islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ҳофизул Қуръон хулқи” Биринчи боб. Биринчи фасл.Давоми. (бошланиши аввалги мақолада)

Қуръони карим муаллимида илмнинг шукуҳи бўлиши лозим. У қуйидаги хислатларда балқиб туради:

– Ҳар бир ишда тадбир билан йўл тутиш;

– Сакинат ва виқорда давомий бўлиш;

– Аллоҳ таолога хушуъ қилиш (хокисор бўлиш), бандаларига нисбатан эса тавозеъли (камтар) бўлиш;

– Ичи ҳам, таши ҳам бир бўлмоғи.

Ибн Сийрийн роҳимаҳуллоҳ (32-110-ҳижрий йилларда яшаб ўтган буюк тобеий) айтадилар: “Биздан аввалгилар илм билан бирга хулқни ҳам ўрганар эдилар”. (Ибн Жамоа Киноний, “Тазкиротус самиъ”, 14) Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ (118-181-ҳижрий йилларда яшаган улуғ олим): “Биз озгина бўлса ҳам одобга кўп бўлган илмдан кўра муҳтожроқмиз”, деганлар.

Муаллимнинг шахсий хислатлари.

Oдамийлик сифатлари энг кўп муаллим инсонда шаклланмоғи даркор. Масалан, инсонларнинг азиятларига сабрли бўлиш, очиқ чеҳралик, яхшилик ва тақво ишларида инсонларга қўлидан келганича ёрдам кўрсатиш каби. Бу каби хислатлар муаллимни фақат илмли киши сифатида эмас, балки инсон ўлароқ ҳам ҳурматини каррасига оширади. Шунингдек, муаллим сўзининг таъсирли бўлиши унинг қуйидаги сифатларга эга эканлигига ҳам боғлиқ:

– Шижоат, ҳақни қатъий талаб қила олиш;

– Oлийжаноблик;

– Доимо яхшиликка буюрувчи бўлиш.

Муаллим юқоридаги хулқларнинг акси бўлган шижоатсизлик, қўрқоқлик, ҳақни талаб қилишдан ийманиш, сабрсизлик каби қабиҳ сифатлардан ўзини ҳам, шогирдларини ҳам узоқда тутиши лозим. Чунки бундай инсонлар гарчи илмда денгиз бўлсаларда сўзлари таъсирга эга бўлмайди, уларнинг тиллари ҳақни айтишдан ожиз бўлади, душманларига осонликча енгиладилар. (Аллома Бакр Абу Зайд роҳимаҳуллоҳ, “Ҳиляту толибил илм”, 13-14)

Яна бир хислат борки, балки у ихлосдан кейинг энг муҳим хислатдир: Аллоҳ таолонинг динида истиқоматда (собитқадам) бўлиш. Бу хислатнинг маъноси шуки, муаллимнинг гапирадиган гаплари ўзи эга бўлиб турган Каломуллоҳга мутлақ даражада мувофиқ бўлиши керак. Шундагина Қуръон унинг зарарига эмас, фойдасига ҳужжат бўлади, бераётган таълимида манфаат бўлади. Истиқомат муаллимни талабалари олдида қадрини юксак қилади. Муаллимни шогирдлари учун йўлбошчи, қаҳрамон қиладиган сифат ҳам истиқоматдир. Адолат, ваъдага вафо, омонатдорлик, ростгўйлик каби сифатлар ҳам айнан истқоматда мужассамдир.

Муаллим ташқи кўринишига эътиборли бўлади.

Ташқи кўринишга эътиборли бўлиш биз учун Пайгамбаримиз соллаллоҳу алауҳи васалламдан келган энг муҳим суннатлардан ҳисобланади. Мўъмин инсон, айниқса муаллимлар бу борада намуна бўлишлари даркор. Тирноқларни вақтида олиш, соч-соқолни тартибли қилиб юриш, либос кийганда очиқ рангли либосларни, айниқса оқ рангли либосларни кўпроқ ихтиёр қилиши керак. Чунки Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “кийимларингизнинг оқ ранглисини кийинглар”, дея марҳамат қилганлар. (Абу Довуд (3878), Имом Тэрмизий (994), Ибн Можа (3566) ва Имом Аҳмад (3426) лар ривоят қилишган)

Баданини ва оғзини ҳамиша пок тутади. Хушбўйликлардан фойдаланади. Бу ҳам маъруф суннатлардандир. Ўзидан турли ёқимсиз ҳидлар келмаслигини таъминлайди.

Бош кийим кийиб юриш ҳам мащур ва таъкидланган суннатлардан ҳисобланади.

Давоми бор…

264130cookie-check“Ҳофизул Қуръон хулқи” Биринчи боб. Биринчи фасл.Давоми. (бошланиши аввалги мақолада)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: