“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Аъзамов 3-курс талабаларига “Илм йўлида риёзат ва ихлоснинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этди.
Илм фазилати
Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда келган қуйидаги сўзлари илмнинг фазилатли эканига очиқ далилдир:
«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.» (Оли Имрон, 18).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала, 11).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг. Аллоҳ таоло:
«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» деб айтган (Зумар, 9)».
Яна Аллоҳ таоло айтади:
«Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар» (Фотир, 28).
Раъд сурасида айтилади:
«Кофир бўлган кимсалар (Сизга): «Пайғамбар эмассан», – дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб (Қуръон) илмидан хабардор бўлган кишилар гувоҳлик бўйича кифоя қилур»» (43).
Яна Аллоҳ таоло Намл сурасида айтади:
«Китобдан (Исми аъзамдан) хабардор бўлган зот эса: «Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман», – деди» (40). Бу оятда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг котиблари илм қуввати билан мазкур ишга қодир бўлганини таъкидламоқда.
Қасос сурасида айтади:
«Илм ато этилган кишилар (руҳонийлар) эса: «Ўлим келсин сизларга! Имон келтирган ва эзгу иш қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқ-ку!» (80). Бу оятда ҳам Аллоҳ таоло охиратдаги ажр-мукофотнинг буюклиги илм билан бўлишини баён этяпти.
Анкабут сурасида айтади:
«Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (43).
Нисо сурасида эса бундай дейди:
«Уларга (жанг майдонидан) омонлик ёки хавфли иш (хабари) келса, уни ёйиб юборадилар. Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар» (83). Аллоҳ бу оятда воқеалар ҳукмини олимлар ва амирлардан олишни буюриб, Аллоҳнинг ҳукмини тушунишда уларнинг мартабаларини Пайғамбарлар рутбасига яқин қилди.
Аъроф сурасидаги:
«Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир» (26), деган сўзи тафсирида баъзи уламолар «либос»ни «илм», «ясан-тусан либоси»ни «имон» деб тушунтиришган.
Аъроф сурасининг 52-оятида бундай дейилади:
«Уларга (кофирларга) ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи) сифатида Ўзимиз муфассал баён қилган Китоб (Қуръон)ни илмий асосда келтирдик».
Аллоҳ азза ва жалла яна айтади:
«Уларга, албатта, (қилмишларини) билган ҳолда сўзлаб берурмиз. Биз ғойиб эмасмиз» (Аъроф, 7);
«Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларида (ёд бўлгувчи) аниқ-равшан оятлардир» (Анкабут, 49);
«(У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди» (Раҳмон, 3–4).
Аллоҳ таоло бу оятларда илмни неъмат ўлароқ зикр қилди.
Ҳадиси шарифларда эса, илм фазилати қуйидагича баён этилади:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади».Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Икки хислат борки, (улар) мунофиқда ҳаргиз бўлмайди: чиройли хулқ ва динда фақиҳлик».