Рамазон ойи ўтиб бормоқда. Умр ҳам худди шундай ўтиб боради. Жидд-у жаҳд қилганлар муродларига етди. Уларнинг ҳимматлари тарихда қолиб, кейингилар учун гўзал намуна бўлди. Рамазонда улуғ ютуққа эришганлар кимлар, уларнинг сифатлари, амаллари қандай эди, деган саволлар пайдо бўлиши табиий.
Солиҳлар ва уламолар Рамазон ойини қандай кутиб олганлари кўплаб тарихий манбаларда муҳрланиб қолган. Уларнинг ҳаёт йўлларини ўргансак, кўплаб фойдаларни оламиз.
“Албатта, кимнинг Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бўлса, сизларга уларда яхши ўрнак бор эди”. (Мумтаҳана сураси, 6-оят.)
“Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш” (Анъом сураси, 90-оят), деб Роббимиз буюрган.
Улар Аллоҳнинг китобини тиловат қилардилар, намозни тўкис адо этардилар, Аллоҳ ризқ қилиб берган неъматларни инфоқ қилардилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарардилар, айтганларига ўзлари ҳам амал қиладиган мухлислардан эдилар. Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар.
Яхшилик қилувчилар неча аср олдин ўтиб кетган, деб ким айтди?! Аллоҳ эслатилса, қалблари титрайдиган, кечалари дуо-ю илтижо қиладиган, саховатпеша, яхшиликнинг ҳамма турида илғор муҳсин бандалар қолмади, деб ким айтди?!
Итоат, садоқат, қаноат, тавозеъ, саховат боби Абу Бакр, Умар, Оиша, Фотима розияллоҳу анҳумлар билан чекланган деб ким айтди?! Атрофга холис бир назар ташланг, унда қанчадан-қанча яхши инсонларни кўрасиз. Агар топа олмасангиз, яхши инсон ўзингиз бўлишингиз мумкин. Ахир, яхшилик эшиклари кенг очиладиган Рамазон ойидамиз-ку. Кимга ҳам яхшилик қила олардим, қўлимдан келмайди, деманг. Бир дона ширин сўзингизга илҳақ яқинингизга “борингизга шукур”, деб айтинг. Хола, амма, тоға-амакиларни кўролмаяпсизми, гўшакни олиб беш дақиқа вақтингизни қадрдонларингизга эҳсон қилинг, соғинч таъмини тортишмасин.
Иймон, ихлос замон-макон танламайди. Савобга арзигулик яхшилик қилмадим, деманг. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Балки ихлос билан қилинган ва ихлосдан холи амаллар бўлади. Рамазон ойи айнан ибодат ойидир. Инсонлар бу муборак ойда нафсларини ислоҳ қиладилар, руҳий озуқа оладилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таолодан нақл қилиб айтадиларки: “Ҳар бир одам боласининг амали ўзи учун, фақат рўзаси бундан мустаснодир. Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим берурман”.
Ажр-у мукофотлар кўпайишининг бир қанча сабаблари бор. Масалан, Макка ва Мадинада ўқилган намозларнинг савоби бошқа шаҳарларда ўқилган намозларнинг савобидан кўпроқ бўлади. Рамазон ойи ҳам бошқа ойлардан кўра фазилатлироқ бўлгани сабабли унда қилинган амалларнинг савоби бошқа кунлардан кўра улуғроқ ҳамда мукофотининг миқдори салмоқли бўлади. Яхшиликларга бериладиган савоб ўндан етти юз мартагача кўпайтириб берилади. Лекин Рамазон рўзасининг савобини Аллоҳ қанча истаса орттириб беради. Чунки Рамазон шарафли ой. Аллоҳ бандаларига фарз қилган ислом арконларидан бири рўза, тақво ва ибодатлар ойидир. Рўзанинг савоби зиёдаси билан берилиши ваъда қилинган экан Рамазондаги бошқа хайрли ишларнинг ҳам мукофоти зиёда қилинади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий алайҳиссаломдан “Энг афзал садақа қайси?” деб сўралди. У зот “Рамазондаги садақа” деб жавоб бердилар. (Имом Термизий ривояти. “Закот боби”, 663-ҳадис.) “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Бас, у билан Қуръонни (бир-бирларига) ўқиб беришар эди. Шунда қачон Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар”, дейилган. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Рамазонда муҳтожларга яхшилик қилиш, хайру эҳсонлар бериш энг афзал садақа, деб таъриф берилади. Зеро, Рамазон молиявий ибодатлар мавсумидир.
Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, одамларнинг ҳожатини раво қилиш учун ўзининг рўза ва намози билан кўп машғул бўлишига қарамай, Рамазонда кўп саховат қиладиган, қўли очиқ кишини яхши кўраман”, деб айтадилар. (Ибн Ражаб, “Латоиф ул маъориф фийма лилмавосим мин вазоиф”, 315-бет.)
Муоз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Садақа бериш сув оловни ўчирганидек хатоларни ўчиради”. (Имом Термизий ривояти. “Иймон боби”, 2619-ҳадис.) “Яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзах оловидан сақланинг”, (Имом Бухорий ривояти. “Закот боби”, 1417-ҳадис) деб эҳсон қилишга тарғиб қиладилар.
Рамазон инсонларни бағрикенгликка, олийжанобликка ўргатади. Шунинг учун ҳам муборак ойда меҳр-мурувват ортади, қалб хасталикларидан фориғ бўлинади.
Рўзанинг асл мақсади таом ва ичимликдан тийилиш эмас, ҳақиқий рўза ўйин-кулгу ва бемаъни гап-сўзлардан тийилишдир. Баъзи салафи солиҳлар еб-ичишдан сақланиш бу рўзанинг энг енгили, деб ҳисоблаганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Рўза тутсанг, қулоғинг, кўзинг, тилинг ёлғону ҳаром ишлардан рўза тутсин. Қўшнингга азият берма. Рўза тутсанг, виқор ва хотиржамликни ўзингга лозим тут. Рўза тутган ва тутмаган кунингда фарқ бўлсин”. (Ибн Ражаб, “Латоиф ул маъориф фийма лилмавосим мин вазоиф”, 292-бет.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорга иккита хурсандчилик бор: бири ифтор қилганда, иккинчиси Роббисига йўлиққанида”, деб айтадилар. Инсониятнинг табиатига кўра, эҳтиёж тушадиган баъзи нарсалар маълум муддат чекланиб, сўнг рухсат берилса, у бундан жуда ҳам мамнун бўлади. Унинг учун ҳақиқий хурсандчиликка айланади. Рўзадорнинг ифтор қилиши ҳам шундай завқ бағишлайди. Рўзадор Аллоҳнинг розилигини топиш учун кундузи ўзининг баъзи эҳтиёжларини тарк қилади. Аллоҳнинг севимли бандаларидан бўлиш учун ифторлик қилишга шошилади. Роббисининг неъматларидан баҳраманд бўлганда ҳамд айтади, мағфирати ва розилигидан умид қилади. Шу ҳолатда у Аллоҳ таолонинг итоаткор ва шукр қилувчи бандаларига айланади. (Ибн Ражаб, “Латоиф ул маъориф фийма лилмавосим мин вазоиф”, 293-бет) “Албатта, Аллоҳ таоло таомланиб, шукр қиладиган, ичимлик ичиб, шукр қиладиган бандасидан рози бўлади”. (Имом Муслим ривояти. “Зикр ва дуо боби”, 2734-ҳадис)
Танаввул қиладиган озуқа рўза ва тундаги ибодатларига куч-қувват бўлишини ният қилинса, бунга савоб берилади. Кун давомида яхши амаллар қилиши учун ният қилиб, уйқуга кетса, уйқуси ҳам ибодат бўлади. Рўзадорга бунча ҳам яхши бўлмаса, тун-у кун ибодатда, дуоси мустажоб, кундузи сабр-қаноатда, тунда эса Аллоҳнинг шукрли бандаларидан саналса! (Ибн Ражаб, “Латоиф ул маъориф фийма лилмавосим мин вазоиф”, 294-бет)
Рамазон фазилатда тенгсиз ой. Рўза тутиш орқали инсон ўзига берилган неъматлар қадрига ета бошлайди, ифтор қилиб, Аллоҳга шукр қилади. Баъзи салафлардан “Рўза нега фарз қилинган?” деб сўрашганида: “Бой одам очлик таъмини таътиб кўриши учун. Шу сабабли очларни унутмайди”, деб жавоб беришган. Бу эса рўзанинг ҳикмат ва фойдаларидан биридир. (Ибн Ражаб, “Латоиф ул маъориф фийма лилмавосим мин вазоиф”, 314-бет)
Рамазон ойида мўминларга раҳмат ўлароқ Қуръон нозил бўлган. Қуръон агар тоғга нозил қилинганида Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетган бўларди. Қуръон – Аллоҳ эслатилса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат қилинса, иймонлари зиёда бўлиб, Роббиларига таваккул қилувчи мўминларга нозил қилинган. “Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор”, дейди Роббимиз. (Анфол сураси, 3-4-оят)
Рамазоннинг яна бир номи “Қуръон ойи”дир. Бир марта бўлса ҳам, Аллоҳнинг каломини хатм қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади. Шу сабабдан салафи солиҳлар Рамазон ойини ғанимат билиб, Қуръон билан Рамазонни ўтказишни энг афзал ибодат, деб билганлар.
Рамазоннинг тун-у куни муборак онлардир. Унинг охирги ўн кунлиги бошқа кунлардан кўра қадрли. Зулҳижжа ойининг 10 кунлиги бошқа вақтлардан, жума куни бошқа кунлардан афзал бўлганидек Рамазоннинг сўнгги кунлари ҳам фазилатда зиёда. Бу кунлар ичида минг ойдан афзал Қуръон нозил бўлган кеча бор. Ким уни топса, ҳақиқатда, улкан ютуққа эришибди. Салафи солиҳлар “Қадр кечаси”ни топиш умидида тунлари ибодат билан бедор бўлганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Қадр кечасини ихлос ва ундан савоб умид қилиб, бедор ўтказса, илгари қилган гуноҳларининг барчаси кечирилади”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти.) Қадр кечасида кўпроқ дуо, илтижо қилиш маҳбуб амаллардан саналади. Оиша розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломдан сўрайдилар: “Қадр кечасини топсам, унда нима айтай?” “Аллоҳим, ўзинг кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан, мени ҳам кечир”, деб айтгин, дедилар. (Имом Термизий ривояти, “Дуолар боби”, 3508-ҳадис). Салафи солиҳлар шу ҳадисни эътиборга олиб, “Энг афзал амал дуо ҳисобланади. Дуолар қабул бўлувчи кечада инсонлар кўпроқ дуо қилиб, тавба, истиғфор айтишлари керак”, дейдилар. Набий алайҳиссалом Рамазоннинг охирги ўн кечасида Қадр кечасини топиш учун аҳлларини намозга уйғотар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам Аллоҳ қодир қилганча кечалари намозни қоим қилардилар. Кечанинг ярмига келганда оилаларини ҳам уйғотиб “Намозга туринглар”, деб “Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил”, (Тоҳа сураси, 132-оят) оятини ўқир эдилар.
Ҳабиб Абу Муҳаммад Форсийнинг аёли Рамазоннинг охирги ўн кунида: “Тун келди, олдимизда узоқ йўл турибди, озуқамиз эса оз. Биздан олдинги солиҳларнинг карвони ўтиб бўлди, биз қолдик”, деб аҳлини уйғотар эди. (Ибн Ражаб, “Латоиф ул маъориф фийма лилмавосим мин вазоиф”, 342-бет) Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин.
Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу Рамазон ойини истиғфор ва фитр садақасини бериш билан тугатиш ҳақида буюрар эди. Зеро, фитр садақаси рўзада қилинган хато-ю камчиликлардан поклайди. Истиғфор эса рўзадорнинг гуноҳларини ўчиради. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар фитр садақаси рўзадорга саждаи саҳв кабидир, рўзада қилинган камчиликларни тўлдирувчи бўлади, деганлар. (Ибн Ражаб, “Латоиф ул маъориф фийма лилмавосим мин вазоиф”, 383-бет)
Солиҳлар олти ой давомида Аллоҳдан уларни эсон-омон Рамазон ойига етказишини, қолган олти ойда Рамазонда қилган амаллари қабул бўлишини сўраб дуо қилардилар.
Ҳа, салафи солиҳлар шундай бўлишган. Рамазонни узоқ кутганлар, тайёргарлик кўрганлар. Рамазон келиши билан, тоат-ибодатга астойдил бел боғлаганлар. Унда қилган амаллари қабул бўладими, йўқми билмай, Аллоҳга мақбул бўлишини сўрардилар.
Саноқли кунлардан сўнг Рамазон билан хайрлашамиз. Юқорида салафи солиҳларнинг Рамазондаги онларидан лавҳаларни ҳавола қилдик. Уларнинг ҳаётларида кўпгина ибратлар бор. Рамазон кунларини ғанимат билиб, яхшиликларда пешқадамлардан бўлишни Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамизга барокатли қилсин.
“Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмон-у ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”. (Ҳадид сураси, 21-оят)
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Мунаввар Ниёзалиева