islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-33

Фақиҳлар наздида саҳиҳнинг шартлари

Бешинчи шарт: Фақиҳлар назарида иллатдан саломат бўлмоқлиги

Бу шарт фақиҳлар наздида ҳам эътиборли. Иллат истилоҳини улар кенг маънода истеъмол қилиб, кўпгина ҳадисларни маълул бўлгани учун рад этишган. Лекин фақиҳлар наздидаги иллат тушунчаси муҳаддисларнинг шу термин борасидаги тушунчасидан ўзгача. Чунки фақиҳлар эътиборида ҳадиснинг маъноси, мақбул бўлганлиги, амал қилинганлиги, ўзаро зид келиши, бир-бирига тескари келиши иллат топилишида асос бўлади. Муҳаддислар наздида бундай эмас. Демак, фақиҳлар камдан-кам ҳоллардагина мазкур иллат маъносида муҳаддислар билан бир фикрдалар. Лекин кўпгина иллатларда муҳаддисларнинг фикрларидан бошқача, ўзларида алоҳида қоида бор. Буларнинг асослари “Усули фиқҳ” қоидаларига бино қилинган.

Ҳанафийлар наздидаги мана шу ҳақиқатларни билиб олмаслик улар борасида ёмон гумон қилинишига олиб келади. Ҳорисий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳақиқат шуки, муҳаддислар Имом Абу Ҳанифага нисбатан кўпгина ҳадисларни рад этган, деб айблашади. Шу ҳолат ҳам ҳанафийлар наздидаги иллат маъносини яхши англамасликдандир. Ҳолбуки, муҳаддисларнинг ўзлари ҳам бир неча ҳадисларни унинг матни ва санадида иллат бор, деб қабул қилишмаган. Молик, Аҳмад, Саврий, Авзоий, Шофеъий каби имомлар ҳам шундай қилганлар. Сабаби, гарчи моҳияти борасида ихтилоф қилган бўлсалар-да, қоидалар ўрнатишда иттифоқ қилганлар. Шу қоидаларга мухолиф бирор ҳадис келиб қолса, у ҳадисни маълул сифатлаб, қабул қилишга узрларини пеш қиладилар. Ундаги иллатларни баён қилиб чиқадилар. Улар бир ҳадисда нафақат иллатларни айтиш билан чекланадилар, балки ўзлари олган ҳадисни қувватлайдилар ёки шу иллатли бўлган ҳадисни муқобилида ўзлари амал қилаётган қиёсни кучга эга дейдилар”.

Жассос раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Оҳод хабарни исбот қилиш ва унинг маъносига амал қилишнинг йўли ижтиҳоддир. Шундай экан, иллат сабабли уни рад қилиш ҳам мумкин. Демак, айни бир қавмнинг иллатларни қабул қилиш йўли ижтиҳод ва ғолиби зонн бўлса, ровийлар тўғрисида яхши гумон қилган ҳолда ўша иллатларни қабул қилмаслик ҳам мумкин” .

Қози Абу Яъло айтади: “Муҳаддислар ҳадисни фақиҳлар наздида заифга чиқаришга сабаб бўлмаган иллат заифга чиқарадилар. Масалан, мурсаллик, мудалласлик, ҳадисга жамоат ривоят қилмаган зиёдаликни фақат ўзи киритиб ривоят қилиши” .

Ҳоким Абу Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: “Муҳаддислар ва фақиҳлар ихтилоф қилган саҳиҳдан учинчи қисм”, деб, унга мисоллар ҳам келтириб, ортидан мана бундай деди: “Бу хабарлар фақиҳлар мазҳабига кўра саҳиҳдир. Чунки тўхтам гап иснод матнига зиёдалик киритган сиқа ровийнинг гапидир. Ҳадис имомлари наздида зиёдалик борасидаги қавл битта шахсда ваҳм бўлиши мумкин, деб ёлғиз ровийнинг гапини олмаган жумҳурнинг гапидир” .

Мисол:

عن عَبْدِ اللهِ بْنِ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ أَبِي مُلَيْكَةَ قَالَ: تُوُفِّيَتِ ابْنَةٌ لِعُثْمَانَ رضي الله عنه بِمَكَّةَ وَجِئْنَا لِنَشْهَدَهَا، وَحَضَرَهَا ابْنُ عُمَرَ وَابْنُ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما وَإِنِّي لَجَالِسٌ بَيْنَهُمَا – أَوْ قَالَ: جَلَسْتُ إِلَى أَحَدِهِمَا. ثُمَّ جَاءَ الْآخَرُ، فَجَلَسَ إِلَى جَنْبِي – فَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ عَمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا لِعَمْرِو بْنِ عُثْمَانَ: أَلَا تَنْهَى عَنِ الْبُكَاءِ، فَإِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنَّ الْمَيِّتَ لَيُعَذَّبُ بِبُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ»

“Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: Усмон розияллоҳу анҳунинг қизи Маккада вафот этди. Ровий айтди: Биз жанозага қатнашиш мақсадида келдик. Унга Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳулар ҳам ҳозир бўлдилар. Ровий айтди: Мен иккаласининг ўртасига ўтириб олгандим. [Ёки “Мен иккаласидан бирининг ёнига ўтиргандим сўнгра бошқаси келиб менинг ёнимга ўтирди”, деган.] Абдуллоҳ ибн Умар Амр ибн Усмонга айтди: Йиғлашдан қайтармайсанми. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Албатта, маййит аҳли унга йиғлаши сабабидан азобланади” .

Татбиқ: Фақиҳлар бу ҳадисни иллатли, деб олганлар. Чунки бунинг зоҳири Аллоҳ таолонинг وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَىٰ “Ҳеч бир жон бошқанинг оғирлигини кўтармас” оятига хилоф бўлмоқда. Шунингдек, собит бўлган суннат ҳам бу ҳадисга зид. Мана шунинг ўзи юқоридаги ҳадиснинг маъноси рад этилишининг иллатидир. Зеро тавотур тариқасида собит бўлган суннат Китобнинг насси каби илмни ифода этади.

Умумий олганда, бешта шартлардан иккитаси ровийга тегишли. Улар: биринчиси, адолат; Иккинчиси, зобт; Ундан учтаси ривоят қилинган матнга тегишли. Улар: биринчиси, санаднинг муттасиллиги; Иккинчиси, шозз бўлмаслиги; Учинчиси, иллат бўлмаслигидир;

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёс ов

181350cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-33

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: