БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан Тошкент шаҳрида “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” мавзусида 16 кунлик кампания ўтказилмоқда.
Ушбу акция Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ва бошқа қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган. Тадбир зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва болаларга ўз вақтида манзилли ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоя қилиш ҳамда аҳоли ўртасида ушбу йўналишда тарғибот ишларини амалга оширишни кучайтиришга қаратилган.
Шунингдек, мазкур кампания доирасида аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги роли, турмуш тарзи, яшаш шароитлари ҳамда қонуний мафаатларини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Тадбирга бир қатор меҳмонлар ташриф буюрди. Жумладан, марказнинг бош психологи Умида Усмонова, Тошкент шаҳар аёллар билан ишлаш бўлими раҳбари Ирода Абдуллаева, Халқ таълими бошқармаси ходимлари ва психологи Ҳурсаной Жумаева, тиббий ташкилотлар ходимлари ҳамда Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси туман бўлимлари ходимлари иштирок этдилар.
Марказ раҳбари Гулчеҳра Маткаримова марказнинг ҳозирги кунда олиб бораётган ишлари борасида сўзлаб тадбирни очиб берди. Тошкент шаҳар аёллар билан ишлаш бўлими раҳбари Ирода Абдуллаева амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида оилаларда бўлаётган зўравонликларнинг содир бўлиш кўрсаткичи ҳозирги кунга келиб пасайгани борасида статистик маълумотлар билан таништириш билан бир қаторда ушбу масъулиятли вазифани мукаммал бажариш учун ҳамжиҳатликда ишлаш кераклигини таъкидлаб, келажакдаги мақсад ва вазифалар ҳақида гапирди. Сўнгра психологлар ва ички ишлар ходимлари ҳам оилаларда содир бўлаётган турли кўринишдаги зўравонликларни олдини олиш чора-тадбирлари ва амалга оширилаётган ишлар борасида сўзладилар.
Тадбирда Тошкент ислом институти талаба қизлари ҳам иштирок этдилар. Мутахассислар билдирган фикрларни тинглаб, келажакда ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида фикр билдирдилар. Тадбирнинг ““Янги Ўзбекистонда зўравонликка ўрин йўқ” мавзусида сурат чизиш” қисмида келган меҳмонлар ўз тасаввурларини қоғозга туширдилар. Барча меҳмонлар қатори институтимиз талабалари ҳам ўз мулоҳазаларини суратларда муҳрладилар.
Тадбир ўзаро дўстона кайфиятда бўлиб ўтди. Бу каби тадбирлар ҳозирги кунда муҳим бўлиб, ҳар бир инсонда “Бир болага етти қўшни ота-она” деганидек, атрофимиздаги оилаларда бўлаётган нохушликлардан огоҳ бўлишимиз ҳамда биргаликда курашиш, уларни бартараф қилишда жидду-жаҳд қилишга ундайди.
Тошкент ислом институти
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
Валиева Саодат