islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Балки шуниси хайрлидир…

Бу халқнинг антиқа, ўз навбатида, мантиқли бир одати бор. Шаҳарликлар фарзандлари соғлом, тили равон бўлиб ўсиши учун уларни чақалоқликларидаёқ бир неча йилга қишлоққа — эмизувчи хотинларга бериб юборардилар.
Гоҳ-гоҳида ё ўзлари бориб хабар оладилар ёхуд болани васийлари олиб келиб туради.

Мана, бу мавсумда ҳам хотинлар жамоа бўлиб от, туя, эшак, хачирларга миниб шаҳарга кириб келишди. Кела солиб аввало бойларнинг дарвозасини тақиллатдилар. Боланинг яхши-ёмони бўлмайдикуя, бироқ ортидан келиб турадиган таъминоти бир-бириникидан фарқ қилади. Оддий оила ўз боласи учун ўртамиёна маблағ ажратса, бойлар яхшигина «отади».

Эрталаб бола таклиф қилиб чиққан бир келиннинг илтимоси ерда қолди. Негаки яқиндагина эри сафарда вафот этибди. Қайнотаси эса обрўли одам экану, бироқ пулдор эмас экан, афсус. Бунақа оиладан мўмай даромад кўриш мушкул. Хотинлар: «Ҳа майли, шерикларимга айтиб кўраман, кимдир болангизни олиб кетар. Ташвиш чекманг, Оминахон», дея секин вазиятдан чиқиб кетавердилар.

Устига-устак, бу шаҳарда аҳоли кўп. Демакки, келган қишлоқлик аёлларда танлаш имконияти кенг. Оминага ўхшаган беваларнинг дуойи хайрлари қоринни тўйдирармиди?! Ўзи шундоқ ҳам қишлоқда бу йил қаҳатчилик авжида. Мол-холнинг елини кампирнинг юзидек буришиб ётибди.
Шунинг учун қишлоқлик янгаларимиз орзуларидаги болаларни олиб, қайтиш ҳозирлигини кўра бошладилар.

Булар орасида биргина келин — Ҳалима қолди бола олмаган. Қишлоқдош хотинлар олдида боласиз қайтишдан уялди. Ортга қайтиш арафасида: «Ўша етимни бўлса ҳам оволақолайлик, дадаси» деб қолди. Эри мард йигит. «Албатта, балки шуниси хайрлидир. Зора ўша бола сабабидан хонадонимизга барака кирса».
Бориб Абдулмутталиб бобонинг набирасини олдилар. Ҳалима болани қучиб унга кўксини тутди ҳамки, уйидаги моллариники каби қуриб қолган кўкраги бирдан сутга тўлиб кетди. «Ажабо, йўл бўйи боламни эмизишга сути келмаган кўкракларимми шу?!» деб ўйларди ичида. Шаҳарга келишда ортда қолавериб ҳамманинг энсасини қотирган эшаги ҳам энди бошқаларнинг отларидан чаққонроқ эди. Йўл бўйи ҳар гал шунақа хайр-барака насиб қилганда Ҳалима ва эри бу ишлар нима сабабдан бўлаётганини тушунгандай бир-бирларига қараб жилмайиб қўярдилар.

Бу ҳали ҳолваси!
Қишлоққа қайтганларида тинимсиз келган хайр-баракалар олдида йўлдагилари оддий бўлиб қолди. Ҳамманинг мол-қўйи кечқурун сутсиз қайтса, Ҳалималарнинг қўйлари елинини аранг кўтариб келарди. Қўшни хотинлар чўпонга танбеҳ бериб: «Ҳой, буларнинг қўйи ўтлаган жойда ўтлатсангчи мундоқ бизнинг қўйларни ҳам» дейишарди.

Хуллас, хонадонда барака, сакинат, ҳаловат ҳукмрон эди.

Маккада бу етим гўдак — Муҳаммадни олиб парваришлашни ҳеч ким истамаганди, энди эса унинг баракаси туфайли хонадон аҳли ҳаммадан ҳам тўкин-сочин ҳаёт кечиряпти.

Келинг, мазкур ҳодисадан келиб чиқадиган хулосани шу етим зотга Аллоҳ берган Каломдан излайлик:

«Ва эҳтимол, бирор нарсани ёмон кўрасизлару, аслида у сизлар учун хайр бўлади. Ва эҳтимолки, бирор нарсани яхши кўрасизлару, аслида у сизлар учун ёмон бўлади. Ўзи фақат Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар». Бақара сураси, 216-оят.

«Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчи-стажëри Сардорхўжа Расулхўжаев»

238000cookie-checkБалки шуниси хайрлидир…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: