islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-10

Ҳанафийлар ҳадлар мавзусида оҳод хабар билан ҳужжатланиш ўринларини бешга бўлганлар:
5. У Аллоҳ таолонинг ҳақларидан ҳисобланган жазо бўлган амалдир . Бу қисм бўйича ҳанафий уламолар орасида ихтилоф бор. Улар бу борада икки хил йўл тутишган:
Биринчи йўл: Имом Абу Юсуф ва Жассос роҳматуллоҳи алайҳлар оҳод хабарни ҳадни вожиб қиладиган ҳамда шубҳа билан соқит бўладиган ҳар қандай ишларда қабул қилинишига иттифоқ қилганлар .
Иккинчи йўл: Ҳадни вожиб қиладиган ишларда оҳод хабар қабул қилинмаслиги. Аксар ҳанафийлар шуни ихтиёр қилганлар. Кархий, Сарахсий, Баздавий, Содруш шариъа роҳматуллоҳи алайҳлар ҳам шулар жумласидандир. Зеро бу маъно уларнинг гапларининг зоҳиридан кўриниб туради .
Биринчи жамоанинг далили шуки, ҳадлар шариатдаги амалий ишдир. Демак, амалий ишлар бошқа шаръий амаллар каби, оҳод хабар билан ҳам исбот қилиниши мумкин. Агар, оҳод хабарда шубҳа бор-ку, дейилса, бунга жавобан айтамизки, бу шубҳа оҳод хабарнинг ушбу мавзу бўйича қабул қилинишига монеълик қилолмайди. Чунки, келтириладиган гувоҳликларда ҳам шубҳа мавжуд бўлишига қарамасдан уларни қабул қилишга монеълик йўқ. Бу ҳам ҳудди шундай (яъни, ҳақиқатдан зино қилганига тўртта гувоҳ ёки бошқа иш қилганига иккита гувоҳ келтирилади. Ҳаммасида, гувоҳ ёлғончи бўлиши мумкин, деган шубҳа турса ҳам гувоҳлик қабул қилинаверади).
Уларнинг энг кучли далиллари шуки, қасос оҳод хабар билан собит бўлади. Шундан келиб чиқадики, оҳод хабар билан ҳадлар ҳам собит бўлади. Чунки, қасос билан ҳад ўртасида иккисидан ҳар бири шубҳа билан соқит бўлиш эътиборидан фарқ йўқ.
Иккинчи жамоанинг далили, ҳадлар шубҳалар ила соқит қилинишига насс билан далил қилинган. Оҳод хабарга келсак, унда шубҳа борлиги аниқ. Демак, ҳадларни оҳод хабар билан исбот қилиш жоиз эмас. Бу ҳолатни ҳудди қиёс билан исбот қилиш жоиз бўлмаганига ўхшатилади. Аммо ҳадларни баййиналар билан исбот қилишга келсак, уни қиёс бўйича тўғри келмаса-да, лекин илмни ифода этувчи қатъий далил ила рухсат берилган, дейилади. Масалан ушбу оятда: فَٱسۡتَشۡهِدُواْ عَلَيۡهِنَّ أَرۡبَعَة مِّنكُمۡ – “… ўзларингиздан тўртта гувоҳ келтиринг” , дейилган.
Иккинчидан эса баййиналар билан ҳадларни исбот қилишга ижмо ҳам боғланган. Демак, баййиналар билан ҳукм собит бўлиши насс ва ижмога таянган бўлиб, жоиз бўлади .
Ихтилофнинг сабаби: Оҳод хабар унга ёлғон шубҳаси аралашган хабар жумласидандир. Кимки ҳадлар борасида оҳод хабарни қабул қилмаса, унда ҳадларга монеълик қиладиган шубҳа борлигини эътиборга олган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бор: قال رسول اللَّه صلّى اللَّه عليه وسلّم :ادرؤوا الحدود بالشبهات – “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳадларни шубҳалар сабабли тарк этинглар!”, дедилар” .
Аммо оҳод хабарларни ҳадларда қабул қилган инсонлар эса оҳод хабарларни гувоҳликдаги ва далолатун нассда мавжуд бўлган шубҳага ўхшатишган. Чунки, бу бобда мавжуд шубҳа билан ҳам ҳукм собит бўлаверади.
Устун йўл. Бу ожиз банданинг наздидида рожиҳ гап биринчи жамоанинг гапидир. Омидий айтган: “Ҳадни вожиб қилувчи ишларда оҳод хабарнинг қабул қилиниш далили шуки, у ғолибуззон бўла олади. Оҳод хабарнинг қабул қилиниши кераклигига далил қуйидаги ҳадисдир: قال رسول اللَّه صلّى اللَّه عليه وسلّم: نحن نحكم بالظاهر واللهُ يتولى السرائر – “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз зоҳир билан ҳукм қиламиз, Аллоҳ таоло эса қалбларга эгалик қилади“, дедилар” .
Қабул қилинишига иккинчи далил, чунки ҳад бир ҳукмдир. Уни зонн ила исбот қилиш бор. Сабаби, бу шаҳодат билан ва Қуръоннинг зоҳири билан исбот қилиняпти. Демак, ҳадни бошқа зонний аҳкомлар каби оҳод хабар билан исбот қилса бўлаверади. Масала зоннийдир. Демак, зонн бу масалада кифоя қилади. Оҳод хабар шубҳа билан соқит бўлади, деган гап мавжуд бўлса, бу соқит бўлиш бошқа бир қанча амалларга ҳам монеълик қилиши керак бўларди. Аслида эса бундай эмас. Агар кимки шундай дейдиган бўлса, изоҳлаб берсин .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

173100cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-10

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: