Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Тошкент ислом институтининг 1 ва 2-курс талаба қизлари ҳамда куратор З.Суярова Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” мажмуасига ташриф буюрдилар.
Экскурсия давомида талаба қизлар Сузук ота ҳаёти, фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У зот Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. 1140 йилда Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида таваллуд топган Мустафоқул бобосининг хизматига борганида Аҳмад Яссавий уни эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Юзлаб ҳунарманд уста-шогирдларни ҳалол меҳнатга ўргатган Сузук ота 1217 йилда вафот этган. Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
Ушбу ноёб тарихий-меъморий обидадан 1936 йилгача фойдаланиб келинган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида турли корхоналарнинг цехлари фаолият юритган. Натижада, тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб харобага айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 май куни Сузук ота мажмуасида бўлиб, мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича ўз тавсияларини берган. Қурилиш ишлари 2019 йил май ойида якунига етиб, мажмуа 10 май куни расман иш бошлаган.