Олимлар айтганидек, уч кун илм ўрганмаган одамнинг қалби қотади, ақли ўтмаслашади. Шундай экан, қалб учун илм манбаи бўлмиш китобнинг ўрни ерга осмондан ёққан фойдали ёмғир мисолидир.
Замон ривожланаркан, кўзимизга электрон манбалар сони ортиб, виртуал мутолаа биринчи ўринга чиққандек кўринмоқда. Шундай бўлса-да, мутахассисларнинг таъкидлашича, қоғоз шаклидаги китобни ўқишдан ҳосил бўлган завқ ҳамда билим электрон адабиётларникидан кўра устунроқ экан. Қай шаклда бўлмасин, барибир инсонни ўқишга тарғиб этиш ҳеч қачон тўхтамайди.
Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси талабалар турар жойи 1-курс талабалари билан ўтказилган давра суҳбатида ҳам китоб ўқиш ҳақида сўз юритилди. Таҳфизул Куръон кафедраси мудири Ж.Неъматов, кафедра устозлари Ж.Рўзиев, Э.Аҳмадқулов ва А.Мирзамиддинов иштирок этган тадбирда институт ректори У.Ғафуров, китобларда илм-фан ва ҳаёт ҳақида маълумотларни ўқиш орқали талабаларнинг нутқи равонлашади, ўз фикрини тиниқ баён этиш кўникмаси шаклланишини таъкидлади. Айниқса, ҳозирги пайтда кераксиз ахборотларни фильтрлашни ўрганади, ўқишни битиргач, имом-хатиб бўлиб ишлаётганда гапни жамоатга тўғри уқтириши осон кечади, сўз бойлиги ошади.
Шу боис ҳам Аллоҳ таоло Ўз китобида
“هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ”
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”, дея илм олиш, китоб ўқиш нақадар катта ҳаётий аҳамиятга эга эканлигига ишора қилади (Зумар сураси, 9-оят).
Қуръони карим илк ояти билан инсонга “Ўқи!” деб хитоб қилган. Илм олиш билан бир қаторда бошқаларга, китоб ўқиши учун имкон яратиб бериш ҳам, ўша буйруқни бажаришнинг амали ифодасидир. Шундай экан, тадбир якунида институт ректори У.Ғафуров, марҳум волидаи муҳтарамаси маблағлари ҳисобидан садақаи жория сифатида талабаларга Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Енгил амаллар”, “Муножоти мақбул: нурли дуолар ва вирдлар”, “Ал-Муқаддиматул Жазариййа” асарининг шарҳи бўлмиш “Тартил асослари” китобларини ҳадя қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, инсон дунёдан ўтганида, унинг барча амаллари тўхтаса ҳам, вафотидан кейин ҳаргиз тўхтамайдиган – садақаи жория каби амалларидан марҳумга савоб доимо етиб туради.
Шу ўринда турли мавзуда китоб ўқиш ва унинг 15 фойдаси тўғрисида маълумот бериб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади:
- Асабийликка барҳам беради
Асабийлашсангиз кўчада сайр қиласизми? Бунинг ўрнига китоб ўқиб кўринг. Тадқиқотларга қараганда, 10 дақиқалик мутолаа асабийликни икки баравар камайтираркан.
- Уйқусизлик қийнамайди
Китоб ўқиш тинчланиш ва уйқуга ҳозирлик кўришнинг энг яхши усули. Телефон ёки телевизорнинг ёрқин нури миямизга уйғониш учун сигнал беради. Тунги чироқ остида китоб ўқиш эса мияни дам олишга тайёрлайди.
- Кўнглингиз юмшайди
Мутолаа давомида асар қаҳрамонлари кечинмалари билан яшаркансиз, унинг дардига шерик бўласиз. Оқибатда реал ҳаётда ҳам инсонларни яхшироқ тушуна бошлайсиз.
- Мияни чархлайди
Буни-ку энди ёшликдан биласиз. Энг замонавий компьютер диагностикаси ускуналари ҳам китоб ўқигач, бир неча кун мобайнида инсон миясидан нерв толалари сони физиологик даражада кўпайишини тасдиқлади.
- Курашишга ўргатади
Психологияга оид китобларни ўқиш тушукунликдан чиқишга, мақсадлар сари курашишга ёрдам беради.
- Чиройингизни очади
Юқори ақлий салоҳият атрофдагиларнинг эътиборини тортмай қолмайди. Ҳар қандай мавзуда суҳбатлаша олишингиз сизни бошқалардан кўра мафтункор кўрсатади.
- Мақсадларингизни белгилашга кўмак беради
Қаҳрамонларнинг эришган ютуқлари сизни илҳомлантириши аниқ.
- Ижтимоий фаол бўласиз
Китоб ўқиганлар маданий ва маърифий тадбирларда фаолроқ иштирок этишини статистик маълумотлар тасдиқлайди.
- Хатосиз ёза бошлайсиз
Китоб ўқиганларнинг ёзишмалари хатосизлиги билан кўзни яйратиши сир эмас.
- Хорижий тилларни ўрганишга ёрдам беради
Мунтазам мутолаа янги материалларни тушуниш ва эслаб қолишга ёрдам беради, айниқса, чет тилларини ўрганишда бу қўл келади.
- Ижодий салоҳиятингиз ўсади
- Фарзандларингиз билан муносабатларингни яхшилайди
Ота-оналар фарзандларига китоб ўқиб бераркан, уларнинг ўртасида шундай мустаҳкам ришталар пайдо бўладики, буни биргаликда телевизор кўриш ёки бошқа кўнгилочар тадбирларни томоша қилиш билан солиштириб бўлмайди, дейди руҳшунослар.
- Бой бўласиз
Китоб ўқиганлар ичида бойларнинг улуши ўқимайдиганларга нисбатан бир неча карра кўп.
- Жиноятнинг олдини олади
Китоб ўқиганлар ичида жиноятчилар кам. Қамоқхоналарда мутолаани бошлаган жиноятчилар эса қайта қинғир йўлга қадам ташламасликлари ҳам ўрганилган.
- Нутқингиз ривожланади
ТИИ матбуот хизмати