islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институти ходими Файзуллоҳ қори Иззатуллаев Қуръон қироати бўйича Жаҳонгир қори Неъматовдан ижоза олди

Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ходими Файзуллоҳ қори Иззатуллаев Имом Ҳафснинг Осим ибн Абун Нажуддан қилган ривояти Шотибия йўли орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санади билан ижоза олди.

Қуръон қироати бўйича ижоза соҳиби, Таҳфизул Қуръон кафедра мудири Жаҳонгир қори Неъматов ҳузурида Файзуллоҳ қори Иззатуллаев Қуръони каримни Аллоҳнинг фазли ва тавфиқи билан мукаммал ҳолда тўлиқ ёддан ўқиб берди.

Ўқиб бергач, Файзуллоҳ қори Иззатуллаевга Жаҳонгир қори Неъматов Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санад билан ижоза берди.

Қуръоний ижоза Қуръони каримни авлоддан-авлодга оғизма-оғиз етказиш амалиётидир. Бунда ижоза берувчи ижоза олувчининг бир ривоят ёки ижоза бераётган бир нечта ривоятларда тиловати юзга юз (100%) тўғри эканлигига гувоҳликка ўтиб, Қуръони каримни ўқиши ва бошқаларга ўқитишига изн беради.

Қуръони карим қироатида санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган ҳолда тўғри ўқишни исташ шаръан мақталган ишлардан эканлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Қандай қилиб бундай бўлмасин. Ўтган уламолар ҳадис ўрганиш учун қанчалар сафар қилганлар. Шундай экан Қуръонни ўрганишни истаб қилинган сафар батариқи авло ва ажру савобли ишлардандир.

Мана шу Аллоҳ таолонинг Қуръони каримни сақлаш воситаларидан биридир. У Зот:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз (Ҳижр, 9).

Қуръони каримдан ижоза олиш шартлари ва қоидалари

  1. Қуръони каримни тўлиқ, мустаҳкам ёдлаган бўлиши:

Чунки Қуръони карим бизгача етиб келаётган санаддагиларнинг ҳар бири устозига ёддан ўқиб берган. Шайхимиздан бошлаб Расулуллоҳ с.а.в.гача санад занжири ёддан ўқиш билан боғланган.

Кимдир устозига мукаммал тажвид билан мусҳафга қараб ўқиб берса сўнг ижоза сўраса, ўқиб берганлиги ҳақида шаҳодат бериши жоиз. Бундай ҳолатлар бўлиб туради. Баён қилиб қўйиладики “Фалончи Қуръоннинг ҳаммасини ёки бир қисмини МУСҲАФГА ҚАРАБ мукаммал тажвид билан ўқиб берди. Бу қорилар урфидаги қуръоний ижозадан ажралиб туриши учун “Қуръонни пухта ўқиб берганлиги ҳақида гувоҳнома” дейилади.

  1. Тажвид борасидаги “ал-Муқаддима ал-Жазариййа”ни ёдлаб, шарҳини тушунган бўлиши:

Чунки Қуръонни нақл қилиш ҳарфларнинг чиқиш ўринлари ва сифатлари ҳамда бошқа муайян қайдлар ва қоидалар билан мукаммал бўлади.  Шунинг учун ижозани истовчи толибга бу қоидаларни билиши ва ёдлаши албатта лозим. Қорилар орасида бу борада тажвид қоидаларининг асосий ва аксарини ўз ичига олганлиги учун имом Жазарийнинг “ал-Муқаддима ал-Жазариййа” манзумаларини ёдлаш жорий бўлган. Ёдлагандан сўнг тиловатларида лаҳндан сақлаши учун унинг маънолари билиши ва ва шарҳини тушуниши лозим бўлади. Қироатда амалий билимнинг ривояти, назарий билимнинг  қоидаси бор.

  1. Қуръони каримни ижоза берувчи устозга ҳарфма ҳарф мукаммал равишда тўлиқ ўқиб бериш:

“Фотиҳа”дан “Нос” гача. Тажвиднинг барча қоидаларига, хоссатан махраж ва сифатларга риоя қилган ҳолда. Талаба устозга Қуръондан бир қисм ўқиб бериши устоз унга тўлиқ ўқиб берганлик гумонини келтирувчи мубҳам ижоза бериши жоиз эмас. Бу ҳолатда таъкидлаб ўтсинки “Фалончи менга фалон жойдан фалонгача ўқиб берди, мен шунга ижоза бердим” деб.

Аммо талаба устозга озгина ўқиб берсаю барчасига ижоза бериши айрим катта устозларда учраб туради. Бу бор нарса. Бунинг шарти устоз аниқ билсинки, бу талаба бошқа бир устозга Қуръонни тўлиқ ўқиб берган ва ижоза олган. Лекин бу шарт топилмаса ёки устози маълум бўлмаса ижоза бериши жоиз бўлмайди. Зеро, Қуръонда шундай лафзлар борки, фақат бир мартагина келади. Бу алоҳида эътибор ва диққатни талаб қилади. Масалан, “Юсуф” сурасидаги ишмом ва равм қоидаси, “Ҳуд” сурасидаги имола, “Фуссилат” сурасидаги тасҳил қоидалари каби.

Бу айрим мисоллар. Устоз талабани эшитмай туриб қандай қилиб бу калималарнинг адоси тўғри эканлигига гувоҳлик бериши мумкин?

سَتُكْتَبُ شَهَادَتُهُمْ وَيُسْأَلُونَ

“Уларнинг бу “гувоҳ”ликлари, албатта, ёзилур ва улар (қиёмат кунида) сўроқ қилинурлар” (Зухруф, 19).

  1. Ижоза берувчи ижоза олувчининг ўқитишга бўлган малакасини ошириши:

Чунки ўқиш бошқа ўқитиш бошқа. Қанчалар қорилар бор яхши ўқийди лекин яхши ўқита олмайди. Ижоза берувчи талабанинг ўқитишга бўлган малакасини ошириши лозим бўлади. Бунинг йўли – янги талабани келтириб, ижоза олувчи талабадан ўзидан қандай олган бўлса, шундай ҳолатда унинг қироатини ўзининг ҳузурида тўғирлашини буюради. Қўлидан келса, демак у ўқитишга лойиқдир. Қодир бўлмаса, устоз унга фақат ўзи ўқиши учун ижоза беради, ўқитиш учун эмас. Ижоза берувчига ижоза олувчи токи ўқитишга лойиқ бўлмагунча ижоза бериши жоиз эмас. Акс ҳолда Қуръон ва тажвиднинг адосида бузилишларни учратиб турамиз. Бунинг сабаби ўқитишга аҳл эмаслигидадир.

Шунингдек, ижоза берувчига хатолардан холи бўлиши шарт қилинган ижоза учун тўлиқ хатмни бошлатишдан олдин айрим жузъларни ўқитиб машқ қилдириши лозимдир.

Шунингдек, талабага ҳамма ҳам қандай вақф қилишдан бехабар бўлган калималарда вақф қилишни ўргатиши лозим. Мисол, “Бақара”:169-оятдаги حَاضِرِي, “Шуро”:24-оятдаги وَيَمْحُ ва ҳоказо.

Шунингдек, бошлаш қийин бўлган калималарда қандай бошлашни, мисол,  

اجْتُثَّتْ,  امْشُوا, لْئَيْكَةِ, لْيَقْطَعْ….

Шунингдек, васл қилиш:

نَارٌ مَا هِيَهْ  , طُوًى اذْهَبْ ,  لَمْ يَتَسَنَّهْ وَانْظُرْ, أَحَدٌ اللَّهُ الصَّمَدُ

Талабага тезлик даражасининг учаласида ҳам ўқитиш мақсадга мувофиқ. Учдан бирини таҳқиқда, учдан бирини тадвирда, учдан бирини ҳадрда ўқиса ҳам зиёни йўқ. Шунда учала даражани ҳам ўтаган бўлади. Чунки, гоҳо гувоҳи бўламизки, айримлар таҳқиқ ва тадвирни қойиллатади, ҳадрни эплолмайди. Чунки устозлари тажриба қилдирмаган. Зеро бу такрор қилганда, таровиҳ ва қиёмуллайл намозларида муҳимдир.

Таҳфизул Қуръон кафедра мудири

Жаҳонгир қори Неъматов

267250cookie-checkТошкент ислом институти ходими Файзуллоҳ қори Иззатуллаев Қуръон қироати бўйича Жаҳонгир қори Неъматовдан ижоза олди
1 та фикр мавжуд
  1. Халилулло

    Ассалому алайкум вараҳматуллоҳи вабароеатуху, бошлаган савобли ишларингизда Аллоҳ ёр бўлсин, Омийн. Савол: ёшим 55 да. Муаллим сонийни ўқиб Қуръонни ёд олишни бошлаганман. Айниқса охирги икки йилда шуғулланиб 59-сурага келдим. Устозни қаердан топсам бўлади. Ҳали ҳеч кимга мурожаат қилмадим.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: