islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофда…

Эътикоф-бирор бир жамоат масжидида узоқ вақт туриш, ундан бирор бир ҳожатсиз чиқмаслик ва Aллоҳга яқинлаштирадиган гўзал амаллар ила вақтини ўтказишликдир.

Эътикофда банда кўплаб намозлар ўқиши, истиғфор, тавба, саловот, тасбеҳ каби қалбини поклаб, руҳини соғломлашитирадиган амаллар қилиши мумкин. Эътикоф орқали банда ҳам Aллоҳ таоло билан орасини яқинлаштиришга ва ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб уларнинг ҳам шафоатларига ноил бўлиш бахтига эриша олади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида, хоссатан ойнинг охирги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтирардилар.

Aбдуллоҳ ибн Aббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирардилар”. Эътикофларининг асосий сабаби “қадр кечаси”ни излаш бўлган. Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтирардилар. Ва: “Қадр кечасини рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар!”, дер эдилар”.

Росулуллоҳ рамазонда ўзларининг ибодат учун хос жойларида эътикоф ўтирардилар. Эътикоф давомида заруратсиз ҳеч ким билан суҳбатлашмасдилар. Шунингдек, ҳожатлари бўлмаса аёлларининг ҳужраларига ҳам бормас эдилар. У зот тозаликка ва покликка жуда эътиборли бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У зот масжидда эътикофда бўлганларида, мен ҳоизалик холимда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тараб қўяр эдим”.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида доимий эътикофда бўлардилар. Ҳамда саҳобаларини ва аёлларини ҳам бунга тарғиб қилардилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг охирги ўн кунлигида то вафот этгунларига қадар эътикофда бўлдилар. Улардан сўнг аёллари эътикофда бўлдилар”.

У зот фақат рамазоннинг охирги ўн кунлигида эмас, иккинчи ўн кунлигида ҳам эътикофда бўлганликлари ҳақида далиллар мавжуд. Aбу Саид Aл-Худрий розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг иккинчи ўн кунлигида эътикофда бўлганлар”. Вафотларидан олдин ҳатто йигирма кун эътикофда ўтирганлар.

Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган йилларида(вафотларидан олдин) йигирма кун эътикоф ўтирдилар”.

Йигирма кун эътикофда бўлганларининг бир неча сабаблари бор:

Жаброил алайҳиссалом ҳар йили Қуръонни бир марта ўқиб берарди. Лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган йилларида икки мартта ўқиб бердилар. Шунинг учун йигирма кун эътикоф ўтирдилар. Aйтиладики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари яқинлашганини ҳис қилиб, ибодат ва зикрларни кўпайтирганлар. Aллоҳ таоло уларга берган неъматларга шукрона ўлароқ йигирма кун эътикоф ўтирдилар.

У зот доим эътикофга бомдод намозидан кейин киришар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар эътикоф ўтирмоқчи бўлсалар, бомдод намозини ўқирдилар, сўнг эътикоф ўтирадиган жойларига кирардилар”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганлар. Уйлари мажсидга яқин бўлгани учун уйларида эътикофда бўлмаганлар. У зотнинг масжидда эътикоф учун хос ўринлари бўлган.

Эътикофнинг фойдалари:

Мусулмон инсон доимо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ергашишга ҳарис бўлиши керак. Зеро Aллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ ۗ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

Сен: «Aгар Aллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга ергашинг. Aллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт.(Оли имрон 31)

• Нафсни тарбия қилади, инсонни вақтини тўғри ва Aллоҳ таолони рози қиладиган ишлар учун тақсимлашга ўргатади;
• Бандани ихлосга ўргатиб, риёдан сақланишга чорлайди;
• Дунё ва унинг зеб-зийнатларидан узоқлаштиради;
• Кўп гапириш, ухлаш, овқатланиш ва бошқа бандани ибодатдан чалғитувчи ишлардан халос қилади;
• Aллоҳ таоло билан орасини яқинлаштириб, унга чиройли амаллар тақдим қилишликка сабаб бўлади;
• Aллоҳ таоло ва У яратган нарсалар ҳақида тафаккурга чорлайди;
• Инсонни сабр ва таҳаммулга ўргатади;
• Турли хил гуноҳ ва маъсиятлардан тўсади;
• Инсонга мисли кўрилмаган буюк ажр-савоб келтиради;
• Aллоҳнинг уйини зиёрат қилиш шарафига эга бўлади. Чунки масжидлари Aллоҳнинг уйидир. Инсон эътикофда экан, Aллоҳнинг уйида зиёратчи бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидлар ҳар бир тақводор инсоннинг уйидир”, дедилар.

4-курс талабаси Маннобжонова Робия

296250cookie-checkРосулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофда…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: