islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

2017-2021 йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар (2-мақола)

«Ҳидоят сари» ва «Зиё медиа маркази» ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши

2017 йил 13 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «O‘zbekiston» телерадиоканалининг «Ҳидоят сари» студияси ва Тошкент ислом университети «Зиё медиа маркази» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 716-сон қарори қадкл қилинди.

Қарорга мувофиқ мамлакатимизда ислом маданияти, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларини обод этиш, муқаддас динимиз мусаффолигини асраш, аҳоли, айниқса, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, уларни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «O‘zbekiston» телерадиоканали» давлат унитар корхонасининг «Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар» бош муҳарририяти таркибида «Ҳидоят сари» маърифий кўрсатувлар студияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети «Зиё» студияси негизида «Зиё медиа маркази» ташкил этилди[1].

«Ҳидоят сари» маърифий кўрсатувлар студиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги янгиликлар билан аҳолини ўз вақтида таништириб бориш;
  • ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг беназир меросини янада кенг тарғиб қилиш;
  • ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида чуқур фалсафий ва ибратга йўғрилган саҳналаштирилган бадиий теленовеллалар яратиш;
  • терроризм, диний экстремизм, ҳар хил оқимлардан ёшларни асрашга қаратилган, жумладан, «оммавий маданият»нинг турли иллатларидан ҳимоя этишга йўналтирилган махсус кўрсатув ва роликлар тайёрлаш;
  • вилоят, шаҳар, туман бош имом хатиблари ва мутасадди вазирликлар ҳамда идоралар вакиллари иштирокида бугун инсоният ҳаётига хавф солаётган муаммолар, оилавий, одоб-ахлоқ, ўзаро муомала жараёни ва шу каби зарур масалалар, шу билан бирга фуқароларимизни қизиқтирган мавзуга доир саволлар юзасидан доимий равишда ток-шоулар ташкил этиш;
  • мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар, муқаддас қадамжолар, тарихий обида ва қадриятлар ҳақида доимий равишда илмий-оммабоп кўрсатувлар тайёрлаш;
  • теледастурларда республикамизнинг барча вилоят, шаҳар, туманларида фаолият юритаётган имом хатибларнинг иштирокини таъминлаш ва ҳудудий телерадиокомпанияларнинг фаоллигини янада ошириш.

«Зиё медиа маркази» нинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • мустақиллик йиллари юртимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, турли дин вакилларининг ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун яратилаётган қулайлик ва шарт-шароитларни аҳоли, хусусан ёшлар орасида кенг тарғиб этиш;
  • ўсиб келаётган авлодни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат, турли миллат ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенглик руҳида тарбиялашга бағишланган телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар тайёрлаш ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телерадиоканалларда эфирга узатиш;
  • диний-маърифий йўналишда тайёрланадиган теле ва радио эшиттиришларни, муқаддас динимиз мусаффолигини сақлаш, бой ҳамда ноёб исломий маданий меросни бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш;
  • ёшларни ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни ёт оқимларнинг ноинсоний мақсад-муддаоларидан хабардор этиш;
  • ёшлар ўртасида соғлом маънавий муҳит асосларини кенг ёйиш.

Шунингдке, «Ҳидоят сари» ва «Зиё медиа маркази»нинг ижодкорларини рағбатлантириш мақсадида журналистика соҳасида ўтказиладиган нуфузли кўрик танловларда диний-маърифий мавзуларни энг яхши ёритганлиги учун алоҳида номинация жорий этиш белгиланди.

2017 йил 2 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 572-сон қарори қабул қилинди. Қарорга муврфиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг устави тасдиқланди[2].

Марказ фаолиятининг асосий мақсади эътиқоди ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборат.

Марказнинг асосий вазифалари Қуйидагилар этиб белгиланди:

  • мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;
  • Марказ таркибидаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;
  • ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш;
  • жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш;
  • ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш;
  • Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланганини Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Кеш, Насаф, Термиз, Андижон, Марғилон, Кармана, Қўқон сингари қадимий шаҳарларимиз, улуғ алломалар ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб юртимизда бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, моддий ва номоддий мерос, хусусан, «Шашмақом» намуналари каби ноёб экспонатлар орқали акс эттириш, шу йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида қомуслар, каталог ва альбомлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрлаш;
  • Марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва уларнинг натижаларидан юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиб бориш;
  • Европа Ренессансининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонларини ташкил этиш орқали Марказда намойиш этиладиган экспозицияларни мазкур даврларга оид экспонат ва кўргазмали манбалар билан бойитиш;
  • жаҳон тарихида «Амир Темур ва темурийлар ренессанси» деган ном билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврда яратилган илм-фан, маданият ва меъморлик дурдоналарини ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида кўрсатиш;
  • бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

Давоми бор…

1-мақола

ТИИ Матбуот хизмати

 ходимаси Дилафруз Қурбонова

[1] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги «O‘zbekiston» телерадиоканалининг «Ҳидоят сари» студияси ва Тошкент ислом университети «Зиё медиа маркази» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 716-сон қарори. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 998-модда.

[2] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 572-сон қарори. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 31-сон, 782-модда.

238550cookie-check2017-2021 йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар (2-мақола)