islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мавлид нишонлаш бидъатми?

Рабиъул аввал ойи муносабати билан Тошкент ислом институтида “Октябр – Сийрат ва ислом тарихи фани ойлиги” деб эълон қилинди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал мавлид ойи ҳам деб номланади.

Мавлид ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ва ислом тарихи кўпроқ ўрганилади.

Шу муносабат билан ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан Модуль таълим тизими талабалари учун “Мавлид тарихи, моҳияти ва баҳслар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

ТИИ ректори У.Ғафуров, проректор У.Ходжаев, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов, ўқитувчилар Ф.Маманосиров, Ф.Ерназаров, И.Юлдошев ва бошқалар иштирок этдилар.

Мавлид тадбири Қуръон тиловати билан бошланди. Дуои хайрдан сўнг ректор У.Ғафуров кириши сўзи билан нутқ сўзлади.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Абдулҳамид домла Жуманов талабаларга “Мавлид тарихи, моҳияти ва баҳслар“, Фахриддин домла Маманосиров “Бидъатнинг таърифи” мавзулари юзасидан маълумот бердилар.

Мавлид нишонлаш тарихи

“Мавлид” арабча сўз бўлиб, туғилиш, туғилган жой ва туғилган вақт маъноларини англатади. Мавлид деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган ойлари назарда тутилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган саналарини Ибн Исҳоқ Фил йилида Рабиъул аввал ойининг 12 куни, душанба;
Маҳмуд Пошо Фалакий эса астрономик ҳисоб билан милодий 571 йилнинг 9 рабиъул аввал, душанба куни деб кўрсатган.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, мавлидни биринчи бўлиб фотимийлар (909–1171) нишонлаган.
Кейинроқ Айюбийлар давлатида Ирбил шаҳри амири Амир Музаффариддин Абу Саид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Табуктекин (1153–1232) байрам қилиб белгилаган.
Амир Музаффариддин мавлид байрамини ўтказиш учун уч юз минг динор сарфланган. Байрамнинг нишонлаш арафасида Ирбил шаҳрига туташ бўлган шаҳарлар, Бағдод, Мосул ва бошқа жойлардан фақиҳлар, тасаввуф олимлари, ўткир воизлар ҳамда шоирлар таклиф қилинарди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари борасида ихтилоф борлиги учун ҳам байрам асосан рабиъул аввал ойининг саккизинчи ва ўн иккинчи кунлари бўлиб ўтган.
Усмонийлар давлатида ҳам мавлид байрами кенг миқёсда нишонланган. Таҳтга Абдулҳамид II сайланганидан кейин мавлид байрамини нишонлаш фақатгина “Жомеъул Ҳамийдий” деб номланадиган катта масжидда ўтаказиладиган бўлди.
Усмонийлар мавлидни Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни ўтказадилар. Давлат аъёнлари, уламолар ва бошқа жойлардан таклиф қилинган меҳмонлар катта жомеънинг олдида султонни кутиб туришар, Султон жомеъга ташриф буюрганидан кейин барча масжидга кириб, мавлид байрами бошланарди.
Байрам Қуръон қироати билан бошланиб, сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни дунёга келишлари борасида қиссалар ўқилар ва ундан кейин “Далоилул Хойрот фи солати ъалан Набий” номли китоб йиғилганларга ўқиб берилар эди. Сўнга зикр ҳалқалари ташкил қилиниб, баланд овозда салавотлар айтилар эди.
Ҳозирда ҳам мусулмон юртларда мавлид асосан масжидларда ўтказилиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мадҳ этилган қасидалар тингланади, сийратлари тўғрисида суҳбатлар бўлади, салавотлар айтилади.

Бидъат нима?

«Бидъат» сўзи луғатда бир нарсани янгитдан пайдо қилиш маъносини англатади.

«Бидъат»нинг шаръий истилоҳи – таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб таҳлил қилган мутахссислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.
Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шомалар, моликийлардан Қурофий ва Зарқонийлар, ҳанафийлардан Ибн Обидийн, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зо-ҳирийлардан Ибн Ҳазмлар кирадилар.
Бу йўналишдаги уламолар бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин Қуръон ва Суннатда йўқ ва динда янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдилар.
Бу йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб унда:
«Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.

Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турларга тақсимланади:

1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки, бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб. Бу нарса Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам қўйилди.
2. Ҳаром бидъат. Қадария, Жабрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Булар ҳам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.

3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб деб баҳоланган.

4. Макруҳ бидъат. Масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.

5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва емоқ, ичмоқ ва киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.

ТИИ Матбуот хизмати

248200cookie-checkМавлид нишонлаш бидъатми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: