсга ўтгани сари мутахассис сифатида шаклланиб боради ва унда мустақил қарор қабул қилиш қобилияти ҳам шаклланиб боради. ОТМлар эса аста-секинлик билан талабаларга ўз факультетларидан ташқарида, яъни бошқа факультетлардан ҳам танлов фанлари олишга имконият яратишлари зарур.

Фанларни танлаш амалиёти нафақат талабалар учун ўзлари хоҳлаган йўналиш бўйича чуқурроқ билим олишларига имконият яратади, балки ОТМ ўқув дастуридаги фанлар таркиби табиий равишда сараланиб боришига ҳам хизмат қилади. Чунки талабалар қизиқиш ва эҳтиёжларига жавоб бермайдиган фанлар дастурини тарк этиб боришади, ўрганаётган фанлари рўйхатини давр талаблари ва қизиқишларига мослаштиришади.

Бунда ўқитувчи унинг фани ўзига етарли миқдорда талабаларни жалб қила олиши учун доимий равишда ўз устида ишлаши, фаннинг талабалар учун аҳамиятини сақлаб қолиш учун дарслар сифатини доимий равишда яхшилаб бориши зарур бўлади. Акс ҳолда ушбу фан ўқув дастуридан чиқиб кетиши ва ўқитувчи ўз ишини йўқотиб қўйиши мумкин бўлади. Бу жараён дарслар сифати яхшиланишига ҳам хизмат қилади.

Фанлари танлаш амалиёти ривожланган давлатларда ўзининг фойдасини исботлаган амалиётдир. Улардаги фан тараққиёти, ривожланган иқтисодиёт, мутахассисларнинг салоҳияти хусусан таълимдаги айнан шу жиҳат билан ҳам боғлиқ.

Шуниси аниқки, кредит-модуль тизими тарихи, унинг пайдо бўлиши фанларни танлаш амалиёти билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, кредит-модуль тизимининг юзага келишига танлов фанлари амалиёти сабаб бўлган. Шундай экан, агар ОТМ ўзида кредит-модуль тизимини жорий этса-ю, ўқув дастурларига фанларни танлаш имкониятини олиб кирмаса, ушбу ОТМ том маънода кредит-модуль тизимида фаолият юритяпти, деб бўлмайди.

3. Ўқув дастурларида фанларнинг сараланиши

Тасаввур қилинг, сиз палов пиширмоқчисиз. Бунда сизга асосан гўшт, ёғ, сабзи, пиёз ва гуруч керак бўлади. Сиз бу таомни тайёрлаш учун одатда шолғом ёки картошка ишлатмайсиз. Чунки булар сиз тайёрламоқчи бўлган таомга тўғри келмайди. Агар сиз палов тайёрлашда сабзи ўрнига шолғом қўшиб юборсангиз, таомингиз бошқача чиқиб қолади, бундан эса ўша таомни истеъмол қилувчилар ранжийди. Шу каби, мутахасис тайёрлаш ҳам мутахассисликка оид энг зарурий билим, кўникма ва маҳоратларни бўлажак мутахассисда шакллантиришдан иборат. Агар талабага зарур мутахассислик билим ва кўникмалар қолиб, бошқа нарсалар ўргатилса, натижада унда мутахассисликка оид жиҳатлар тўлиқ шаклланмай қолса, ишга олувчи ташкилот битирувчидан ҳам, уни тайёрлаган таълим муассасасидан ҳам ҳафсаласи пир бўлади.

Ҳозирда олий таълим ўқув дастурларида талабанинг мутахассислигига тўғридан тўғри алоқаси бўлмаган фанлар етарлича. Масалан, аксарият университетларда 1-курсда, айрим ҳолларда юқори курсларда ҳам жисмоний тарбия, диншунослик, этика, эстетика ва шунга ўхшаш бошқа фанлар ўтилади. Бу фанларни одатда талабаларнинг мутахассислигига тўғридан тўғри алоқаси йўқ бўлсада, ОТМ ўқув дастурларида анчагина жой ва вақтни эгаллайди. Қолаверса, талаба жисмоний тарбия фанини ОТМда фақат 1-семестр ёки бир йил ўрганиши – ғалати ҳол. Бир мутаxассис таъкидлаганидек, «гўёки жисмоний саломатлик ва спорт талабага фақат бир семестр ёки бир йил керак бўлади».

Назаримизда, бу каби фанларнинг аксарияти мактабнинг юқори синф дастурларига хос бўлиши керак. Агар талаба ушбу фанлар бўйича мактабда билим ва кўникмага эга бўлган бўлса, уларни университет даражасида яна такрорлашга қандай эҳтиёж бор? Ундан кўра, талаба шу вақтни ўз соҳасини чуқурроқ ўрганишга сарф қилгани яхшимасми? Тўғри, диншунослик, этика ва эстетика каби умумий фанлар ёшларни шаxс сифатида шаклланишида катта роль ўйнаши мумкин, лекин ҳозирда мактаб битирувчиларининг бор йўғи 10-20 фоизигина ОТМга кирмоқда. Бу дегани, агар бу фанлар мактаб юқори синфларида ўргатилмаса, мактаб битирувчиларининг аксарияти бундай билимга эга бўлмайди. Бу каби фанлар ёшларни шаxс сифатида шаклланиши учун муҳим деб ҳисобланса, унда улар мактабнинг юқори синфларида ўргатилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

ОТМ ўқиш дастурларини умумий, мутахассисликка тўғридан тўғри алоқаси бўлмаган, ўзини такрорловчи фанлар билан тўлдирилиши талаба университетдаги қисқа ва энг қимматли вақтидан самарали фойдалана олмаслигига олиб келмоқда. Натижада битирувчилар орасида амалиётга боргандан сўнг бизга бундай нарсаларни университетда ўргатишмаган деган ҳолатлар жуда кўп учрамоқда.

ECTS кредит-модуль тизимида эса ОТМлар ўзининг ҳар бир бакалавр ва магистратура ўқув дастури мақсадларини олдиндан аниқ белгилаб олиши талаб этилади. Яъни, улар муайян мутахассислик бўйича ўқиш дастурини яратишдан аввал ўз олдиларига қуйидаги саволларни қўйишлари талаб этилади:

  • Биз қандай мутахассис тайёрламоқчимиз?
  • Бизнинг битирувчилар айнан қандай билимга эга бўлиши, нималарни тушуниши ва уни тамомлагандан сўнг нималарни қила олиши керак?

Ҳар бир ОТМ бакалавриат ва магистратура дастури турлича бўлгани сабабли, мақсадлари ҳам турлича бўлиши табиий.

Яъни, ОТМлар ўзларининг ҳар бир бакалавр ва магистратура ўқув дастурининг мақсадларини битирувчи дастур давомида қўлга киритиши зарур бўлган билим, кўникма ва маҳоратлар шаклида олдиндан аниқ белгилаб олишлари зарур. Бу кредит-модуль тизими тили билан «Program Learning Outcomes» деб аталади. Ўқув дастури мақсадлари белгилаб олингандан сўнг, эндиликда дастурда фақат шу мақсадларга хизмат қилувчи фанларгина сақлаб қолинади ёки дастурга киритилади, қолган фанлар эса дастурни тарк этиши зарур.

Инчунун, ОТМлар ўз ўқув дастурларини иқтисодиёт, меҳнат бозори ва талабалар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда эркин шакллантириш имкониятига эга бўлишлари учун 2001 йил 16 августда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш киритилиши ва ОТМларга ўқув дастурларини ўзлари эркин шакллантиришга имконият берилиши керак. 19 йил аввал ишлаб чиқарилган стандарт бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги эҳтимоли юқори. Зеро, иқтисодиёт ва меҳнат бозори талаблари ўзгарган сари ОТМлар ҳам ўз ўқув дастурларини мунтазам равишда баҳолаб боришга, зарур бўлса ўзгартиришга имконияти бўлиши керак.

4. Бакалавр ва магистратура дастурларига шаффофлик кириши

Кредит-модуль тизими жорий бўлса ОТМ лар нафақат ҳар бир ўқиш дастурлари мақсадларини олдиндан белгилаб олишлари зарур бўлади, балки бу мақсадларни ўзларининг бўлғуси ва ҳозирдаги талабаларига олдиндан, шаффоф тарзда етказиши керак бўлади. Ҳозирда маҳаллий ОТМларга ҳужжат топшираётган талабалар ўзлари ҳужжат топшираётган бакалавр ёки магистратура дастурларида айнан нималарни ўрганишлари мумкинлиги ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Аксарият ҳолларда абитуриентларга фақат университет, факультет ва дастур номигина маълум. Ҳатто университетда ўқиётган талабалар кейинги семестрда қайси фанларни ўқишларини фақат ўша семестр бошидагина биладилар. Яъни, абитуриентлар ва талабаларга бакалавр ёки магистратура дастурларининг мақсадлари, унда ўрганиладиган фанлар, дастур давомида қандай билим, кўникма ва маҳоратга эга бўлишлари ҳақида етарлича маълумот берилмайди.

Абитуриент ёки талабага бу маълумотлар нима учун олдиндан тақдим этилиши зарур?

Бунга жуда кўп сабабларни келтириш мумкин. Масалан, ҳозирда талабаларга бир пайтнинг ўзида бир неча университетга ҳужжат топшириш имконияти берилмоқда. Шундай экан, улар бир пайтни ўзида бир нечта ОТМга қабул қилиниши мумкин. Бўлғуси талабалар қайси ОТМнинг қайси дастурига ҳужжат топшириш ва уларга қабул қилингандан сўнг танловни амалга ошириши учун ОТМ ва уларнинг дастурлари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишга ҳақлидирлар. Танлов учун ОТМ ёки ундаги дастурларнинг номини билишнинг ўзигина етарли эмас. ОТМлар сони кўпайган сари эндиликда талабалар ундаги дастурларнинг номига қараб эмас, балки сифатига қараб танлай бошлайди. Яъни, абитуриентлар ҳаётларини 4 ёки 2 йилини ва қийналиб топилган пулларини нимага сармоя қилаётганликларини олдиндан билишлари керак. Қолаверса, ҳар бир талаба ОТМга анча миқдорда контракт пули тўлаётган мижоз сифатида муайян ўқиш дастури ҳақида батафсил билишни истайди.

Кредит-модуль тизимига ўтгандан сўнг университетлар ўзларининг ҳар бир бакалавр ва магистратура дастурлари бўйича дастур каталогини, яъни китобчасини ишлаб чиқишига тўғри келади. Унда ҳар бир бакалавр ва магистратура ўқув дастурнинг мақсадлари, қабул қоидалари, ОТМдаги ўқиш шароитлари, академик тақвим, талабалар 4 йиллик ёки 2 йиллик дастур давомида айнан қайси фанларни ўқишлари мумкинлиги, ушбу фанларнинг қисқача тавсифи, қайси фан айнан қайси курсда ўрганилиши, уларни айнан кимлар ўқитиши, ОТМда талабалар учун ётоқхона имкониятлари, талабаларнинг бир ойлик ўртача яшаш харажатлари, ОТМда қўлланадиган баҳолаш усул ва мезонлари ҳақида абитуриент ва талабаларга олдиндан, шаффоф тарзда маълумот берилиши зарур бўлади. Бу маълумотлар ҳар янги ўқув йили бошида китобча тарзида талабаларга тарқатилади ёки университет веб-саҳифасида юклаб олиш мумкин бўлган форматда жойлаштирилади.

5. Ўқув машғулотларини шаффоф тарзда ташкил этиш

Ҳозирда мамлакатимиздаги аксарият ОТМларда талабалар семестр бошида дарслар бошланиши арафасида фақат ўша семестрда ўтиладиган фанларнинг номи, уларни ўқитадиган ўқитувчилар исмлари, дарслар қайси пайт қайси хоналарда ўтиши ҳақида маълумотга эга бўладилар, холос. Талабаларга ушбу фанларнинг мақсадлари, уларни талаба мутахассис бўлиб етишишида тутган ўрни, талаба ушбу фанлар орқали қандай билим, кўникма ва маҳоратларга эга бўлиши кутилаётгани ҳақида маълумот деярли берилмайди. Чунки амалиётда университет фанлари ҳақидаги бундай маълумотлар талабаларга тизимли, яхлит ва шаффоф тарзда тақдим этилмайди.

Кредит-модуль тизимида эса ОТМнинг ҳар бир ўқитувчиси ўзининг ҳар бир фани бўйича 4-5 варақли фан дастурига яъни «силлабус»га эга бўлиши ва уни семестр бошида талабаларга тақдим этиши керак бўлади. Фан дастури ўз ичида ушбу фаннинг мақсадлари, унинг ўқув дастурида тутган ўрни, талабанинг келажакдаги касбий фаолияти учун аҳамияти, талабалар ушбу фанни ўрганиш натижасида нималар қила олиши, ушбу фан бўйича семестр давомида ўрганиладиган мавзулар рўйхати, талабалар фойдаланиши зарур ва мумкин бўлган адабиётлар рўйхати, баҳолаш мезонлари ҳақидаги маълумотларни қамраб олади. Агар фан танланадиган фан бўлса, талаба учун бундай маълумотларнинг аҳамияти янада ортади. Талаба, юқорида айтилганидек, фанни танлаш ёки танламаслик бўйича қарорга келиши учун фаннинг номини ёки уни ўқитадиган ўқитувчининг исмини билишининг ўзигина кифоя қилмайди. Талаба бундай қарорга келиши учун фан бўйича етарли маълумотга эга бўлиши керак.

Фан дастуридан кўзланган мақсад жуда оддий – ОТМларда дарс жараёнларини шаффоф, мақсадли ва режа асосида ташкил этишга эришиш. Бу амалиёт авваламбор ўқитувчини ўзи ўқитмоқчи бўлган фан мақсадлари ва аҳамиятини ўзи тушуниб олишига ундайди. Зеро, афсуски, амалиётда ўзи ўргатаётган фанининг мақсадларини билмайдиган ўқитувчилар ҳам етарлича.

Aгар ўқитувчи ўз фани мақсадларини олдиндан аниқ белгилаб олса, у семестр давомида барча таълим ҳаракатларини мана шу мақсадларга эришишга қаратади. Имтиҳонлар ҳам талабаларнинг шу кўзланган мақсадларга эришган-эришмаганини текширишга қаратилади. Агар фаннинг мақсадлари белгиланмаса ёки у талабанинг мутахассис сифатида шаклланишига ҳизмат қилмаса, ушбу фан ўқув дастурида қолиши тўғри эмас. Лекин ушбу амалиёт ОТМ томонидан ўқитувчилар устидан назоратни ҳаддан ташқари кучайтириб юборишига, ўқитувчиларни шу баҳона жазолашга ва қоғозбозликка ҳам олиб келмаслиги керак.

Хулоса  

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, мамлакатимиз ОТМлари кредит-модуль тизимига ўтиши бу муайян миқдордаги кредитларни йил, семестр ва фанлар бўйича тақсимлаб қўйишнинг ўзидан иборат эмас. Афсуски, ҳозирда айрим ОТМлар кредит-модуль тизимига ўтишни шундай тушунишмоқда.

Агар кредит-модуль тизими тўғри ва тўлиқ жорий этилса, у мамлакатимиз олий таълим тизимига жуда катта ижобий хусусиятларни олиб киришини кутиш мумкин. Жумладан, мамлакатимиз олий таълим тизимига таълимнинг жаҳон тан олган мукаммал ўлчов бирлигининг олиб кирилишига, ОТМлар ўқув дастурларида мувозанат ва меъёр пайдо бўлишига, ОТМларда ўқиш жараёнининг шаффофлашишига, ўқув дастурлари иқтисодиёт, меҳнат бозори ва талабалар эҳтиёжлари асосида шаклланишига, дарсларнинг сифати яхшиланишига ва ниҳоят ҳар бир талаба маълум маънода ўзининг мустақил ўқув дастурига эга бўлишига хизмат қилади.

Агар маҳаллий ОТМлар кредит-модуль тизимига ўтсалар-у, юқоридаги мақсадларга эриша олмасалар ёки эришишга ҳаракат қилмасалар, унда ОТМларимиз кредит-модуль тизимига том маънода ўтган ҳисобланмайди.

Воҳид Ўринов, PhD
Канаданинг Нью-Брансвик Университети ассошейт профессори,
«Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзоси.

Азизжон Умаров, MA
Қўқон университети масъул ходими.

165440cookie-checkОлий таълимда кредит-модуль шакли: янги ўқув йилида талабаларни нималар кутмоқда?
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: