islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қаровийин кутубхонасида акс этган тарих

Мусулмон олами қоғоз ишлаб чиқариш ҳамда китоб нашр қилиш санъатини VIII асрданоқ ўзлаштирган. Ҳиндистон ва Европа мамлакатларига ҳам қоғозни мусулмонлар танитган. Дастлабки оммавий кутубхоналар ҳам илм-маърифат ўчоғи Бағдод, Қоҳира ва Қуртубада пайдо бўлган.

Мусулмон ўлкаларида халқ кутубхоналари “Байт ул-ҳикма”, “Хизанат ул-ҳикма”, “Дор ул-ҳикма”, “Дор ул-илм”, “Дор ул-кутуб”, “Хизанат ул-кутуб”, “Кутуфон” каби номлар билан аталган. Кутубхоналар асосан масжид, мадрасалар ва подшоҳ саройларидан ўрин олган.

XIV асрда яшаган машҳур сайёҳ Ибн Баттутанинг хабар беришича, Дамашқ китоб дўконлари уммавийлар масжидининг ёнида жойлашган. Китоб расталарида илм аҳли учун зарур бўлган барча нарсалар: юпқа қоғоздан тортиб, елим, бўёққача ҳаммаси тахт бўлган.

Қаровийин – дунёнинг энг қадимги кутубхоналаридан бири.

Қаровийин кутубхонаси милодий 859 йили Марокашнинг Фас шаҳрида савдогарнинг қизи Фотима ал-Фиҳри томонидан асос солинган. Унинг асосчиси Фотима яхши тарбия кўрган, зиёли, тақводор аёл бўлиб, отасидан қолган бой меросни илм-фан ва диннинг ривожланишига сарфлашга қарор қилади. У таълим маркази ҳамда кутубхона ташкил этади. Маълумотларга кўра, у Африкадаги энг қадимги кутубхона ҳисобланади.

Кутубхонадан VII асрда ёзилган исломшунослик, грамматика ва астрономияга оид асарлар, Ибн Халдуннинг “Муқаддимаси”, куфий хатида ёзилган IX асрга оид Қуръон, моликий мазҳабидаги фақиҳ ва файласуф Ибн Рушд (1198)нинг китоблари топилган.

Фотима ал-Фиҳрининг вафотидан сўнг муассасанинг фаолияти кенгайди. У Африкадаги энг катта масжидга айланди. Унинг сиғими 22 000 кишидан иборат. Масжид қурилганида ички дарвоза ва 4 та кўндаланг даҳлизни ўз ичига олган 30 метрли ҳудуд бўлган.

956 йили мажмуа кенгайтирилиб, тўртбурчак шаклига келтирилди. 1135 йилда ёнма-ён қурилган биноларининг сони 22 тага етди. Ҳозирда Қаровийин 3 000 м2 ни ташкил қилади.

Гиннес рекордлар китоби ушбу университетни энг қадимги ҳамда ҳозирги кунда ҳам фаолияти давом этаётган халқаро университетлар қаторига қўшган.

Ўрта асрларда Қаровийин мусулмонлар ва Европа халқлари ўртасида илм алмашишда алоҳида рол ўйнаган. Бино бир қанча муддат қаровсиз қолиб, қайта таъмирга эҳтиёжи бўлсада, атрофдагиларга илм зиёсини тарқатишдан тўхтамади. Олимлар қўлёзмалардан фойдаланишида ҳеч қандай чекловлар кузатилмаган.

Марокаш ҳукумати кутубхонани таъмирлаш ва олдинги қиёфасини шакллантириш учун марокашлик архитектор Азиза Чаунига ишониб топширдилар. Тўрт йил давом этган таъмирлаш ишлари натижасида 2016 йилнинг май ойида кутубхона эшиклари кенг омма учун очилди.

Ҳозирги кунда кутубхонанинг қадимий қўлёзмаларидан ҳамма фойдаланиши учун китобларни шифрлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда китобларнинг 20 % қисми электрон шаклга ўтказилган.

Таъкидлаш керакки, Қаровийин университети ўз даврининг таниқли мусулмон мутафаккирлари бўлган машҳур битирувчилари Абул Аббос ва ҳуқуқшунос Муҳаммад ал-Фаси билан танилган. Муассаса билан боғлиқ бошқа машҳур номлар қаторига буюк сўфий ва ислом ҳуқуқшуноси Ибн ал-Арабий, тарихчи ва сотсиология асосчиси Ибн Халдун, таниқли географ Муҳаммад ал-Идриси ва астроном Нуриддин ал-Битружи (Алпетрагия) киради. Христиан ва яҳудий талабалар ҳам у ерда таълим олиши мумкин бўлган. Машҳур насроний ёзувчиси ва сайёҳи Лео Африкаус, яҳудий раввинлари ва файласуфлари Маймонид ва Папа Силвестр II ҳам Қаровийин битирувчилари ҳисобланади.

4-курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар

181370cookie-checkҚаровийин кутубхонасида акс этган тарих

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: