Ислом оламида сунан муаллифидан ташқари Абу Довуд номи билан машҳур бўлган яна икки буюк шахс бордир. Биринчиси, Абу Довуд ат-Тоялисий, иккинчиси, Абу Довуд аз-Зоҳирийдир.
Абу Довуд ат-Тоялисийнинг тўлиқ исмлари Сулаймон ибн Довуд ибн ал-Жаруд Абу Довуд ат-Тоялисий. Бу зот ҳижрий 133, мелодий 750 йилда туғилганлар ва Басра шаҳрида яшаб ўтганлар. Илм ўрганиш мақсадида жуда кўп шаҳарларга сафар қилганлар. У зот ислом оламидаги буюк муҳаддислардан биридир. У зот кучли хотира соҳиби эдилар. Асосан ҳадисларни Жарир ибн Ҳазим, Ҳаммод ибн Зайд, Ҳаммод ибн Салама, Шўъба, Суфёни Саврий, Ҳишом Дастувоий ва бошқалардан ривоят қилганлар. У зот ўзлари ҳақида “Мен мингта шайхдан ҳадис эшитдим”, деган гаплари ривоят қилинади. Ҳадисларни у зотдан Аҳмад ибн Ҳанбал, Али ибн Маданий, Амр ибн Али ал-Фаллос, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқалар ривоят қилганлар.
Миззий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “تهذيب الكمال” асарларида Абу Довуд ат-Тоялисий ҳақларида қуйидагиларни айтадилар: “Сулаймон ибн Довуд ибн ал-Жаруд Абу Довуд ат-Тоялисий ал-Басрий кучли ҳофиз, асл насаблари форсларга мансуб бўлган. Қурайш мавлоларидан бўлганлар”.
Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ: “У зотнинг оналари форслардан бўлиб, Бани Наср ибн Муовия мавлоларидан эдилар. Ўзлари эса Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу аҳлининг мавлоси эдилар”, деганлар.
Насоий раҳимаҳуллоҳ: “У зот сиқа – ўта ишончли ва тили соф кишилардан эдилар”, деганлар.
Бу зот кучли хотира эгаси бўлганлиги сабаб ўттиз минг ҳадисни ёддан ривоят қилганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал бу киши ҳақида сўралганларида: “Ўта ишончи ва ростгўй”, деб жавоб берганлар. “У киши ҳато қилади-ку”, дейишганида Аҳмад ибн Ҳанбал: “Бу нарса эҳтимолдир”, деганлар.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “التقريب” номли асарларида бу зот ҳақларида “Сиқа ҳофиз, лекин баъзи ҳадисларда чалкашиши кузатилган”, деб баён қилганлар.
Сулаймон ибн Довуд ибн ал-Жаруд Абу Довуд ат-Тоялисийнинг “مسند أبي داود الطيالسي” номли машҳур асари бор.
Сулаймон ибн Довуд ибн ал-Жаруд Абу Довуд ат-Тоялисий Басра шаҳрида ҳижратнинг 204 йили, мелоднинг 819 йили вафот этганлар. 203 йилда вафот этган деган ривоятлар ҳам бор.
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.
Тошкент шаҳар “ Юнусобод Оқтепа” жоме масжиди имом ноиби
Урол Назар Мустофо тайёрлади