islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ўз жонига қасд қилганга жаннат ҳаром

Бизларга умр неъматини берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Ҳидоят йўлларини ўргатган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин!

Инсон ўзига берилган барча илоҳий неъматларга доимо шукр қилиши, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик ва мусибатларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим.

Минг бор афсуслар бўлсинки шундай тинч, осуда кундан-кунга ривожланиб бораётган, жаннатманонд юртимизда айрим шахслар сабрсизлик қилиб, берилган ҳаёт неъматига шукр қилиш ўрнига, ўз жонига қасд қилаётганлари барчамизга сир эмас.

Улар бу қилаётган ишлари қанчалик гуноҳ эканлигини билганларида, албатта бундай қилмаган бўлардилар. Зеро бу борада муҳаддислар султони юртдошимиз Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ Бухорий” китобида қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Кимки тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, жаҳаннам ўтида ўзини у ёқдан бу ёққа ташлаб, абадул-абад куяди. Кимки заҳар ичиб ўзини ўлдирса, жаҳаннамда ҳам ўша заҳар қўлида бўлиб, ундан ича-ича абадул-абад ўтда куяди. Кимки ўзини бирор тиғ билан ўлдирса, жаҳаннамда ўша тиғ билан унга азоб берилиб, абадул-абад ўтда ёнади”, дедилар”.

Бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки ўзини ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва кимки ўзини жароҳатлаб ўлдирса дўзах аловида ҳам ҳудди шундай аловга қолади”, дедилар. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда:  “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деб марҳамат қилган. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Парвардигорни бандаларига ҳисобсиз берган неъматларининг ичида энг бебаҳоларидан бири умр-ҳаёт неъматидир. Ҳар бир инсон умрини ғанимат билиб, эл-юртга, жамиятга манфаати етадиган амаллар билан безаши, ота-оналарини хизматларини қилиб, уларни дуоларини олиши, фарзанду набираларига таълим-тарбия бериб, келажакда комил инсон қилиб етказиши лозим. Ҳаётида юз берган баъзи машаққатларни енгиб ўтишда сабр қаноатли бўлиши керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 153 оятида:

« Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир.»[1], деб марҳамат қилган.

Қуръони каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки Аллоҳнинг амрига итоат қилишда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак. Ўтган уламоларимиздан бирлари сабрни умумий тарзда учга бўлганлар:

Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.

Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.

Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.

Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта микдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга куч, қувватга қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.

Шу боис Аллоҳ таоло қийинчилик ва машаққатлар остонасида турган Ислом умматини сабрга ва намозга чақирмоқда. Ва ортидан:

“Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир”, деб таъкидламоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида:

“Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса, шукр қилади, яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади, яхши бўлади”, деганлар.

Бўлар бўлмас ишларга диққат бўлавериш, ўтган кундаги битмаган

юмишларию хатоларига, эриша олмаган мақсадларига афсус чекавериш

инсон ҳаётини оғирлаштиради, кунини зулмат, тунини ғурбатга айлантиради.

Бошимизга келган мусибатни жонимизга қасд қилиш орқали енгиб ўтишга ҳаракат қилиш ожизлик, хорлик, мусулмон киши учун шармандалик ҳолат ҳисобланади. Унинг ўрнига, Аллоҳдан нажот беришини сўраб, сабру-қаноат билан қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга ҳаракат қилиш  мўминлик сифатларидандир.

Усмонали ОРАЛОВ

Жиззах вилояти Ш. Рашидов тумани

“Яккақайрағоч” жоме масжиди имом-хатиби,

ТИИ махсус сиртқи бўлим 1 курс талабаси

[1] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009.

16920cookie-checkЎз жонига қасд қилганга жаннат ҳаром
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!