Имом Аҳмад Шокир раҳматуллоҳи алайҳнинг гапларига Шайх Абулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиқи
Имом Аҳмад Шокир раҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур гапига аллома муҳаддис Шайх Абулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ ажойиб таълиқ ёзган. Аҳмад Шокирнинг гапларидан ўзининг “Тавжийҳун назар” китобига ёзган таълиқида муҳим натижаларни чиқарган. Биз гапининг хулосасини келтирамиз: “Ҳофиз ибн Салоҳ ва у кишига эргашганларнинг “Саҳиҳ”ни юқоридагидек еттита мартабага тақсимлашлари тўғрисидаги гапларида кўпгина мулоҳазалар бор. Улар қуйидагилар:
Биринчиси: Ҳофиз ибн Салоҳ ва у кишига эргашганларнинг “Саҳиҳнинг энг олий даражаси икки шайх, яъни Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадислардир” – деган гаплари тан олинадиган гап эмас. Чунки икки шайх 142 та ҳадисни ўз ичига олган Ҳаммом ибн Мунаббиҳнинг саҳифасидан 97 та ҳадисни ривоят қилганлар. Бу ҳадисларнинг барчаси битта санад билан, у ҳам бўлса Абдурраззоқнинг Маъмардан, унинг эса Ҳаммом ибн Мунаббиҳдан, у кишининг эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир . Шу 97 тадан 23 таси муттафақун алайҳ, 16 таси Бухорийнинг ўзи, 58 таси Муслимнинг ўзи ривоят қилган ҳадислардир. Мана шу иснод, яъни Абдурраззоқнинг Маъмардан, унинг эса Ҳаммом ибн Мунаббиҳдан, у кишининг эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривояти саҳиҳнинг энг олий даражасида эмас. Демак, саҳиҳнинг энг олий даражаси икки шайх иттифоқ қилган ҳадислардир, деб мутлақ айтилмайди. Бу иккалалари Ҳаммом ибн Мунаббиҳ саҳифаларидан 23 та ҳадисга иттифоқ қилишган. У эса саҳиҳнинг энг олий даражаси ҳисобланмайди.
Иккинчиси: Ҳофиз Ибн Салоҳ ва у кишига мувофиқ келганларнинг “Сўнгра иккинчиси Бухорий Муслимсиз ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадислардир” – деган гаплари тан олинадиган гап эмас. Чунки Имом Бухорий шу Ҳаммом ибн Мунаббиҳнинг саҳифасидан 16 та ҳадисни Муслимсиз ўзи юқоридаги айни санад билан ривоят қилган. Шундай экан, ушбу ривоятлар Муслимнинг ўша саҳифадан (айни санад билан) қилган ривоятларидан кучли бўлиши мумкинми? Бу далилсиз ҳукм қилишнинг ўзгинасидир.
Учинчиси: Ҳофиз ибн Салоҳ ва у кишиниг йўлидан юрганларнинг “Саҳиҳдан учинчиси: Муслим ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадислар” – деган гаплари ҳам тан олинадиган эмас. Чунки Имом Муслим шу саҳифанинг ўзидан 58 та ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилган. Ушбу ҳадисларнинг санади эса муттафақун алайҳ ва Бухорийнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган санаднинг айнидир. Шундай экан, қандай қилиб Муслимнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадислар саҳиҳликда Бухорий ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадисдан паст туриши керак. Иккаласиники бир хилку?!
Имом Муслим кўпгина саҳиҳ санадлари бўлган бир ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилса. Бухорий ҳам туруқлари кўп бўлмаган бир ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилса. Шу ҳолатда Муслимнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадиси саҳиҳликда олийроқ, кучлироқ бўлишида шубҳа йўқ. Уни Ҳофиз ибн Ҳажар ҳам “Ан-Нукат ъала китаби Ибни Салоҳ” китобида баён қилиб ўтган. Қандай қилиб Муслим Бухорийга қўшилмасдан ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадиси Бухорий ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадисдан кўра саҳиҳлик борасида пастроқ бўлиши мумкин. Бу ҳам далилсиз ҳукм қилишнинг ўзгинасидан бошқа нарса эмас.
Тўртинчиси: Муслимнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадисларини саҳиҳлик борасида учинчи даражада, деб эътиборга олиш Бухорийнинг наздидаги саҳиҳнинг шартлари тўғрисида уламолар ёзганларига назаран мулоҳазали масаладир. Чунки баъзан Муслим шайхи билан учрашиш имкони ва тадлис қилмаслик ҳолати бўлмиш шартига биноан ёлғиз ўзи ривоят қилади. Бу ўзининг наздида саҳиҳ, Бухорий ва унга эргашиб, шартига юрганлар наздида саҳиҳ эмас. Демак, қандай қилиб буни саҳиҳликнинг учинчи даражасида дейиш мумкин?! Ҳолбуки, Бухорий ва унинг шартини тўғри, деб билганларнинг наздида бу саҳиҳ эмас. Уларнинг ҳадиснинг шу сифатда бўлгани учинчи даражада турадиган саҳиҳдир, дейишлари ушбу масалада Муслимнинг мазҳабини устун қўйишни таъкидламоқда.
Бешинчиси: Бухорий ёлғиз ўзи қилган ривоятлар қандай қилиб Муслим ёлғиз ўзи қилган ривоятдан саҳиҳроқ дейишимиз, мумкин?! Агар Бухорий санадида гап-сўз қилинган ровийси бор ҳадисни ёлғиз ўзи, Муслим эса ҳамма ровийлари сиқа, улар борасида гап-сўз қилинмаган бир ҳадисни фақат ўзи ривоят қилган бўлса, қандай қилиб Бухорий ёлғиз ўзи ривоят қилган ўша ҳадис Муслим ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадисдан саҳиҳроқ бўлиши мумкин. Ҳа! Бундай қилиш Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек, далилсиз ҳукм қилиш ёки кўр-кўронаикдан бошқа нарса эмас”.
Фойда:
Шайхимиз Баҳрулулум ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Биз баъзи инсонларнинг қилмишларидан таъсирланиб, Ибн Салоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрлари ва уни воқеъликка қанчалик тўғри келиши ҳақида кўп гапирвордик. Чунки ўша одамлар шу фикр, яъни ҳадисларнинг саҳиҳлик тартиблари мана шу еттига бўлинади, деган гапни ягона ўлчов сифатида олиб, ҳақиқатан ёки ўзларининг даъвосича ўзаро зид келган собит ҳадисларни бир-биридан устун қўйишга киришдилар. Баъзи ўринда “Саҳиҳайн”да келганидан бошқа ҳадисларни устун тутган фақиҳ имомларнинг зиддига фитна қўзидилар. Ҳолбуки, фақиҳлар ўша ҳадисларни ўзларининг наздлариларидаги таржиҳ қоидалари бўйича рожиҳ санаганлар” .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов