islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин мўътабарроқ фиқҳ китоби кам бўлғай…”

Атоқли фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ илмига оид “Бидоят ал-мубтадий” номли кўп жилдли асари Шарқ мамлакатларидаги мадрасаларда ҳанузгача асосий қўлланма бўлиб келаётир; Бу асар форс, инглиз, рус каби хорижий тилларда таржима қилингандир. 

Ёзишмамизнинг хотима қисмида яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, нафақат ислом олами, балким бутун инсоният ҳуқуқий тафаккур тараққиётида беқиёс улкан ҳисса қўшган буюк аллома Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг ўз замонасида ҳамтоси, монанди ва тенги йўқ эди. Илмда, тақвода, эҳёда ҳамда ҳассосиётда тафаккур ва ҳуқуқ аҳлининг пешвоси эди. У ўзининг юксак қобилиятини ҳуқуқшунослик илмининг ривожига бахшида этди. Бу табаррук зот ҳанафия мазҳаби ҳуқуқшунослигини кенг ёйишга қўлидан келган барча хизматларни бажарди. У ўз исми билан довруғ таратган Имомнинг қаламига мансуб “Ҳидоя” асари ҳуқуқ илми борасида ўта мукаммал эканлигини нафақат ислом олами, ҳатто Оврупо аҳли илмлари ҳам эътироф этишган”.[1]

Асли номи Али бўлган бу зот жуда кучли фиқҳ илмига эга бўлгани учун  ҳам “Бурҳониддин” – “дин ҳужжати, дин далили”, деган унвон олган бўлиб,  қисқача номи Бурҳониддин Марғинонийдир. Буюк фақиҳнинг айнан  Бурҳониддин номи билан машҳур бўлганини назарда тутиб мазкур унвон  хусусида шарқшунос олим О.Ғафуровнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиб чиқсак:

“Бурҳон. Кўпгина мусулмонча исмлар каби Бурҳон ўрта асрлардаги эътиборли Бурҳониддин унвонининг қисқартирилган шаклидан келиб чиққан ва арабчадан таржимада “Диннинг исботи” деган маънони билдирган. Бундай унвонга асосан мусулмон руҳонийлари, фиқҳшунослар ва олимлар сазовор бўлганлар.

Гарчи Бурҳон мўътабар араб лақабларидан келиб чиққан бўлса-да, лекин уни араб мамлакатларида учратишингиз амримаҳол. Ўрта Шарқ мамлакатларида ҳам ғоят сийрак ишлатилади. Аммо Марказий Осиёда, айниқса Бухорода Бурҳон энг урф бўлган исмлардан бири эди. XI асрларда Бухоронинг подшоҳи халифа Умар маслаклакдошлари авлодидан деб ҳисобланган Умарнинг ўғли Абдулазиз эди. Унга берилган мўътабар “Бурҳонул-миллат-ваддин” – миллат ва дин далили” лақабининг ўзиёқ унинг нечоғли олий даражага эга бўлганлигини кўрсатиб турибди. Бундай “залворли” унвон ўша пайтларда давлатдаги энг ҳурматли ва обрў кишиларга  қўйилган. Уч асрдан кўпроқ давр мобайнида Бурҳонларнинг тақводор сулоласи Бухоройи шариф тақдирини қўлда тутиб турди. Бурҳонлар хонадонида шаҳар халифалигининг раиси (бошлиқ)лик лавозимини отадан ўғилга мерос бўлиб келади. Бурҳонлар шаҳарни қурол кучи билан босиб олганларнинг олий ҳокимятини оғиздагина тан олар эдилар… Ўзининг жаҳонга Бухоройи шариф Ислом динининг таянчи, деб ном чиқаришда бу кўҳна шаҳар маълум даражада Бурҳонлардан ҳам миннатдор бўлиши керак. Ҳатто Бурҳон деган муборак лақабнинг ўзи ҳам буни тасдиқлагандек бўлиб турибди. “Миллат ва дин далили” – бундай таржима ғоят жўн ва сўзма-сўздир. Бурҳониддин унвони “ҳақиқат” ёки “диннинг ҳақиқий ифодачиси” деган маънони англатади”.[2]

Бурҳониддинни “ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний” дейилган  тахаллус нисбалари эса, унинг ва ота-оналарининг юртларига нисбатан  берилган. “Марғиноний” нисбаси туғилган юртини англатиб, қадимда араблар Марғилон шаҳрини “Марғинон” деб аташгандир. Унга Абул Ҳасан куняси қўшиб айтилган.[3]

Тарихдан маълумки, Бурҳониддин Марғиноний фарзандлари ичида  Ҳасан исмли ўғлининг номи учрамайди. Шундай экан унинг Абул Ҳасан  куняси билан аталишининг сабаби нимада? Бизнингча, бу унинг Али исми  билан боғлиқ. Зеро, Али исмли кишиларга Абул Ҳасан кунясини қўшиб  айтиш одати ўрта асрларда анъанавий кўринишга эга бўлган. Гарчанд уларнинг Ҳасан исмли ўғли бўлмасада, “Абул Ҳасан” куняси қўшиб айтилган. Бунинг  сабаби ҳазрат Али ибн Абу Толибнинг куняси Абул Ҳасан бўлиб, айрим ҳолларда Али ўрнида “Абул Ҳасан” номи қўлланилган. Вақтлар ўтиши билан Али исми билан аталган бошқа шахсларга ҳам шу анъана қўлланилган бўлса керак.

Маълумки, ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу (ул зотнинг юзини Аллоҳ  мукаррам қилсин) Расули акрам Муҳаммад (570/571-632) алайҳиссаломга энг  яқин олти кишидан ҳамда жаннати эканликлари башорат қилинган ўн  саҳобадан бири бўлган. Манбаларнинг кўрсатишича, ҳазрат Алининг отаси Абу Толиб камбағал бўлган, шу сабабдан пайғамбаримиз (с.а.в.) у кишининг ўғлини ўз тарбиясига олган эди.[4] Ҳазрат Али ибн Абу Толиб туғилганда, Расули акрам (с.а.в.) ўттиз ёшда эди. Али Абу Толибнинг энг кичик ўғли эди. Алининг онаси Фотима хонимнинг айтишига кўра, ўғли туғилганда унга Али деган номни пайғамбар (с.а.в.) танлаган экан, ҳатто тилларини унинг оғзига солиб, озгина эмдирган ҳам экан.[5] Алалхусус, ҳазрат Али(к.в.) кейинчалик, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг йўлдошига айланиб, ҳатто кечалари ҳам у билан ёнма-ён ухлаган. Ҳазрат Али Расули акрам(с.а.в.)нинг дунёдан эрта ўтиб кетган ўғилларининг ўрнини босганлиги учун ҳам улар бир-бирларига ота ва ўғилдек бўлиб қолганлар.[6] Ул зот Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлишларининг иккинчи кунида, ўн яшарликларида иймон келтирганлар. Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, ҳазрат Али асло бутларга сиғинмаганлар. Шунинг учун ҳам унинг муборак исмлари айтилганда “Каррамуллоҳу важҳаҳу” (ул зотнинг юзини Аллоҳ мукаррам қилсин) дея таъзим бажо келтирилади.[7]

Қадимдан халқ эртаклари ва достонларидаги идеал қаҳрамонлар  сифатлари ҳазрат Алига қиёслаб келинган ва халқ бахшилари ҳам Алининг  илоҳий куч – қуввати, мардлиги ҳақидаги афсона ва ривоятлардан келиб чиқиб, ўз севган қаҳрамонларига Али сифатларини тақаганлар.[8] Хусусан, X асрдан тортиб то XX аср бошларига қадар Марказий Осиёда яшаб ижод этган кўплаб адибларнинг асарларидаги бош қаҳрамоннинг хислатларини айнан ҳазрат Алига қиёслаш анъанага айланганлиги барчамизга маълум. Чунки ҳазрат Али  қаҳрамонлардек – халқ идеали. У беқиёс куч тимсоли, тинчлик, мустақиллик, мардлик, паҳлавонлик, тўғрилик, меҳрибонлик, дўстлик, адолатпарварлик, соддадилликнинг рамзий ифодаси. Унинг жасур ҳаракатида оғирлик, салмоқдор вазминлик бўртиб турса-да, кераксиз шошқалоқлик, исёнкор руҳ бегона. Ҳар бир фаолияти ягона мақсад томон йўналтирилган.[9] Айнан шу  сабабдан кўплаб мусулмон адиблари қадимда ўз қаҳрамонларини мардлик  рамзи ҳисобланмиш Али ибн Аби Толибга қиёслаб таърифлашга алоҳида урғу берганлар.

Абдуллоҳ ибн Айёш ибн Абу Робийъа ҳазрат Алига шундай таъриф  берган эди: “Алида илмда хоҳлаганингча ўткир тиши бор эди. Унинг маишатда соддалиги бор эди. Исломда қадимлиги бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила аҳди бор эди. Суннатда фиқҳи бор эди. Урушда қутқариши бор эди. Молда сахийлиги бор эди”.

Абдулазиз Шанавийнинг қуйидаги маълумотлари ҳазрат Алининг чуқур  илм соҳиби эканлигига яққол мисол бўлади деб ўйлаймиз:

“Аллоҳ таоло Алига Расулуллоҳнинг неваралари Ҳасанни ато этди. Шундан сўнг ҳазрати Алини Абул Ҳасан деб чақирадиган бўлишди…

Саҳобалар ва тобеъинлар Абул Ҳасанни фиқҳ, фатво ва ҳукм масаласида етакчи бўлганига ижмоъ(сўзлари бир жойдан чиққан) қилганлар. Аввалги халифа Абу Бакр, амирул мўминин Умар ва учинчи халифа Усмон қийин ва мушкул масалаларни ҳал қилишда Алига мурожаат қилишган. Форуқ Али хусусида шундай дер эди:

– Али бизнинг қозимиз.

Абул Ҳасансиз бирон масалани ҳал қилишда Аллоҳдан паноҳ тиларди. Буни Умарнинг қўйидаги сўзлари ҳам исботлайди:

– Агар Али бўлмаса, Умар ҳалок бўларди.

Қуръон таржимони деган шарафга эришган Абдуллоҳ ибн Аббос айтади:

– Илмнинг ўндан тўққиз қисми Али ибн Абу Толибга берилган, қолган бир қисмини у бошқалар билан бўлишиб олган.

Бир киши Абу Ҳафсанинг олдига келиб сўради:

– Эй мўминлар амири, умра қаердан бошланади?

– Алидан сўра.

Мўминлар онаси Оиша онамиз сўради:

– Ким сизларга Ашуро куни рўза тутиш ҳақида фатво берди?

– Али ибн Абу Толиб, – дейишди. Авлодлар муаллимаси Оиша (р.а.) айтдилар:

– У суннатни бошқалардан кўра яхши билади.

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади:

– Мадинада фароизни (мерос илмини) билгувчироғи Али ибн Абу Толибдир.

Абул Ҳасан (р.а.) айтардики:

– Мендан сўрайверинглар, Аллоҳга қасамки, мендан бир нарсани сўрасанглар, унинг хабарини бераман. Мендан Аллоҳнинг китоби ҳақида сўранглар. Мен ҳар бир  оятни қай вақт – кечаси нозил бўлганми ёки кундуз, водий ёки тоғда нозил бўлганми, ҳаммасини биламан”.[10]

Қадимги даврлардан буён аждодларимиз фарзандларини ҳазрат Алидек  илмли, шижоатли ва жасур бўлиб ўсишларини истаганликлари боис, уларга  Муртазо, Асадуллоҳ, Шоҳимардон, Ҳайдарали, Алишер, Алижон, Алимардон  сингари исмларни қўйганлар.[11]

Исмларга Али исмини қўшиб айтишда болани Али ўз паноҳида асрасин  деган тушунчалар ётган.[12] Масалан, Шерали ва Алишер исмларини олайлик.  Мазкур исмлар “Шердек жасур довюрак ўғилни Али ўз паноҳида асрасин”  деган маънода бўлиб, кишилар бундай исмлар болаларни асраб, уларни ҳимоя  қилиб келишига ишонганлар.[13] Бундан ташқари чақалоққа Али исмининг берилиши унинг ҳаётига, тақдири ва бахтига катта таъсир кўрсатади деб қаралган.[14] Чунки Али билан боғлиқ исмлар хосиятли номлардан бири бўлиб, болада ҳазрат Алига хос яхши хислатларни юзага келтиришига шубҳа қилмаганлар. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, ўзбек халқи орасида фарзандларига айнан Али, Алишер исмини қўйиш анъанага айланган.[15] Чунончи, тарихда Али исми билан аталган жуда кўплаб машҳур зотлар яшаб ўтганларки, беихтиёр уларни бу қадар машҳур бўлишларида хосиятли  исмларининг ҳам таъсири бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.

Юқоридан келтирилган маълумотлардан англашиладики, Бурҳониддинга ал-Марғинонийга Али исмини қўйишда ота-онаси уни ҳазрат Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) сингари беқиёс илм соҳиби бўлишини истаганликлари сабаби бўлса керак. Бинобарин, уларнинг бу орзуси рўёбга чиқанлигини фарзандларининг буюк фақиҳ бўлиб етишганлигидан билса бўлади.

Таъкидланганидек, Соҳиби Ҳидоя диний илмларнинг барчасини  эгаллаган қомусий олим эди. У киши ҳуқуқшунос, тарихчи, тилшунос ва  адабиётшунослик фанларини мукаммал эгаллаган. Масалан, у “Китоб ул- машойих” асарида замонасининг машҳур шайхлари тўғрисида ёзар экан  тарихчи олимлар сингари маълумот беради. Қолган соҳаларда унинг истеъдоди “Ҳидоя” асари орқали яққол намоён бўлади. Ҳуқуқ, тил ва адабиёт қонунларига тўла асосланган ҳолда битилган мазкур асар ўзининг мукаммаллиги билан ҳам шуҳрат қозонган.

Бурҳониддин Марғинонийни дунёга танитган асар “ал-Ҳидоя”  эканлигини яхши биламиз. Бинобарин, “ал-Ҳидоя” ислом ҳуқуқшунослигининг энг асосий қўлланмаларидан биридир. Бу асарда дастлабки фиқҳ олимларининг яратган энг йирик асарларидаги бош ғоя ва мазмун жамланган. Шу боис ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу тўғрида ёзар экан: “Яна соҳиби Ҳидоя”ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин муътабарроқ китоби фиқҳ кам бўлғай, Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидандур, ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдур” – дейди.[16]

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

3-курс талабаси Маҳмудов Ҳакимхон

[1] Каттаев К. Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Али Суғдий ва ҳуқуқшунослик.  Самарқанд, 2007. –Б. 21-27.

[2] Ғафуров О. Асма ул-ҳусна ёхуд табаррук исмлар. I қисм. Т., 1998.-Б.38-39.

[3] Маълумки, куня бу отанинг фарзанд номи билан аталган лақабидир. Яъни “Абу Толиб”,  – “Толибнинг отаси”, “Абу-л-Қосим” – “Қосимнинг отаси” кабилар бунга мисол бўлади. Шуни   айтиб ўтиш керакки, баъзан ўғли йўқ кишиларга қандайдир бошқа исм билан куня қўйиб  келинган. Масалан, араб файласуфи Абу Аълони кўрсатиш мумкин. У фарзандсиз бўлса-да, “Абу Аъло” кунясини ўзига олган эди. Бу тўғрисида Абу Райҳон Берунийнинг қуйидаги фикрни келтиради: “Араблар кунялар билан кичикларнинг қадрини улуғлайдилар ва катталарнинг номини айтмай, куняларини айтиш билан кифояланадилар”.

[4] Большаков О.Г. История халифата. В 4 т. Т.1. Ислам в Аравии (570-633). М., 2002. С.66.

[5] Абдусодиқ Ирис. Чаҳорёр // Мулоқот. Т., 1993, № 3-4.- Б. 39.

[6] Вахтин Ю. Б. Жизнь пророка Мухаммеда. Т.: Литературно-художественное издание, 1991  С. 35.

[7] Osmonlicha ansiklopedik buyuk lug’at. Anqara, 1993. – Б.55.

[8] Саримсоқов Б Достонлар юзасидан тестологик қайдлар // Ўзбек халқ ижоди бўйича  тадқиқотлар. 4 китоб.Т.: Фан, 1976. –Б.141.

[9] Имомов К. Эртак ва достонларда идеал қаҳрамон талқини масаласига доир // Ўзбек халқ  ижоди бўйича тадқиқотлар. 4 китоб. Т.: Фан, 1976. –Б.127.

[10] Абдулазиз Шанавий. Расулуллоҳнинг издошлари / Таржимон Илҳом Элмуродов. Т.:   Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 71-72.

[11] Маллицкий Н. Г. Система наименования у коренного населения (гор. Т) // Известия   Средне-Азиатского комитета. Выпуск третий. Т., Средазкомстарис. 1928. С. 243.

[12] Бегматов Э.А. Ўзбек исмлари.Т.: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси, 1998. –Б.27.

[13] Гафуров А. Имя и история. М.: Наука, 1987. С. 40

[14] Абдулаҳатов Н., Азимов В. Эл ва ер фарзанди. Т.: Шарқ, 2008. – Б. 32.

[15] Никонов В.А. Узбеки // Системы личных имен у народов мира. М.: Наука, 1986. С.314.

[16]Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Порсо Шамсиев, Содиқ Мирзаев ва Эйжи  Мано(Япония) нашрлари асосида қайта нашрга тайёрловчи: Саидбек Ҳасанов.Т.: Шарқ, 2002.–Б.  59.

230940cookie-check“Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин мўътабарроқ фиқҳ китоби кам бўлғай…”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: