islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Араблар ва ажамлар устози

Фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши фасоҳат илмидан яхши хабардор бўлиши керак.

Аксаримизнинг табиатимизда эринчоқлик борки, баъзан эрта тонгдан уйқу ва ҳаловатдан воз кечиб, ўқишга ёки ишга боришга эринамиз, ишларимизни кўнгил хоҳиши туфайли эмас, ички бир мажбурият юзасидан бажарамиз. Шундай пайтларда улуғ аждодимиз Маҳмуд аз-Замахшарийнинг ҳаёт йўлини бир эсласак, онгимизда соат бонг ургандай бўлса, ажаб эмас. Сабаби, бу буюк аллома барчамиз учун ибратдир.

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Тошкент ислом институти 203-гуруҳ талаба қизлари иштирокида маънавият соати бўлиб ўтди. Суҳбат “Маҳмуд аз-Замахшарий қандай зот эди?”, деб номланди. Уни 409-гуруҳ талабаси, амалиётчи Ш.Мамаросулова талаба қизларга ёритиб, у зот ҳақидаги қимматли маълумотларни тақдим қилди. Суҳбатда “Тиллар кафедраси араб тили ўқитувчиси” О.Маҳкамова, талаба қизлар куратори З.Суярова ва талаба қизлар иштирок этди.

Мутафаккирнинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад бўлиб, 1075 йил 19 мартда Хоразмнинг катта қишлоқларидан бири – Замахшарда таваллуд топган. Отаси саводли киши бўлган.

Аллома ҳақидаги манбалардан маълум бўлишича отаси ўғлидаги илмга бўлган зўр иштиёқ ва ҳавасни сезиб уни мадрасага беради. У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади. Ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, тирикчилигини шу ҳунар билан ўтказган.

Қизиғи, улуғ аждодимиз гарчанд жисмоний жиҳатдан нуқсонли бўлса-да, ўта ҳаракатчанлиги билан ажралиб турган. У ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Ҳижозда, ва Маккада бўлган. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирган, замоннинг улуғ устозларидан сабоқ олган, илмий баҳс-мунозараларда иштирок этган.

Ўз даврининг йирик олими даражасига кўтарилган Маҳмуд аз-Замахшарийнинг Хоразмда ҳам, Шарқнинг бошқа кўпгина шаҳарларида ҳам кўпдан-кўп шогирдлари бўлган. Шогирдлари ҳам алломани чуқур ҳурмат ва меҳр билан “Устоз ул-араб вал-ажам” (Араблар ва ажамлар устози), “Фахру Хваразм” (Хоразм фахри) каби шарафли номлар билан атаганлар.

Талаба қизлар куратори З.Суярова

198130cookie-checkАраблар ва ажамлар устози

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: