islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Яхшилик билан яшанг!

Оиланинг саодатли бўлишида эрнинг ўрни беқиёс. Аёли у билан бахтли бўлолмаган эр эрларнинг энг ёмонидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан бирга ўтириб, уларнинг шикоятларини тинглар эдилар. Ўта қийин ва чигал муаммоларни ҳам босиқлик ва хотиржамлик билан ҳал этардилар. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида бўлганидек, солиҳ эр сифатида ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни намуна қилиб олсак, оилада муаммолар юзага келмайди. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзимиз учун намуна қилиб олишга Роббимиз буюрган: «(Эй иймон келтирганлар), сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Демак, гўзал намунанинг асоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг ҳаракату саканотлари, қўл, тил ва барча аъзолари биз учун тўлиғича намунадир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг уйида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири (яъни у зотнинг бир аёллари) товоқда таом юбордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйида бўлган аёллари хизматкорнинг қўлига урган эди, товоқ ерга тушиб, бўлиниб кетди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини бирлаштириб, тўкилган таомни унга солдилар ва: «Оналарингиз рашк қилди», – дедилар. Сўнг хизматкорни тўхтатиб туриб, у зот уйида бўлган аёлларидан бутун товоқ олиб, идиши синдирилган аёлларига бериб юбордилар. Синган товоқни эса синдирган аёлининг уйида олиб қолдилар» Бухорий ривояти.

Бу воқеа Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларида бўлган эди. Оиша онамиз София розияллоҳу анҳо ҳақида: «Софиядан кўра ширин таом тайёрлайдиган аёлни кўрмаганман», – деганлар. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом Оиша онамизнинг уйларида саҳобалар билан бирга эдилар. Ҳазрати София бир идишда таом юбордилар. Ҳазрати Оиша идишни олиб синдирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум билан саҳобаларга: «Оналарингиз рашк қилди», – дедилар. Сўнгра Оиша онамизнинг бутун идишларидан бирини олиб, София онамизга юбордилар ва: «Таомга таом, идишга идиш», – дедилар. Шу билан муаммо барҳам топиб, табассум билан ҳал бўлди.

Демак, оила тинч бўлиши учун эр-хотин бир-бирининг феъл-атворини эътиборга олиши лозим. Масалан, аёл киши асабий бўлса, эр қайсарлик билан шошилиб, талоқ қилиб юбормаслиги, аксинча, оғирроқ бўлиши керак. Чунки талоқ қилиш ҳуқуқи ундан ҳеч қачон тортиб олинмайди. Талоқ қилиш зарур бўлса, кейин ҳам бундай имконияти бўлади. Шунинг учун эр жанжал вақтида ўзини босиб, кейинроқ муносиб вақт бўлганда ётиғи билан тушунтириши талаб этилади.

Аллоҳ таоло эрларга насиҳат қилиб, Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Ва улар билан яхшиликда яшангиз. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (Нисо сураси, 19-оят). Ушбу таржимадаги «яхшилик» сўзи оятнинг арабча матнида «маъруф» деб келган. Араб тилида яхшиликни ифодалайдиган бошқа калималар ҳам жуда кўп. Лекин «маъруф» сўзининг маъноси «яхшилик» маъносини ифодалайдиган бошқа сўзлардан кўра кенгроқ маънони қамрайди. Инсон ўзининг ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси ва қариндошлари каби ўзи ёқтирган инсонларга яхшилик қилиши табиий ҳолдир. Чунки ўртада қариндош-уруғлик ва ўзаро яқинлик ришталари бўлгани учун уларга яхшилик қилсагина унинг қалби хотиржам бўлади. Бу ҳам яхшилик қилиш дейилади. Аммо «маъруф» сўзи эса умумий бўлиб, ўртада қариндошлик, ёки меҳр-муҳаббат бўлмаса ҳам, ўз ихтиёри билан қилинадиган яхшиликни ифодалайди.

Шунинг учун «маъруф» сўзи билан бошқа «яхшилик қилиш» сўзлари орасида фарқ бор. Масалан, бир кишининг ўзи ёқтирмаган кимгадир қилган яхшилиги маъруф дейилади.

Аллоҳ таоло бизларни оилавий ҳаётда маъруф ила яшашликка буюряпти. Оилалар бузилмаслиги, саодатли бўлиши учун барча мусулмонлар ушбу оятга риоя қилиши вожибдир.

Ғарб ўлкалари каби оилани фақатгина севги ва муҳаббат устига қурамиз деганлар катта хато қилишади. Чунки фақатгина севги-муҳаббат сабабидан қурилган оилада, агар муҳаббат сўниб қолса, у оила хароб бўлади.

Шунинг учун Аллоҳ таоло «Улар ила маъруфда (яъни яхшиликда) яшангиз», деб марҳамат қилди. Яъни ўртангизда муҳаббат бўлмай қолса ҳам, уларга яхшилик қилинг, талоқ қўйманг, улар билан яхшилик ила яшанг. Баъзи эрларга биргина ташқи кўриниши ўзгаргани сабаб аёли ёқмай қолади. Аёлининг кўриниши унинг ҳис-туйғуларини қўзғатмайди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир киши келиб: «Эй мўминларнинг амири, мен хотинимини ёқтирмай қолдим. Шунинг учун уни талоқ қилмоқчиман», – деди. У зот: «Нима, оила фақат севги устига қуриладими, унда қадр-қиймати қаерда қолди?» – деб жавоб бердилар. Мазкур киши аёлини худди ёшлигидагидек бир умр қалбини ром этади деб ўйлаган эди. Умар розияллоҳу анҳу унга бу нарса аввалда бўлишини, кейин эса эр-хотинни бир-бирига боғлаб турадиган бошқа нарсалар вужудга келишини тушунтирдилар.

Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса», – деб марҳамат қилди. Яъни эр ёқтирмай қолган нарсада Аллоҳ таоло унга кўплаб яхшиликлар эваз қилиб беради. «Шоядки» лафзи, аслида, умидни ифодалайди. Лекин Аллоҳ таоло томонидан айтилганда аниқ амалга ошишини билдиради.

Йигит уни кўриши биланоқ ҳис-туйғулари қўзғаладиган аёлга уйланиш ниятида оила қурмасин, балки ҳис-туйғулари қўзғалганда, унга сокинлик бахш этадиган аёлга уйланишни мақсад қилсин. Чунки ҳис-туйғу учун уйланган аёли унинг фақат жинсий эҳтиёжини қондиришдан бошқасига ярамайди. Аёл кишига унинг фақат биргина сифатини кўзда тутиб уйланмаслик керак. Аллоҳ таоло фазилатларни барчага тақсимлаб берган. Диндорлиги, илми, одоб-ахлоқи, насл-насаби каби муҳим жиҳатларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Чунки аёлнинг қадр-қиймати унинг ҳусну жамоли билангина ўлчанмайди.

Оятнинг нозик бир нуқтасига эътибор қаратайлик: «Агар уларни ёқтирмасангиз», – дейилмоқда. Бу ишда эр ҳақли ёки ноҳақ бўлиши мумкин. Лекин шундай ҳолатларда ҳам аёлига маъруф ила муомала қилган эрларга: «Шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса», – деб буюрилмоқда. Шунга кўра, эрларга аёлининг иймон-эътиқоди ва динига тегишли бўлмаган бошқа бир томони ёқмай қолса, сабр қилишсин. Агар сабр қилишса, Аллоҳ таоло, албатта, аёлининг бошқа томонидан кўплаб яхшиликларни инъом этади. Аллоҳ таоло барчамизга оилавий ҳаётимизни Қуръони Карим ва суннат асосида олиб боришни муваффақ қилсин!

 

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси

Қудратуллоҳ Сидиқметов

210190cookie-checkЯхшилик билан яшанг!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: