islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Озодалик ҳам гўзал хулқдандир. Гўзал хулқ эса диндандир.

 “Инсон йўқлигида

уни ҳимоя қиладиган

ягона нарса унинг хулқидир”

Инсон ҳаётига назар солар эканмиз, ундаги барча ижобий жараёнлар ва ҳолатлар, яъни яхшилик ва холисликка тарғиб, ўзаро бағрикенглик, очиқкўнгиллик, шунингдек, руҳий ва жисмоний поклик  каби ҳислатлар барчаси муқаддас динимизнинг моҳияти ва кўрсатмаларидандир.

Гўзал хулқ мусулмон кишининг икки дунё бахтига эришишига сабаб бўладиган беқиёс омиллардан бири бўлиб, хулқнинг қудрати шунчаликки, у инсонни маънавий юксакликка ҳам олиб чиқа олади ёки аксинча, ер билан яксон қилиши ҳам мумкин. Инсоннинг хулқи турли кўринишда намоён бўлади. Одатда, гўзал хулқ деганда, истеъмолда чиройли муомала, илтифот кўрсатиш каби унинг жисмоний кўринишлари тушунилади. Аслида эса, инсоннинг қилган барча хатти-ҳаракати, у ўзи учун бўлсин, оиласи учун бўлсин ёки жамият учун бўлсин – барчаси унинг хулқидандир.

Барчамизга маълумки, маҳаллалардан тортиб, жамоат жойларида, ўқув ва меҳнат муассасаларида озодаликка чақириш чора-тадбирлари мунтазам ўтказиб борилади. Олиб борилган ташаббуслар баъзида ўз натижасини беради, лекин афсуски, аксар ҳолда ўзгаришсиз қолади. Инсонларнинг озодаликка бўлган эътиборининг турли кўринишини ҳар куни гувоҳи бўлиб турамиз. Мисол учун оладиган бўлсак, транспорт воситаси йўлда кетаётганда бирданига машина ойнасидан баклажка учиб чиқади. Кўплаб автобус бекатлари эрталабдан то кеч киргунча, йўловчилар қолдирган чиқиндилар билан тўлади. Бир неча йил аввал сув оқиб турган ариқларни ҳам бир муддат ўтиб чиқиндилар ўз ҳукмдорлигига ўтказишга улгуради. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Афсуски, жамоат мулкига бўлган бундай эътиборсизлик нафақат кўчаларда, балки муассасаларда ҳам кузатилади. Муассаса мулкига бўлган эътибор ва ҳудудининг озодагарчилигида ҳам камчиликлар йўқ эмас.

Нима сабабдан жамоат жойларида озодагарчилик муаммоси ҳеч барҳам топмайди, деган савол уйғонади. Айни дамда – бу инсоннинг хулқининг ифодаси ҳисобланади, деган жавобни берган бўлар эдик. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бу ҳам хулқнинг бир шакли бўлиб, инсоннинг аслини намоён этадиган кўринишларидан бири десак хато бўлмайди.

Бу муаммонинг ечимини ҳар бир шахс ўзидан излаши керак, чунки бу ҳар бир шахсиятнинг муаммоси, аслида. Ечимни хонадонлардан бошлаш керак, тарбиядан бошлаш керак. Фарзандларни гўзал хулқда тарбия қиламан деган ниятдаги ота-оналар эътибор қаратиши муҳим бўлган муаммо – бу.

Инсон хулқининг гўзаллиги унинг ҳар бир нафасида, гап-сўзида, фикрлашида, юриш-туришида, хатти-ҳаракатида, атрофга эътиборида, қийинчиликларга бўлган муносабатларида намоён бўлиши керак. Фалон пулли кийимларни кийган, ўзини юксак маданият эгаси деб билган бир киши фалон пулли машинасида ўтиб кетаётиб, бирданига машина ойнасидан баклажкани йўл четига улоқтирса, сиз уни гўзал хулқ эгаси дермидингиз?   Ораста кийинган ва чиройли сўзлайдиган маданиятли бир инсон гўзал муомала билан кириб келиб, сизнинг олдингиздан ранжиб чиқиб кетаётганда эшикни бир тепиб чиқиб кетса, сиз уни гўзал хулқ эгаси дермидингиз? Ҳар куни келиб таълим оладиган муассаса ёки иш жойида, хоҳ талаба бўлсин, хоҳ ходим, шу муассасанинг ҳовлиси, хоналари, таҳоратхоналари ва қўйингки, барча жиҳозларига бўлган муносабатини кўриб, сиз ўша инсонни гўзал хулқ эгаси дермидингиз?

Афсуски, кўп масалаларда, шу жумладан, “гўзал хулқ” тушунчасида ҳам ўлчовлар нотўғри эканлиги шу муаммоларнинг сабаби бўлиб қолаяпти. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақолга кўра, шу каби кўп муаммоларнинг ечими жамиятнинг энг кичик бўлаги – оилада. Давлатимиз томонидан ўтказиладиган чора-тадбирлар, аслида, аввал оилалардан бошланиши керак, уларнинг маънавий ва жисмоний тарбиясидан бошланиши керак. Муқаддас динимиз кўрсатмаларига кўра тўғри тарбия қилинган инсон фақат жамиятда ҳар томонлама намуна бўла оладиган шахс сифатида намоён бўлади.

Тошкент ислом институти,

“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси,

Саодат Валиева

260460cookie-checkОзодалик ҳам гўзал хулқдандир. Гўзал хулқ эса диндандир.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: