islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ахборот асрида ёшлар онгини заҳарловчи омиллардан ҳимоя қилиш

Тарихчи Геродот ўзининг Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср эҳромларидаги бир битик уни ажаблантирган: “Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти. Нима қилмоқ керак?!”
Муаррих бу ёзувни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг битилганига эса ким билсин қанча вақт бўлган? Ёшлар муммоси ҳеч қачон долзарблигини йўқотмаган. “Муаммо ҳам долзарб бўлиши мумкинми?” деган ҳақли савол туғилиши табиий. Ҳа, муаммо долзарб бўлади, айниқса, у ёшларга оид бўлса.
Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим.
Улуғ маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий ёшларга мурожаатномасида бундай ёзади: “…Ушбу тараққий этган замонда илмсиз, маърифациз, қуруқ таассуб билан яшаб бўлмайди. Ҳозирги замонавий тараққиёт ва ривожланиш шундай кучли бўлмоқдаки, озгина фурсат ўтар-ўтмас қуруқ ва чириган таассубларимизни илдизи билан қўпориб ташлайди. Шунинг учун барча ёшларимиз бу борада бир нарсага таянишлари мумкин. Бу нарса илму маърифатдир” .
Бошқа бир аллома эса: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир. Уларни бегона қўллар ва бегона маданиятга таслим этганлар ўзини йўқотишга маҳкумдир. Бугунги кунда тузумнинг юзи қоралари ҳисобланган золимлар, ароқхўрлар, бузуқлар, бангилар, исёнкорлар кечаги кунда тарбиясига бепарво қаралган болалардир”, деган. Бу сатрлар бугун учун айтилгандек, гўё.
Ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.
Информацион воситаларнинг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли телефон, телекоммуникасиялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келиши. Бу воситалар орқали таклиф этилаётган “қадриятлар” кўп ҳолларда ёшларимизни ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан узоқлаштириб қўймоқда, ўз тарихий илдизларидан узоқлашувига олиб келмоқда.
“Оммавий маданият” турли хил кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши. Булар асосан кийинишда, қизиқишларда, бўш вақтни ўтказишда, дидларнинг саёзлашувида, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Ёт маданият қадриятларини ўзида ифода этаётган “оммавий маданият” ёшларимизда индивидуализм, эготcентризм, андишасизлик, беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ва ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқармоқда.
Ёшлар орасида тақлидчилик, ғарбона иллатларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофилмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларимизнинг онгини чулғаб олаётганлигини сезиш қийин эмас. Оқибатда, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компютер ўйинлари олдида вақтини ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги филмларни томоша қилиш одат тусига кириб бормоқда.
Ҳар қандай давлат ва жамият барқарорлиги ва унинг фаровонлиги энг аввало ёшларга бўлган муносабат билан ўлчанади. Шундай экан уларни бугунги кун талаби даражасида нафақат билим бериш шунинг баробарида уларни тўлақонли шу юртнинг фарзанди, халқпарвар, элпарвар қилиб тарбиялаш ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб масала. Табиийки, шу маънода ёшлар тарбияси ҳар бир даврда ҳам жиддий масала сифатида давр зиёлиларининг доимий эътиборида бўлган. Машҳур маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”, – деган ибратли сўзлари ёшлар тарбияси ҳар-бир даврда ҳам ўз долзарблиги ва муҳимлигини англатади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Эшитган гапини айтаверадиган одамдан ёлғончироқ киши йўқдир”, – деганлар.
Асоссиз уйдирма гаплар тарқалаверса, бефарқлик вужудга келиб қолади, улкан гуноҳлар одатий ҳолга айланади, одамлар ҳам бундай ишларни қилишдан уялмайдиган бўлади. Ана шундай оқибатларнинг олдини олиш учун шариатимизда бундай ишлардан қайтарилган.
Жумладан, ҳадиси қудсийда: “Эй Одам фарзанди! Агар қалбингда ғашлик, баданингда беморлик, ризқингда маҳрумлик, молингда камчилик топсанг, демак, билгинки, сен бефойда нарсани (кўп) гапирибсан. Эй Одам фарзанди! Тилингни тўғри қилмагунингча, дининг тўғри бўлмайди. Роббингдан ҳаё қилмагунингча, тилинг тўғри бўлмайди. Эй Одам фарзанди! Агар ўз айбингни унутиб, одамларнинг айбига назар солсанг, унда сен шайтонни рози қилиб, Раҳмоннинг ғазабини келтирибсан. Эй Одам фарзанди! Тилинг шер (каби)дир. Агар уни қўйиб юборсанг, сени ўлдиради. Сенинг ҳалокатинг тилингни қўйиб юборишингдадир», дейилади. Комил инсон, юксак маънавият масалалари долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда мазкур ҳадислар инсондаги маънавий хасталикларга малҳам бўлиши тайин, албатта.

4-курс талабаси Камолов Абдураҳмон

229160cookie-checkАхборот асрида ёшлар онгини заҳарловчи омиллардан ҳимоя қилиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: