Уламолар ғийбат тўғрисида ва унинг чегараси борасида турли хил фикрлар билдирганлар.
Имом Роғиб раҳматуллоҳи алайҳ: «Ғийбат, бу бир инсон бошқа бир инсоннинг айбларини кераксиз ўринда зикр қилишидир», деганлар.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ғийбатнинг чегараси – сен биродарингни эшитса унга ёқмайдиган нарса билан зикр қилиш», деганлар.
Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ эса «Ниҳоя» китобида шундай дейдилар: «Ғийбат – бир инсоннинг йўқлигида ёмонлик билан эсланиши. Гарчи ўша ёмонлик шу инсонда бўлса ҳам».
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ «ал-Азкор» китобларида Имом Ғаззолийнинг сўзларига мос равишда: «Ғийбат – кишини ундаги бир ёмон нарса билан зикр қилиш. Ўша ёмон нарса шахснинг баданида, динида, дунёсида, нафсида, қадди-қоматида, хулқида, молида, боласида, аёлида, қўл остидаги кишиларида, кийимида, ҳаракатида ёки унга тааллуқли бошқа нарсаларида бўлсин – фарқи йўқ. Шу ёмонлик лафз билан ифодаланадими, ишора биланми ёки белги биланми, барибир ғийбат бўлади», деганлар.
Ибн Тийн раҳимаҳуллоҳ: «Ғийбат бу бир кишининг орқасидан эшитса, унга ёқмайдиган нарса билан эслаш», деганлар.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Кўп фақиҳлар ўзлари тасниф қилган китобларда айтганлар: Илмни даъво қилувчилардан бири айтади, солиҳларга мансуб фалончи айтади, каби эшитувчига гап нима ҳақида кетаётгани маълум бўлиб турадиган гаплар ҳам ғийбат сирасидандир».
Ғийбат фақат гап билан бўлмайди. Бир кишига бошқа бир киши ҳақида эшитса, унга ёқмайдиган нуқсонини феъл ёки ишора, белги, ёзув ёки шунга ўхшаш бошқа нарсалар билан тушунтириш, масалан унинг юришига ўхшатиб юриб бериш, буларнинг бари ғийбатдир. Балки бу нарса тушунтириш ва тасвирлаш билан бўлгани учун ғийбатдан ҳам каттароқдир.
Биз айтаётган ғийбат билан чақимчилик ўртасида ҳам фарқ бор. Бу ҳақда Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний шундай дейдилар: “Ғийбат билан чақимчиликнинг иккаласи бир нарса, ёки мутлақо бошқа-бошқа нарса эканида турли хил фикрлар бор. Бундай фикрларнинг ҳақиқатга яқинроғи уларнинг бошқа-бошқа нарса эканидир. Бу икки иллатнинг ўртасида умумий жиҳатлар ҳам, бир-биридан фарқли жиҳатлар ҳам мавжуд. Чақимчилик бир кишининг ҳолини унинг розилигисиз бошқа бир кишига ғаразли ниятда айтишдир. Ғийбат эса, юқорида айтиб ўтилганидек, кишини у рози бўлмайдиган нарсалар билан зикр қилиш. Чақимчиликда бузғунчилик қасд қилиниши билан ғийбатдан ажратилса, ғийбатда бундай нарса шарт эмас. Ғийбат гапирилаётган одам ўша пайтда йўқ бўлиши билан чақимчиликдан фарқ қилса, бундан бошқа нарсаларда чақимчилик билан ғийбат жуда ўхшайшди. Кўп уламолар айтилаётган сўз ғийбат бўлиши учун гапирилаётган одам ўша ерда йўқ бўлиши керак, дейдилар.
Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки ғийбат ҳам, чақимчилик ҳам жуда катта гуноҳ ва ҳаром амаллардандир. Ғийбатнинг ҳаром эканлигига Қуръони каримда ҳам, суннатда ҳам, умматнинг ижмосида ҳам очиқ-ойдин далиллар бордир. Шундай экан, мўмин киши улардан ўз тилини сақламоғи лозимдир.
Аллоҳ таолодан бундай ҳаром ишларни билиб-билмай қилиб қўйишдан паноҳ сўраймиз.
«Офатул лисон» китоби асосида
Тошкент Ислом институти талабаси
Нуриддин Муҳаммаджон
тайёрлади