Кабобхонада хизматчи янги пишган кабобларни олиб келаркан, ёнимда ўтирган йигит пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Эътибор бермасликка ҳаракат қилдим. Коронаўлим мавсуми. Ҳар куни кимнингдир яқини вафот этяпти.
Йигит бирдан ҳўнграб юборди. Аста олдига ўтиб уни юпатишга уриндим:
— Бандалик экан, Аллоҳ сабр берсин! Яқинингизни йўқотдингизми?
Йигит йиғи аралаш:
— Йўқотганимга тўрт йил бўлди, ака… Ҳеч бу ерга келмас эдим. Бугун қорним очиб киргандим, — деди.
Йигитга мен ҳам 3 йил бурун онамни йўқотганимни, қандай қийин кунлар бўлганини гапириб, бироз овутишга ҳаракат қилдим. Лекин унинг азоби меникидан улуғроқ эди:
“Ака, беш йил аввал онам оғир дардга чалиндилар. У пайтлар менинг қўлим жуда калта эди. Бор-будимни сотиб бўлсада, онамни қаратдим. Қарзга кирдим. Танишлардан яна сўрашга уялар, ўзим топганим онамни даволашга кетарди. Онам тобора оғирлашиб борар, мен эса баттар эзилардим.
Онам овқат еёлмай қолдилар. Амаллаб, суюқлик ичкизиб турдик. Бир ҳафталар ҳеч нарса емаган онам бир кун ўзларини жуда яхши ҳис қилдиларда, сизлаб: “Ўғлим, Арабнинг шашлигидан егим келяпти. Обкебермайсизми?” деб қолдилар.
Хурсанд бўлиб, кўчага отилдим. Аммо… чўнтагимда 1 сўм ҳам йўқ эди. Югурганча яқин дўстимнинг уйига бордим. Дарвозаси ёнида “Тез ёрдам” машинаси турган экан. Индамайгина ўтиб кетдим. Хаёлимда пул олиш мумкин бўлган танишларим бир-бир ўтди. Кўпидан қарзим бор, ҳамманинг муаммоси етарли.
Бошим ғовлаб оғрир, чорасизликдан аламим ичимда эди. “Ўғлимга нега янги пойафзал олиб бердим. Эскисини ямаб кийса бўларди-ку. Хотинимнинг никоҳ узугини нега сотмадим? Уйнинг ярмини сотса бўларди-ку?”
Ўзим ўзимни қаттиқ сўроқ қилардим. Кўзимга онамнинг табассуми-ю, “Араб шашлик” деганларидан бошқа ҳеч нарса кўринмас, оёғим юриб кетар, бошимни чангаллаганимча, қаёққа кетаётганимни ҳам билмас эдим.
Шу пайтгача йигит бўлиб, ҳеч йиғламагандим. Шу маҳал негадир, хўрлигим келиб йиғладим. Кўзимни очиб қарасам, кабобхонага яқинлашиб қолибман. Шунда бир бегона йигит келди-да, “юринг, биродар” деди. Нима бўлганини ҳам сўрамади. Иккита нонга 4 та кабоб бостирди-да, қўлимга тутқизди.
Хурсанд бўлганимдан кабобни олибману, уйга қараб юугурибман. Йигитга раҳмат айтишни ҳам унутибман.
Онам ҳам хурсанд бўлдилар. Қирқма кабобнинг биттасидан уч бўлакни иштаҳа билан едилар. “Раҳмат ўғлим, энди озгина ухлаб оламан” дедилар. Бир ҳафта ухламаганмиз, хурсанд бўлиб биз ҳам ухлаб қолибмиз. Тушимга кундуз куни бўлган воқеалар кириб чиқди. Югураман, югураман, тезроқ онамга етказсам деган жойимда уйғониб кетдим. Қарасам онам ғарағара ҳолатидалар. Жон бердилар…
…Анча пайтдан кейин бу ерга келиб, ўша кун ёдимга тушди. Қарзларимдан қутулдим. Бугун ҳамма нарсам бор, ака, лекин онам йўқ…”
Йигитнинг ҳикояси шу ерда тугади.
Дўстим, онангиз тириклиги сиз учун катта имконият. Уни қўлдан бой берманг! Ўзимиз тансиқ-тансиқ таомлар еймиз. Казо-казолар билан чойхона, ресторанларда ўтирамиз. Онамиз-чи? Ундан нима емоқчисиз, қаерга оборай, деб қачон сўрадик? Бугуноқ сўранг. Эртага кеч бўлмасин!
Даврон Тожалиев, журналист