islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мазҳаб ва унинг шаклланиши

Мазҳаб ҳақида гап борар экан унинг асли албатта фиқҳга бориб тақалади. Шунинг учун аввал фиқҳга таъриф беришдан бошлаймиз. «Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани нозик ерларигача чуқур тушуниш маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса тафсилий шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариш «фиқҳ» деб юритилади. «Мазҳаб» сўзи луғатда чирой, гўзаллик ҳамда юриш, бориш, кетиш деган маъноларни билдиради.

Урфда «мазҳаб» сўзи чиройли йўл маъносини билдиради.

Истилоҳда эса бир олим ёки илмий мактабнинг тартибга солинган услуб ва фикрлари мажмуаси мазҳаб дейилади.

Ислом фиқҳи имомларидан бирининг ихтиёр қилган ҳукмлари мажмуаси фиқҳий мазҳаб дейилади.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтган фиқҳий масалалар мажмуасига у кишининг қоидалари ва услублари асосида шогирдлари айтган масалалар қўшилиб, ҳанафий фиқҳий мазҳабини ташкил қилади.

Фиқҳ – тафсилий далиллардан касб қилиб олинган амалий шаръий ҳукмлар мажмуасидир. Бу илм ибодатларга, таҳоратга, муомалотга, шартномаларга, шаръий жазоларга ва якка шахсга, оилага, васиятга, вақфга ва меросга тегишли бўлган ҳукмларга алоқадор вожиб, мандуб, ҳаром, макруҳ ва мубоҳ каби барча нарсаларни ўз ичига олади.[1]

Ўша шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариш иши ўзига хос қонун ва қоидалар асосида бўлади. Ҳар бир мужтаҳид Қуръон, Суннат ва бошқа шаръий далилларнинг манбаларидан шаръий ҳукмларни чиқаришда албатта мазкур қонун ва қоидаларни ишга солади. Буларсиз ижтиҳод бўлиши мумкин эмас.

Далил-ҳужжатлардан шариат аҳкомларини истинбот этиш уламолар ишлаб чиққан қатъий қоидалар асосида амалга оширилади. Уша қоидаларни ўз ичига олган илмни «Усулул фиқҳ» илми дейилади. Уламолар истилоҳида «Усулул фиқҳ» қуйидагича изоҳланади:

«Батафсил далил-ҳужжатлардан шариатнинг амалий аҳкомларини истинбот этиш қоидаларини ўргатувчи илм «Усулул фиқҳ»дир».

Ислом шариатига хизмат қилиш иштиёқи катта бўлган олимлар кишиларга мужтаҳид уламоларимиз шаръий ҳукмларни чиқаришда қандай йўл тутганларини баён қилиб беришни ирода қилганлар. Бу ишдан кўзланган мақсад, ўзида ижтиҳод шартларини мужассам қилган шахслар уларнинг йўлидан юришлари ва мужтаҳидлик даражасига етмаганларга шаръий ҳукмлар қандай чиқарилганини англатиш эди. Ана шунда шаръий ҳукмларни кўнгиллари тўлиб, ишонч билан қабул қилиб оладилар.[2]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеъинларнинг даврларида фиқҳий мазҳаб деган тушунча бўлмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фақиҳларнинг имоми бўлганлар. У зот алайҳиссаломнинг даврларида фиқҳга оид ҳар бир масала Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳал бўлган.

Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобалар қаторида тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоҳу анҳум каби саҳобаларни мисол қилиб келтирадилар.

Саховийнинг Алий ибн Мадинийдан қилган ривоятида айтилишича, саҳобалардан уч кишининг мазҳаблари бўлиб, уларга эргашилган. Улар Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардир. Уларнинг ҳар бирининг фиқҳда эргашувчилари бўлиб, илмларини, фатволари ва қавлларини ёзиб борган. [3]

Шунингдек, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг фиқҳ бўйича илмларидан ҳам кўпчилик баҳра олган. Урва ибн Зубайр, Масруқ, Алқама ва Асвад розияллоҳу анҳум у кишининг фиқҳга оид илмларини нақл қилишган.

Саҳобалар даврининг иккинчи ярмига келиб, баъзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол илк бор Ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка шаҳарларида юзага келди.

Маккаи Мукаррама мадрасаси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларидан кейин ўзлари Мадинага қайтишларидан олдин фақиҳ саҳобалардан Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни аҳли Маккага Қуръони Каримдан ва ҳалол-ҳаромдан таълим бериш учун қолдирдилар. Ана ўша кундан бошлаб Маккада ҳақиқий исломий фиқҳ илми ривожлана бошлади.

Кейинчалик ҳам бу мадрасага катта илм эгалари раҳбарлик қилдилар. Улар қуйидагилардир:

  1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу. 2. Мужоҳид розияллоҳу анҳу. 3. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу. 4. Товус розияллоҳу анҳу. 5. Икрима розияллоҳу анҳу.

Маккаи Мукаррамада шаклланган фиқҳ мадрасасининг машҳур кишилари ҳақида гап кетганда, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид Занжий розияллоҳу анҳумонинг исмларини алоҳида зикр қилиш лозим бўлади. Чунки ушбу икки фақиҳ тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблардан бирининг асосчиси бўлмиш имом Шофеъийнинг устозлари бўлади.

Мадинаи Мунаввара мадрасаси.

Мадинаи Мунаввара Ислом давлатининг пойтахти, бош шаҳри, илмий ва фиқҳий маркази, қолаверса, саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг рошидлари яшаган жойдир. Шунинг учун Мадинаи Мунавваранинг фиқҳ мадрасаси бошқа мадрасаларга қараганда кучли ва машҳур бўлиши турган гап. Албатта, бу соҳада катта саҳобаларнинг хизматлари беназир. Аммо у ердаги фиқҳий мадрасага асос солган, илмга мутахассис бўлган саҳобаларнинг номларини тарихчиларимиз алоҳида тилга оладилар.

  1. Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳу. 2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу. 3. Саъид ибн Мусайяб Махзумий. 4. Урва ибн Зубайр ибн Аввом Асадий. 5. Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу.

Басра фиқҳ мадрасаси.

Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойдаги бир қишлоқ ўрнида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳри бунёд этилди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.[4]

Куфа ва Басра шаҳарлари барпо этилгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда Ироқ деб аталган Ислом давлатининг шарқий бўлагини иккига бўлди. Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни волий этиб, иккинчисига эса Басрани марказ ва Утба розияллоҳу анҳуни волий қилиб тайинлади. Шу билан бирга, у ерларга илм ўргатиш учун устозлар ҳам юборди.

Ибн Саъд Абул Асвад Дуалийдан ривоят қилади:

«Басрага борсам, Имрон ибн Ҳусойн Абу Нажийд розияллоҳу анҳу бор экан, уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли Басрага фиқҳ ўргатиш учун юборган экан».

Басра фиқҳ мадрасасининг етакчилари қуйидаги зотлар бўлган.

  1. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу. 2. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. 3. Имом Ҳасан Басрий. 4. Муҳаммад ибн Сийрин.

Тадқиқотчи уламолар Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан машҳур фақиҳлардан Абул Олия Рофийъ ибн Меҳрон Риёҳий, Ҳасан ибн Абулҳасан Ясор, Абу Шаъсо Жобир ибн Зайд, Қатода ибн Диъома Давсийларни алоҳида тилга оладилар.[5]

Куфа мадрасаси.

Куфага кўпгина саҳобалар келиб яшаган. Уларнинг ичида илм билан машҳурларидан Алий ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бўлган. 1. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу. 2. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.

Куфа фиқҳ мадрасасининг машҳур кишиларидан олтитаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидир. Улар Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Шурҳабийлдир. Бошқа саҳобалардан дарс олган куфаликлар ҳам бўлган.

Кейинчалик бу мадрасадан Шурайҳ ибн Ҳорис Киндий, Иброҳим ибн Язид Нахаъий, Саъид ибн Жубайр каби машҳур фақиҳлар етишиб чиқдилар.[6]

Шом мадрасаси.

Шом қадимдан илм-маърифат маркази бўлиб келган. У ерда кўплаб анбиёлар яшаган. Бу ўлканинг одамлари Исломга кирганларидан кейин уни шавқу завқ билан ўргана бошладилар. Уларга машҳур саҳобалар устозлик қилишди.

  1. Муъоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий Хазражий. 2. Абдурраҳмон Авзўий.

Шом мадрасасидан Абу Идрис Ҳавлоний, Макҳул ибн Абу Муслим Димашқий, Умар ибн Абдулазиз Ражо ибн Ҳайва Киндий каби машҳур илм соҳиблари етишиб чиқдилар.

Ўша даврларда етишиб чиққан фақиҳлардан пешқадамларининг шогирдлари ва мухлислари кўпайиб борган. Ўз навбатида уларнинг фиқҳда тутган йўлларига эргашувчилар ҳам зиёда бўлган. Мазкур фақиҳлар фиқҳ соҳасидаги илмларни пухта ўзлаштирганлари, ижтиҳодда барчага намуна бўлганлари билан бошқалардан ажралиб турар эдилар. Охир-оқибат улар ўзларининг номлари билан аталадиган фиқҳий мазҳабларнинг етакчиларига айланганлар. Ана шундай имомлардан Авзўий, Саврий, Абу Савр, Лайс ибн Саъд, Ибн Жарир Табарий, Ҳасан Басрий ва бошқаларнинг ҳам фиқҳда ўз мазҳаблари бўлган. Уларнинг кўпчилиги дунёдан ўтишлари билан, фиқҳий ишлари ҳам аста-секин амалдан қолиб кетган.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Жўрабоев Адҳамжон

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мазҳаблар бирлик рамзи, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мазҳаблар бирлик рамзи, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[3] Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳажвий, «Фикрус-сомий», Дарул кутубил илмийя, Байрут, 2008.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мазҳаблар бирлик рамзи, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мазҳаблар бирлик рамзи, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мазҳаблар бирлик рамзи, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

304560cookie-checkМазҳаб ва унинг шаклланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: