Бугун, 2 ноябрь куни Тошкент ислом институтида ўтган ой охирида Қирғизистонда бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида 3-ўринни эгаллаган Ҳабибуллоҳ қори Олимжоновни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари чиқишларида бугунги кунда Ўзбекистон заминида истиқомат қилаётган инсонлар энг бахтли кишилар экани, боиси Ислом дини, Қуръон таълимини ўрганиш учун кенг имкониятлар берилгани, Юрт раҳбарининг Аллоҳнинг каломига, буюк мутафаккирлар меросига ва улуғ алломалар ижодига муҳаббатлари чексиз экани, бугун эришилган ютуқлар ҳам хайрли ислоҳотларнинг ширин меваси эканини баён этдилар. Ўз навбатида, халқимиз мана шундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан маънавий комиллик ва руҳий етукликка интилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Набий алайҳиссаломнинг Қуръони каримни эшитиш инсонга роҳат бағишлаши ҳақидаги ривоятлардан сўзлаб, Ул зот улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан Қуръони каримни эшитишни яхши кўришлари ҳақида келган таъсирли воқеаларни гапириб бердилар.
Мана шундай нуфузли мусобақада ўзбекистонлик қори 3-ўринни олиши катта фахр бўлиши, бунинг замирида устозлар ва ота-оналарининг меҳнати беқиёс эканини сўзлаш баробарида ўлкамиздан келгусида Ҳалил Хусорий, Абдулбосит Абдуссомад каби машҳур қорилар етишиб чиқишини муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрадилар.
Маросимда “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғли ҳам сўзга чиқиб, институт жамоасини муносиб ғалаба билан муборакбод этиш асносида халқаро Қуръон мусобақаларида иштирок этиш маҳорати ҳақида сўзлаб берди.
Институт ректори Уйғун Ғофуров Пайғамбар алайҳиссалом таваллуд топган Рабиъул аввал ойида жуда кўп қувончли воқеалар бўлаётгани, мана шундай хушхабарлардан бири Давлатимиз раҳбарининг Қуръон таълимига бераётган эътиборлари, алоҳида “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими, қироат курслари ташкил этилганининг натижаси ўлароқ мазкур мусобақада институт талабаси фахрли ўринни эгаллаганини мамнуният ила сўзлади.
Тарбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Ҳабибуллоҳ қори Олимжоновга 13.974.000 сўмлик бир йиллик ўқув шартномаси тўланганлиги ёрлиғини туҳфа этдилар. Шунингдек, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими, Тошкент ислом институти жамоаси томонидан ҳам Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов ва унинг ота-онаси, устозларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Албатта, ҳар бир инсон илк тарбияни, таълимни оилада отадан олади. Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов ҳам илк Қуръон сабоқларини отаси Розиқов Абдуллоҳдан олган бўлиб, падари бузруквори унинг илк устози ҳисобланади. Шуларни инобатга олиб, тарбияли, қори фарзанд етиштирган А.Розиқов ТИИ ректори У.Ғафуровдан чангютгич қабул қилиб олди.
Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов 3 йил мобайнида тажвид ва Қуръон илмларини устози, Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир қори Рўзиевдан ўрганиб мана шундай натижаларга эришди. Шогирдининг юқори натижасини эътироф этган ҳолда Ж.Рўзиевга ректор У.Ғафуров электр печи ва фахрий ёрлиқ топширди.
Ҳам диний, ҳам замонавий илмларни бирдек мустаҳкам ўрганиши учун, талабаларга ўқиш давомида жуда ҳам зарур бўлган ноутбукни Олий Маъҳад жамоаси номидан институт ректори Ҳабибуллоҳ қорига тақдим қилди ва шу билан бирга ютуқлари бардавом бўлишини тилаган ҳолда фахрий ёрлиғи ҳам берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати