“Дунё” сўзи луғатда “бойлик”, “давлат” деган маъноларни англатади. Биз дунёга келганимиздан то вояга етгунимизча унинг гўзаллигини кўрамиз, катта бўлган сари дунёнинг ташвишларга, адолатсизликарига, ғам-ташвишларига гувоҳ бўламиз ва аста-секин бунга кўникамиз. Яқинларимиз ва дўстларимиз билан мулоқот қиламиз, ўз юмушларимиз билан банд бўламиз, оила-аъзоларимиз билан шоду ҳуррамликда вақт ўтказамиз. Кундалик режалар ва мақсадлар билан кунимиз қандай ўтканини ҳам сезмай қоламиз. Дунёга, унинг зийнатларига шунчалик берилиб кетганимиздан, бир-биримизнинг ўртмиздаги меҳр-оқибатни, ота-онага яхшилик қилишни, қариндошлик ришталарини унутганмиз, ҳатто, намозимиздаги хушуъни ҳам ёқотиб қўйганмиз. Бунга сабаб нима? Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир сониямиз учун жавоб беришимизни ўйламаймизми? Бу дунёни Аллоҳ таоло нима учун гўзал ва ундаги нарсаларни зийнатли қилиб яратди? Бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи “Каҳф” сурасининг 7- оятида шундай марҳамат қилади: “Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз”.
Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Дунё осмон билан Ер ўртасида қамалган бўлиб, Аллоҳ таоло яратгандан бери унга қарамайди. Дунё қиёмат куни келганда: “Эй Роббим, бугун мени энг паст мақомдаги дўстларингга бўлса ҳам насиба қилиб бергин”, деб илтижо қилади. Аллоҳ таоло унга: “Эй ҳақир ва тубан нарса, жим бўл, мен сени уларга дунёда раво кўрмаган бўлсам, қандай қилиб энди раво кўрайин, дейди. Мана, кўриниб турибдики, “дунё”ни ва ундаги зеб-зийнатларни синов учун, қай биримиз бу синовдан ўтолсак, унинг гўзаллигига алданмасак, Аллоҳ таолонинг Ўзи гўзал ажру-мукофот билан мукофотлайди.
Дунёни яхши кўриш узун орзу-ҳаваслар қилиш билан янада мустаҳкамланади. Агар Холиқ Зот дунё ҳақида хабар бериб, мисолини келтирмаганда, албатта, дунё ухлаганни уйғотиб, ғофилни ҳушёр қиларди. Аллоҳ таоло наздида дунёнинг мисқолча қадри йўқ. Пашша қанотича камайтирилмай дунё хазиналари калитлари билан Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кўрсатилганда, уни олишдан бош тортдилар. Аллоҳ таоло синов-имтиҳон учун солиҳ бандаларидан дунёни пинҳон тутди, алдаш учун душманларига дунёни кенг ва бемалол қилиб қўйди. Аъло ибн Зиёд: “Тушимда дунёни ўзига оро бериб, афт-башараси буришган кампир қиёфасида кўрдим. Одамлар унга топиниб, ҳар томондан ҳайратланиб қарарди. Кампир олдига бориб, унга бунчалик ажабланиб қараётганларидан ҳайрон бўлдим. Шунда кампирга: “Сен кимсан?”, дедим. У: “Мени танимаяпсанми?”, деди. Мен: “Йўқ”, дедим. “Сен кимсан?”, деб сўрадим. “Мен дунёман”, деди. “Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан паноҳ сўрайман”, дедим. У: “Агар ёмонлигимдан паноҳ топишни истасанг, дирҳамни ёмон кўр!”, деди.
Исо алайҳиссалом: “Дунё – кўприк, унда машғул бўлмасдан ўтинглар”, дедилар. Ҳақиқатан, бу дунё ҳаёти охиратга олиб боришга очиқ ва ёрқин мисолдир. Бешик – ана шу кўприк бошидаги дастлабки масофа бўлса, лаҳад охирги масофадир. Шу иккови орасида қисқа бир масофа мавжуд. Одамлардан қанчаси шу кўприкнинг ярмига етиб борса, қанчаси учдан бирини ва қанчаси учдан бирининг бирини босиб ўтадилар. Қанчасига бир қадамдан ортиқ юриш насиб қилмади. Ҳар қанақасига кўприкдан ўтилиши шарт. Аммо шу кўприкдан ўтиб олиш ҳақида ўйламай, унинг устида иморат қуриб, турли зийнатларга чалғиб яшаш ғоят жоҳиллик ва ютқизишдир. Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) шундай дедилар: “Билингларки, сизлар ўликсизлар, ўлгандан сўнг тириласизлар. Амалларингиз олдида турғизилиб, у туфайли жазо (мукофот)ланасизлар. Сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин. Албатта, у бало-офатлар билан ўраб қўйилган, фонийлиги билан танилган ва алдамчилги билан васф қилинган. Дунёдаги ҳар бир нарсани завол тутади. Дунё ўз аҳли ўртасида гоҳ буёқ, гоҳ буёққа айланади. Дунё ҳеч қачон бир хил турган эмас, унинг ёмонлигидан низо, кураш тўхтаган эмас. Дунё аҳли сурур ва лаззатдан сарҳуш бўлиб турганида, тўсатдан бало ва алдовга йўлиқади”, дедилар. Барча нарсанинг ўртаси, яъни меъёри яхшидир. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизларнинг энг яхшиларингиз, дунёни деб охиратни, охиртани деб дунёни ташлаб қўймаганингиздир”, дея марҳамат қилганларидан кўриниб турибдики, бу дунёда Аллоҳ таоло бераётган неъматларга шукр қилиб, охиратимиз учун ажру-савоблар олиш, яхшиликлар қилиб олиш учун бу дунё айни муддаодир. Барчамизга маълумки, дунё роҳати абадий эмас, у ажал сари етаклайди. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир. Бизни бу дунё ташвишлари, тўплаётган молимиз, фарзандларимиз Аллоҳнинг зикридан, ибодатидан жалғитиб қўймаслиги зарур. Бу ҳақида Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сураси, 9-оятида: “Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир”.
Бу ҳаётда озгина баҳраманд бўлиб, йўқлик оламига кўчиб ўтишда беш кунлик дунёда ўйнаб-кулиб ажални кутиб олиб, охиратига ҳеч қандай захира тайёрламасдан ўзларига ерни макон тутган инсонлар қанча? Уларга энди ортга йўл йўқдир. Бунга далил эса “Муъминун” сураси, 100-оятида: “Шоядки, тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам”, дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир”. Агар амалларимиз гувоҳлик берса, қалбимиздаги нарсалар чиқарилса, диллардаги барча сир-асрорлар ошкор қилинса, Малик ва Жаббор бўлган Зот ҳузурига олиб боришимиз учун турғизилса, қалблар олдинги гуноҳларига раҳм-шавқат сўраб, қўрқиб титраса. Ҳижоб ва пардалар олиниб, айб ва сирларимиз очилса, ана шу вақтда ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган амалига яраша жазо олади. Аллоҳ таоло “Нажм” сураси, 31-оятида: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳникидир. У ёмонлик қилганларни амалига яраша жазолар ва яхшилик қилганларни гўзал (мукофот) ила мукофотлар” деб марҳамат қилган. Агар бизга ҳар бир кун шайланган амаллар ошкор қилинса, олдинда келаётган кунимиздан юз буриб қочардик, бой берган вақтимизни ўйлаб, ғам-қайғуга ботардик. Лекин Аллоҳ таоло ажойиб тадбир қўллаб, уларни кўришдан маҳрум қилди. Тасалли ва таскин бўлиши учун дунёнинг бало-офатлари қатига лаззат ва завқни жойлаб, ана шу таъмга машғук-овора қилиб қўйди. Дунёни ва охиратни ҳеч қачон бир-бирига тенглаштириб бўлмайди. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Дунёнинг охиратга нисбати биронтангиз бармоғини денгизга тегизишига ўхшайди. Бундан ўзига нима қайтиб келишига қарсин”, дедилар. Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) шундай дедилар: “Сизларга Аллоҳдан қўрқишни, гарчанд алсо ҳоҳламасангиз ҳам, дунё меросини тарк этишни васият қиламан. Танангиз қариб-қартайиб бораётир, сизлар тетик ва бақувват бўлишни ҳоҳлайсизлар. Сизлар ва дунё мисоли бир йўлда сафарга чиққан қавмга ўхшайди. Гўё улар шу йўлни босиб ўтадигандек, сафарга чиқадилар, гўёки, етиб борадигандек, йўл белгисига қараб юрадилар. Охирига қадар етиб бориш учун йўл масофаси қанча деб ўйлайсиз? Дунёда бир кун қолиш эҳтимолини қанча деб ўйлайсиз? Дунёнинг зарари ва ғам-қайғуси деб ташвиш чекманг, барибир шу дунёда интиҳо топади. Дунё матоси ва неъматларидан ортиқча ҳурсанд бўлманг, у барибир заволга юз тутади. Дунёни излагувчини ўлим таъқиб эта туриб, дунёни излаши ва ўлим ҳар қадамда пойлаб юрганини била туриб, ғофил бўлганига ҳайронман”, дедилар. Дунёда охират учун озуқа еғиб, мусофирлар қарз нарсадан фойдаланганидек, дунёдан баҳраманд бўлсак, ундан ажралган вақтда мусибатларимиз оғир бўлмаслиги учун қалбларимизни тўлиқ бермасак, дунёни муқим қолувчилар учун эмас, ундан ўтгувчиларга берилган зиёфат деб қарасак, иншааллаҳ дунёю охиратимиз обод бўлади. Дунёга ва унинг зийнатларига чалғиб қолмаслигимиз учун, ибодатларимизда бардавом бўлишимиз ва бу дунёдаги мусибатларга сабр қилиб, карам ва ҳилм билан гўзал тарзда бизга ёрдам беришини меҳрибон Зот Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Хадичаи кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Джамилова Нодирабегим