islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳ таолога макон нисбатини бериш мумкин эмас

Аллоҳ таоло зотида ҳам, сифатларида ҳам махлуқотларига ўхшамайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор бир маконга муҳтож эмас. Аллоҳ таолонинг бешта салбий сифатларидан бири “ал-Мухолафату лил ҳаводис (кейин пайдо бўлган нарсаларга мухолиф бўлиш)”дир.

XI асрда яшаб ижод қилган мушҳур мотуридия таълимоти олими Абу Шакур Солимий Кеший ўзининг “ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” асарида эътиқодий масалаларни содда ва равон шаклда баён қилиб берган. Ақоид фанида муҳим мавзулардан бири Аллоҳ таолога макон нисбат берилмаслигидир.

Бу ҳақда турли фикрлар айтилган. Жаҳмия фирқасининг бир тоифаси Аллоҳ таоло ҳар қандай маконда мавжуд, деб, қуйидаги оятларнинг зоҳирий маъноларини ҳужжат қилишади:

وَهُوَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ إِلَهٌ وَفِي الْأَرْضِ إِلَهٌ  “У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳдир…”[1],

وَهُوَ اللَّهُ فِي السَّمَاوَاتِ وَفِي الْأَرْضِ  “У осмонларда ҳам, Ерда ҳам Аллоҳдир…[2]”,

إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ   “…Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир”[3],

   مَا يَكُونُ مِنْ نَجْوَى ثَلَاثَةٍ إِلَّا هُوَ رَابِعُهُمْ وَلَا خَمْسَةٍ إِلَّا هُوَ سَادِسُهُمْ  “…Уч кишининг ўзаро шивирлашиб гаплашиши бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси Удир. Беш кишининг ҳам, албатта, олтинчиси Удир…”[4].

Уларнинг келтирган даъво-ҳужжатларига қуйидагича жавоб берамиз:

وَهُوَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ إِلَهٌ وَفِي الْأَرْضِ إِلَهٌ  ояти Аллоҳ таоло осмон аҳлининг ва ер аҳлининг илоҳидир, деган маънода.

وَهُوَ اللَّهُ فِي السَّمَاوَاتِ وَفِي الْأَرْضِ  ояти Аллоҳ таолонинг тадбири осмонларда ва ерда бўлади, деган мазмунни ифодалайди.

إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ   оятида Аллоҳ таоло тақволилар ва эзгу амал қилувчиларга ёрдам бериш, тавфиқ ато айлаш ва қўллаб-қувватлаш билан биргадир, маъноси акс этган.

 مَا يَكُونُ مِنْ نَجْوَى ثَلَاثَةٍ إِلَّا هُوَ رَابِعُهُمْ وَلَا خَمْسَةٍ إِلَّا هُوَ سَادِسُهُمْ   ояти уч киши шивирлашиб сўзлашганида айтган гапларини эшитиб турувчи ва амалларини кўриб турувчидир, деган маънода. Биз ҳам шундай деймиз. Агар Аллоҳ таолони ҳар қандай маконда мавжуд дейилса, ҳайвонлар ва итларнинг оғизлари ва бошқа ифлос жойларда ҳам бор дейишга олиб боради. Бу эса, қабиҳ куфрдир.

Жаҳмийлар ва мўътазилийларнинг бир тоифаси айтади: “Аллоҳ таоло Аршнинг устида бўлиб, у билан Арш орасида бўшлиқ бор. Аллоҳ таолонинг ҳадди мавжуд”. Лекин ҳад нима маъно билдиришини баён қилишмайди. Уларнинг бундай дейишлари куфрдир. Чунки Аллоҳ таоло Аршнинг устида бўлса, чегараланишни вожиб қилади. Бу эса, тасвирни вожиб қилади. Бу фикрнинг нотўғрилигини юқорида баён қилган эдик.

Карромия фирқасининг мутақашшифа тоифаси айтади: “Аллоҳ таоло Арш устида ўрнашган”. Улар ушбу сўзларига:  الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى [5]   оятининг тафсири ҳақида  Калбийнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: “Аллоҳ арш устига ўрнашди”, бошқа ривоятда “Арш Аллоҳ таоло билан тўлди” нақлини ҳужжат қиладилар. Оятнинг маъноси: “Арш Аллоҳ таолонинг ҳайбатидан барқарор бўлди”, деб жавоб берамиз.

Али розияллоҳу анҳудан: “Раббимиз Аршни яратмасдан олдин қаерда, деб сўралди. Али розияллоҳу анҳу айтдилар: “Аллоҳ таолонинг макони ҳақида бу қандай савол бўлди? Аллоҳ таолонинг макони йўқ. У зот олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайдир. Бир киши Имом Молик ибн Анас розияллоҳу анҳудан الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى ояти ҳақида, яъни Аллоҳнинг Аршга истивоси қандай бўлган, деб сўради. У зот айтдилар: “Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилгани маълум, кайфиятини ақл билан билиб бўлмайди, унга имон келтириш вожиб ва у ҳақда сўраш бидъатдир. Сени адашган экансан” дея ёнидаги одамларга “Бу кишини ҳузуримдан чиқариб ташланглар”, деди. Шунда чиқариб ташланди. Қарасалар, у  Жаҳм ибн Сафвон экан.

Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳу айтдилар: “Тавҳид уч турлидир:  Аллоҳ таолони нарса ичида, нарсадан ва нарсанинг устида эмас, деб танишинг”. Абу Мутеъ Балхий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг қаердалигини билмайман, деган киши ҳукми ҳақида сўрадим”. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтди: “У кофир бўлади. Чунки Аллоҳ таолони барча маконда мавжуд деб сифатлади”. Абу Мутеъ Балхий айтади: “Нима учун у кофир бўлади?” Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтди: “Чунки у насга хилоф қилди. Аллоҳ таоло бу хусусда: الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى (У) Арш узра «муставий» бўлмиш Раҳмондир[6] деб марҳамат қилаган. Абу Мутеъ айтди: “Аллоҳ таоло Аршга қандай қилиб истиво қилган?” Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бундай жавоб беради: “Истивога оятда келганидек имон келтиринглар. Аллоҳ таоло илоҳдир, Унинг макони йўқ”.

Абу Шакур Солимий (Аллоҳ таоло уни тўғри йўлга муваффақ қилсин) айтади: “Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу у кишини Аллоҳ таолонинг маконини билмайман, дейиши ва У зотни танимагани учун кофирликка ҳукм қилган, бўлиши мумкин. Чунки ким Аллоҳ таолони танимаса, кофир бўлади. Ёки у: “Аллоҳ таолонинг қаердалигини билмайман дейиш” билан У зотни муайян маконда деб эътиқод қилди. Ким Аллоҳ таолони муайян маконда бўлади, деб эътиқод қилса, кофир саналади.

Муҳтадий Абу Шакур Солимий (Аллоҳ таоло уни тўғри йўлга муваффақ қилсин) айтади: “Мен ушбу масала ҳақида мутақошшифа фирқасиги мансуб бир киши билан мунозара қилдим. У мендан: “Аллоҳ таоло мавжудми” – деб сўради. Айтдим: “Ҳа, мавжуд, лекин Аллоҳ таолонинг мавжудлиги бошқа мавжудотлар каби эмас”. У менга айтди: “Аллоҳ таоло махлуқларни ва оламни яратганида уларнинг усти ёки ости ёки орқаси ёхуд ўнг томони ё чап тарафида бўлган ҳолатда яратган ҳисобланади. Бу олам яратувчи устида ва қаршисида деб айтиш жоиз эмас. Чунки бу Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон сўзни вожиб қилади. Шунинг учун Аллоҳ таолони олам устида деб айтиш керак. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат қилади:

  وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ وَهُوَ الْحَكِيمُ الْخَبِيرُ “Бандалари устидан У ғолибдир. У Ҳаким (ҳикматли) ва Хабир (хабардор)дир[7]”.  Унинг бу фикрига жавоб бериб айтдимки: “Аллоҳ таоло оламдан олдин ҳам мавжуд бўлган. Аллоҳ таолонинг чегараланган ёки чегараланмаганлик масаласига келсак, агар сен У зотни чегараланган десанг, яратувчини танимаган бўласан. Чунки чегараланадиган нарсани санаш мумкин. Саналадиган ва миқдори бор нарса яратилган ҳисобланади. Яратилган нарса эса, яратувчи бўлолмайди. Чунки ҳад (чегара) жисм ва жавҳар учун бўлади. Аллоҳ таоло бундан покдир. Модомики У зотнинг чегараси йўқлиги маълум бўлар экан, саволинг беҳуда бўлади. Модомики, У зотнинг ҳадди ва ниҳояси йўқ экан, остида ёки устида бўлиш сифати билан сифатланмайди.

Бу борадаги энг саҳиҳ сўз шуки, Аллоҳ таолони оламнинг яратувчиси, лекин оламнинг ичида ҳам, удан ташқари ҳам эмас, деб айтишимиздир. Чунки олам ичида десак, Аллоҳ таоло ундан кичик ҳисобланади ва муайян маконда бўлиб қолади. Ҳолбуки, бундай дейиш куфрдир. Агар оламдан ташқарида десак, оламга муттасил ёки ундан ажраган бўлади. Агар оламга муттасил бўлса, унинг жинсидан саналиб, шундан ҳисобланади. Ҳолбуки, олам жинсдошлари билан бирга яратилгандир, яратувчи эмас. Агар оламдан ажраган десак, ажралиш узилиш ва бўлинишдан иборат. Ажралиш чегараланишни вожиб қилади, чегараланган нарсанинг миқдори мавжуд. Бу ҳолда у яратувчи бўлолмайди. Шунинг учун айтамизки, Аллоҳ таоло Ўзига макон тутмасдан бу оламнинг  яратувчисидир.

Абул Муин Насафий “Табсиратул адилла” асарида рофизийларнинг ғулувга кетган фирқалари, яҳудийлар, карромийлар ва мужиссималар Аллоҳ таолога нисбатан макон исбот қилишини зикр қилган. Бугунги кунда Аллоҳ таолога нисбатан макон исбот қиладиганлар ўзларига қарасин, юқорида зикр қилинган фирқалардан бирига мансуб бўлиб қолади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин!

Тошкент ислом институти 

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

катта ўқитувчиси Соатмурод Примов

[1] Зухруф сураси 84-оят.

[2] Анъом сураси 3-оят.

[3] Наҳл сураси 128-оят.

[4] Мужодала сураси 7-оят.

[5] Тоҳо сураси 5-оят.

[6] Тоҳо сураси 5-оят.

[7] Анъом сураси 18-оят.

215500cookie-checkАллоҳ таолога макон нисбатини бериш мумкин эмас

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: