islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-24

ИККИНЧИ БЎЛИМ

Фосиқнинг хабари

Фосиқнинг таърифи: У мусулмон шахсдир. Ундан кабира гуноҳ содир бўлган ёки сағирага бардавомлик кузатилган . Ровийнинг ҳадисини қабул қилишда унинг адолатли бўлиши шарт қилинади.

Адолатнинг қисмлари. Адолат икки турлидир:

1. Зоҳирий адолат: У ровийнинг зоҳиридан мусулмонлиги билан собит бўлади.

2. Ботиний адолат. У шариатда қайтарилган ишлардан сақланишлик билан собит бўлади.

Ботиний адолат ровийнинг ҳадисини қабул қилишда эътиборга олинган адолатдир . Шунинг учун фосиқнинг хабари мутлақ ҳужжат саналмайди. Чунки хабар унда ростгўйлик тарафи ёлғон тарафига устун келадиган бўлса, ҳужжат, деб эътиборга олинади. Фосиқлик билан эса ёлғонлик тарафи ростлик тарафига устун келиб қолади. Сабаби, ақл ва дину-диёнат уни динда тақиқланган ишларни бажаришдан қайтармагач, ёлғондан ҳам тўса олмайди. Шундай экан, унинг хабари ҳужжат бўлмайди .

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ фосиқ борасида айтади: “Агар ҳалол ёки ҳаромликнинг хабарини берса, эшитувчи одам ўша берилган хабар борасида ўз раъйини ҳоким қилади. Чунки бу алоҳида бир иш. Уни адолатли кишилар тарафидан қабул қилиб олиш, улардан сўраш керак, дейиш тўғри бўлмайди. Демак, фосиқнинг хабарини текшириб, ўрганиш вожиб. Аммо ҳадисни ривоят қилганда унинг ривоятига юриш зарур эмас. Чунки адолатли кишиларда (бундай хабарлар) кўп. Шу адолатли шахслар борлиги сабабли беҳожатлик мавжуд ”.

Ёлғончиликдан тавба қилувчининг ҳукми. Муҳаддислар, усул уламолари ва фақиҳлар бу масалада иккига бўлинганлар:

А) Фосиқнинг тавбаси собит бўлганидан кейин унинг ривояти шартлар асосида қабул қилинади.

Имом Наваий раҳматуллоҳи алайҳ фосиқнинг ривоятини қабул қилмайдиган шахсларга раддия бериб айтади: “Бу иш (яъни, у тавба қилганидан кейин ҳам ривояти қабул қилинмайди, дейиш) шаръий қоидаларга хилофдир”. Мухтор гап – бу масалада унинг тавбаси саҳиҳлигини аниқлашдир. Ва шу тавбасидан кейин ривоятларни қабул қилиш муайян шартлар асосида бўлишидир. Улар қуйидагилар: 1) Фосиқни маъсиятни тарк этиши; 2) Гуноҳни қилиб қўйганига надомат қилиши; 3) Унга қайтмасликка азму-қарор қилиши;

Бу гап шариат қоидалари асосида жорий бўлгандир. Уламолар аввал кофир бўлиб кейин мусулмон бўлган шахсни ҳадис ривоят қилишини дурустлигига ижмо қилганлар. Аксар саҳобалар шу сифатда бўлганлар. Уламолар уларнинг шаҳодатини қабул қилишга ижмо қилган. Бу борада шаҳодат билан ривоятнинг ўртасида фарқ йўқ. Валлоҳу аълам” .

Хатиб Боғдодий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар бир киши бу борада хато қилиб қўйдим. Лекин буни қасд қилмагандим деса, албатта, унинг шу гапи қабул қилинади. Тавба қилганидан кейин ривоят қилиши жоиз бўлади” .

Шу фикрни ҳанафийлардан Ибн Ҳумом, Ибн Нужайм ва Лакнавий раҳимаҳуллоҳлар қабул қилганлар .

Б) Фосиқнинг қилган ривояти зажр сифатида ҳеч ҳам қабул қилинмайди.

Сойрофий айтади: “Биз унда сезган ёлғон сабабли ривоятини соқит қилганимиз ҳар бир аҳли нақл ошкор тавба қилса ҳам унинг хабари қайта қабул қилинмайди. Қайси бир шахснинг хабарини заиф деб ҳисоблаган бўлсак, унинг хабари қавий бўлиб қолмайди”.

Самъоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир хабарда ёлғон гапирган одамнинг олдинги айтган ҳадисларини ҳам соқит қилишимиз вожиб бўлади” .

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан бир ҳадисда ёлғон гапиргану, кейин тавба қилиб қайтган муҳаддис ҳақида сўрашди. У киши: “Унинг тавбаси ўзи ва Аллоҳ ўртасида. Лекин ҳадиси ҳеч ҳам ёзилмайди”, деб жавоб берган.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ айтди: “Каззобнинг ёлғони рад этилмоғи унга берилган жазолардандир” .

Мазҳаблар орасини солиштириш:

Одамларнинг (муомаладаги) гаплари борасида ёлғон гапириб кейин тавба қилган шахснинг ривоятини қабул қилиш бўйича ҳанафийлар ва муҳаддислар бир ҳил қарашдадир. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ёлғон тўқиса ёки эшитганини даъво қилиб ёлғон гапирса-ю кейин тавба қилса, жумҳур муҳаддислар унинг ривояти ҳеч ҳам қабул қилинмайди, дейдилар. Ҳанафийлар ва муҳаддисларнинг бир тоифаси эса унинг тавбаси саҳиҳ бўлганидан сўнг ривояти қабул қилинади, дейишади.

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёс ов

177290cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-24

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: