Мирзо Улуғбек соҳибқирон Амир Темурнинг энг севикли набираси бўлиб, улуғ олим ва султон эди. Мирзо Улуғбек риёзиёт, фалакиёт, мусиқашунослик ва тарих илмлари соҳасида қалам тебратган олимдир.
Унинг отаси Шоҳруҳ Мирзо Темурийлар давлатида олий ҳокимиятни қўлга киритганида, 1403 йил Мирзо Улуғбек (1394-1449) Мавроуннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими эид. 1413-1414 йилларда Хоразм Амир Темур империясининг бир қисмига айланди. 1414 йилда Улуғбек Фарғонани забт этди, 1420 йилларда Улуғбек Мўғулистон ва кўчманчи ўзбеклар улусида ҳокимиятни эгаллаш учун курашишга уринди. Аммо 1427 йилда Улуғбек ва унинг укаси Муҳаммад Жукий бошчилигидаги темурийлар қўшини Сигнак яқинидаги кўчманчи ўзбеклар билан жангда мағлубиятга учради. Ўзбек қўшинлари уларни Самарқандгача таъқиб қилишди. Кўчманчиларни қўрқитиш учун, Шоҳруҳ Мирзо улкан қўшин билан Самарқандга бориши керак эди.
Кейинги йигирма йил тинч ўтди. 1447-1448 йилларда Шоҳруҳ вафот этганида Улуғбек ўғли Абдулатиф билан биргаликда Хуросонга икки марта юриш қилиб, Ҳиротни эгаллади. Абдулатиф Ҳиротда ҳукмронлик қилиш учун қолди, аммо 1449 йилда отасига қарши исён кўтарди. У қўшин билан Самарқандга етиб келиб, отаси Мирзо Улуғбекни тахтдан туширди. Мирзо Улуғбек ҳажга отланган эди, аммо Абдулатиф буйруғи билан у ўлдирилган. Қотил унинг бошини танасидан жудо қилди.
Мирзо Улуғбек даврида 1430-1440 йилларда Гўри Амир мақбараси анча кенгайтирилди. Мақбарада ер ости йўли ва жанубий томонида катта ёдгорлик мажмуаси қурилган. Ҳозиргача фақат ер ости йўлининг қолдиқлари ва иккита ер ости дафнхоналари сақланган. Улардан бири Амир Темурнинг дафн хонасига яқинлиги билан ажралиб туради, эҳтимол у жой Мирзо Улуғбек учун тайёрланган бўлиши мумкин. Аммо унинг фожиали тақдири бу режаларни йўққа чиқарган эди. У Амир Темур қабрининг пастки қисмида жойлашган мармар тош тобутга кўмилган.
Кулранг мармардан ясалган мозор тошида форс тилида ушбу сўзлар ёзилган:
“Бу нурли қабр шарафли шаҳиднинг қўнимгоҳидир. Жаннат боғчаларидан бири бўлган бу қабр шоҳнинг сўнгги хотиржамлик жойидир. Подшоҳ унда, жаннат боғларида хурсанд ҳолда гуллардан баҳра олади. У олиҳиммат султон, дунё ва эътиқод учун хизмат қилган мақбул халифадир. Улуғбек султон, Аллоҳ унинг қабрини ёритсин, 796 йилда Султонияда бахт ичра дунёга келди. 810 йил зулҳижжа ойида, хотиржамлик шаҳрида, Самарқандда ҳоким бўлди. Аллоҳ таолонинг “Ҳамма ўзи учун белгиланган кунга қараб ҳаракат қилмоқда” деган сўзига мувофиқ, унинг ҳаёти шу чегарага етиб келганида тақдир билан белгилаб қўйилган умр муддат тугаганида, ўғли унга нисбатан шафқатсизлик қилди ва отасига пичоқ урди. 853 йил рамозон ойининг 10 кунида у Аллоҳнинг уйи – Каъбага бораётганида, ўз ўлимини саҳрода қарши олди”.
Гўри Амирда фақатгина Улуғбек, ўзининг кийимига кафанланган, мусулмонларнинг урф-одатлари бўйича фақат шаҳидларгина – ўз кийимларига кафанланиб кўмилади.
Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси
катта ўқитувчиси Эрназаров Фаҳриддин,
“Самарқанд Марказий Осиёнинг нодир асари”
китобидан таржима қилинди