islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримни қироат қилиш одоби

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил»[1], деб марҳамат қилган.

Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.

Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб «бисмиллаҳ»ни чўзиб, «ар-Роҳман»ни чўзиб, «ар-Роҳийм»ни чўзиб қироат қилди»[2].

Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони Каримни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб саҳобаларга ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеъинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони Карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда.

Демак, Қуръони Карим тиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса, силсиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади.

Устозлар ушбу ривоятда васф қилинаётгандек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ўхшаб аниқ қилиб ўргатмоқлари керак.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатларини узиб-узиб қилар эдилар. «Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн» деб, сўнгра тўхтар эдилар. «Ар-Роҳманир роҳийм» деб, сўнгра тўхтар эдилар. Кейин «Малики явмидийн» деб, қироат қилар эдилар»[3].

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўлиқ ёдлаган ҳамда бош­қаларга устозлик қилган зотлардан эдилар. У киши бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларидаги бир хусусиятни, ҳар бир оятнинг охирида тўхташларини баён қилмоқдалар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир оятнинг сўнгида тўхта-тўхтаб қироат қилар эдилар. Саҳобаи киромлар у зотнинг тўхташларидан ўқиган оятларининг санаб олишар эдилар.

Бу ҳақдаги барча далилларни ўрганиб чиққан уламолар, ҳар бир оятда тўхтаб қироат қилиш мандубдир, деганлар. Агар ана шу тарзда қироат қилинса яхши. Аммо нафаси етганлар бир неча оятни қўшиб ўқиса ҳам бўлаверади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Агар кеча сенинг қироатингни тинглаганимни кўрганингда эди.

«Батаҳқиқ, оли Довуднинг мизмор(най)ларидан бир мизмор(най) сенга берилган-да!» дедилар»[4].

Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Агар сизни тинглаётганингизни билганимда бундан ҳам бошқача қилиб ўқиб берардим», деганлар.

Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ажойиб таъсирли овоз берган эди. У киши Забурни ўқиганларида ҳамма тўхтаб қолар эди. Баъзи гапларга қараганда, осмондаги қушлар ҳам йиқилиб тушар эди.

Довуд алайҳиссалом Забурни етмиш хил услубда ўқир эдилар. У зот Забурни ўқиганларидан ўзлари ҳам йиғлар эдилар, ўзгаларни ҳам йиғлатар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Қуръони Карим тиловатларини худди ўша Довуд алайҳиссаломнинг Забур тиловатларига ўхшатмоқдалар.

Албатта, бу набавий мақтов улкан бахтдир. Унга бошқалар сазовор бўлган эмаслар.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қироатларини эшитиб юрган бир кишидан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳовлисига кирдим. Мен унинг овозидан гўзалроқ санж­нинг ҳам, барбатнинг ҳам, найнинг ҳам овозини эшитмаганман».

Санж–мисдан икки табақа қилиб ишланган мусиқа асбоби.

Барбат–удга ўхшаган мусиқа асбоби.

Демак, Қуръони Каримни чиройли овоз билан гўзал қилиб ўқиш марғуб иш экан.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили уловлари устида кета туриб Фатҳ сурасини қироат қилдилар ва қироатларида таржийъ қилдилар. Агар одамларнинг атрофимга тўпланиб олишларидан қўрқмаганимда, у кишининг қироатларини сизларга ҳикоя қилиб берар эдим», деди»[5].

Қироатни таржийъ қилиб адо этиш баъзи жойларни чўзиброқ қайта-қайта ўқишдан иборатдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама фатҳ қилинган пайтда уловлари устида кетаётиб ўша улуғ фатҳ ҳақида башорат бериб аввалдан нозил бўлган сурани алоҳида таъкид ила таржийъ қилиб ўқиган эканлар.

Демак, Қуръони Каримни таржийъ қилиб қироат қилиш ҳам бор экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ чиройли овозли набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳангли қилиб ўқиганига қулоқ солганчалик ҳеч бир нарсага қулоқ солмаган», дедилар»[6].

Бу Қуръони Каримни қоидаси билан чиройли қилиб қироат қилиш жуда ҳам марғуб амал эканига далилдир. Уламолар ушбу ҳадиси шарифдан Қуръони Карим қироатига кўп савоб берилиши ҳам келиб чиқади, деганлар.

Абу Довуд ва Бухорийнинг ривоятида:

«Қуръонни овозларингиз ила зийнатланглар. Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса биздан эмас», дейилган[7].

Овозни чиройли қилиб қироат қилиш Қуръонни овоз ила зийнатлш бўлади.

Мўмин-мусулмон одам Қуръони Каримни қоидага мувофиқ қилиб оҳанг билин ўқимоғи даркор. Ким тажвид қоидаларига ва оҳанг билан қироат қилишга амал қилмаса, макруҳ ишни қилган бўлади. Баъзи уламолар бу ишни ҳаром, ўшани қилган одам гуноҳкор, деганлар.

Қуръони Каримни қоидага риоя қилмай ўқиётганларни кўрган кишилар уларга бу иш нотўғри эканини яхшилаб тушунтиришлари лозим.

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръонни унга қалбларингиз улфат бўлиб турганда қироат қилинг. Қачон ихтилоф қилсангиз туриб кетинг», дедилар»[8].

Икки шайх ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз икки хил таъвил қилганлар.

Биринчи таъвил, Қуръоннинг маънолари ҳақида иттифоқ бўлиб турганингизда қироат қилинг. Агар ихтилоф қилиб қолсангиз, талашиб-тортишиб жанжаллашмасдан ўрнингиздан туриб кетинг.

Иккинчи таъвил, Қуръонни қалбингиз унга ошиқ бўлиб турганида ўқинг. Қачон малол кўришни сезсангиз, ўрнингиздан туриб кетинг.

Албатта, бу икки маънога ҳам амал қилмоқ керак.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизнинг ичингиздан бир қавм чиқади. Уларнинг намози олдида ўз намозингизни, рўзаси олдида ўз рўзангизни, амали олдида ўз амали­нгизни ҳақир санайсиз. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо бўғизларидан нари чиқмайди. Улар диндан камон ўқи овдан чиққанига ўхшаш тез чиқадилар. У ўқнинг учига қараса, ҳеч нарса кўрмайди. У ўқнинг чўпига қараса, ҳеч нарса кўрмайди. У ўқнинг патига қараса, ҳеч нарса кўрмайди. Сўнг аланглаб осмонга қарайди», дедилар[9].

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида келажакда бўладиган ишлардан бири ҳақида хабар берганлар.

«Сизнинг ичингиздан бир қавм чиқади».

Яъни, келажакда сиз мусулмонларнинг ичи­нгизда бир тоифа одамлар чиқади.

«Уларнинг намози олдида ўз намозингизни, рўзаси олдида ўз рўзангизни, амали олдида ўз амалингизни ҳақир санайсиз».

Яъни, улар намозни шундоқ жойига қўйиб ўқишадики, сизнинг намозингиз уларнинг намози олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.

Улар рўзани шундоқ тутадиларки, сизнинг рўзангиз уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.

Улар бошқа амалларни шундоқ қиладиларки, сизнинг амалингиз уларнинг амали олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.

«Улар Қуръонни қироат қиладилар».

Яъни, ўша келажакда чиқадиган тоифа одамлари Қуръони Каримни ҳам қойиллатиб қироат қиладилар.

«Аммо бўғизларидан нари чиқмайди».

Уларнинг қироатлари бўғизларидан чиқмаслиги Қуръони Каримнинг маънолари уларнинг қалб­ларига етиб бормаганидан бўлади. Улар ҳамма нарсаларни, жумладан, Қуръони Карим қироатини ҳам риёкорлик ва хўжакўрсинга қилаётган бўладилар.

«Улар диндан камон ўқи овдан чиққанига ўхшаш тез чиқадилар».

Яъни, ўша васфга эга одамлар диндан тез чиқадилар. Бу иш худди бир овчи ўз камонидан овга ўқ узганда ов қочиб кетганга ўхшайди.

«У ўқнинг учига қараса, ҳеч нарса кўрмайди».

Овчи бориб ўқни олиб унинг учига қараса, овнинг асари ҳам йўқ.

«У ўқнинг чўпига қараса, ҳеч нарса кўрмайди».

Овчи ўқнинг учи тегмаган бўлса, чўпи теккандир деб ўқнинг чўпига қараса, унда ҳам ҳеч қандай асар йўқ.

«У ўқнинг патига қараса, ҳеч нарса кўрмайди».

Овчи яна ҳайрон бўлиб ўқнинг кетига ўрнатилган патига қараса, унда ҳам овнинг асарини кўр­майди.

«Сўнг аланглаб осмонга қарайди».

Осмонда ҳам ҳеч нарса кўринмайди.

Ҳа, ҳалиги тоифа ҳам бирпасда Исломдан чиқади ва улардан бу диннинг асарини ҳам топиб оладиган бўлмай қолади.

Чунки улар ҳамма нарсани чин ихлос билан эмас, риёкорлик билан қилаётган эдилар.

Уламоларимиз бу ҳадиси шарифда васфи келган тоифа хаворижлар эканлигига иттифоқ қилганлар. Чунки шу маънодаги бошқа ҳадиси шарифларда ҳам уларнинг бошқа сифатлари баён қилинган бўлган. Ҳаммаси солиштирилганда хаворижларга тўғри келган.

Демак, Қуръони Каримни юзакилик билан риёкорлик учун эмас, чин ихлос билан қалбдан чиқариб тиловат қилиш, ўрганиш ва унга амал қилиш керак экан.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Охири замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо кекирдакларидан ўтмайди. Улар одамларнинг энг яхши гапларини айтадилар. Улар диндан ўқ овдан чиққанидек чиқадилар. Уларнинг иймонлари бўғизларидан нарига ўтмайди. Бас, уларни қаерда кўрсангиз, қатл қилинг. Албатта, уларни қатл қилганларга қиёмат куни ажр бордир», деганларини эшитдим»[10].

Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги ҳадиси шарифдаги маъно бошқа иборалар ва баъзи изофалар ила таъкидланмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида мана шу тоифа чиқди деб айтдилар. Уларга аввал ҳам айтиб ўтилганидек, хавориж номи берилди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввал уларга хатоларини англатиб, кўзларини очишга кўп уриндилар. Аммо бўлмади. Улар ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам, бошқаларни ҳам кофир деб фатво чиқардилар ва уруш бошладилар. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам уларга қарши қаттиқ жанглар қилдилар.

Шу билан бирга, Али розияллоҳу анҳу улар ҳақида инсоф билан ҳақиқатни айтдилар. Одамлар у кишидан:

«Улар кофирларми?» деб сўрадилар.

«Улар куфрдан қочдилар», дедилар.

«Улар мунофиқларми?» деб сўрадилар.

«Мунофиқлар Аллоҳни жуда оз зикр қиладилар. Анавилар бўлса Аллоҳни эртаю кеч зикр қиладилар», дедилар.

«Улар ким?» деб сўрадилар.

«Улар фитнага учраб, кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлган қавм», дедилар.

Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.

Демак, Қуръони Каримни ўқиганидан ғурурга кетмай, риёкорлик қилмай, қайтага аввалгидан ҳам синиқ бўлиб, эътиқодни мустаҳкам қилишга ҳаракат қилмоқ лозим экан.

 Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши бир қироат қилиб соиллик қилиб ўтирган одамнинг олдидан ўтиб қолиб, истиржоъ айтди. Сўнгра:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Қуръон ўқиса, у билан Аллоҳдан сўрасин. Келажакда бир қавмлар келурки, Қуръон қироат қилиб одамлардан сўрарлар», деганларини эшитганман», деди»[11].

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу йўлда юриб кетаётиб, бир кишининг Қуръони Каримни қироат қилиб соиллик қилиб ўтирганини кўриб қолиб, истиржоъ айтдилар. Яъни, иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун, дедилар. Одатда истиржоъни мусибатга учраганда айтилади. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни қироати ила тиланчилик қилишни мусибат ҳисоблаб, истиржоъ айтган эдилар. Чунки Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу бу ишнинг мусибат эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган эдилар.

Шунинг учун бу ҳақиқатни одамларга айтиб бердилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким Қуръон ўқиса у билан Аллоҳдан сўрасин. Келажакда бир қавмлар келурки, Қуръон қироат қилиб одамлардан сўрарлар, деганларини эшитганман», дедилар.

Бас, шундоқ экан, Қуръони Карим қироати ила тиланчилик қилишга, молу дунё илинжида бўлишга қарши курашишимиз лозим.

Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қуръонни бир ойда бир марта ўқи», дедилар.

«Мен ўзимда қувватим борлигини биламан», дедим.

Охири бориб у зот:

«Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар»[12].

Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни хатм қилиш учун оз муддат қанча бўлиши кераклиги ҳақида сўз кетмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туришни тавсия қилдилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бу муддатдан озда ҳам хатм қилиш имконлари борлигини айтиб, муддатни бир ойдан оз қилишни сўрадилар. Бу ҳол қайта-қайта такрорланиб,

«Охири бориб у зот:

«Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қил­ма», дедилар».

Шундан оддий мўмин-мусулмон киши Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши тавсия қилинади.

Мазкур муддатдан озда хатм қилиш имкони борлар етти кунда бир хатм қилсалар яхши бўлади.

Чунки номига хатм қиламан деб шошилиб ҳарф­ларни махражидан чиқармай, тажвид қоидаларига амал қилмай камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.

Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръонни қанчада қироат қилай?» дедим.

«Уни бир ойда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни йигирма кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни ўн беш кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни ўн кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни беш кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

У зот менга рухсат бермадилар»[13].

Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса, яхши англамабди», дедилар»[14].

 Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Қуръони Каримни хатм қилиш муддатларининг энг ози етти, беш ёки уч кун бўлиши хатм қилувчиларнинг ҳолига қараб бўлади.

Қуръони Каримни хатм қилишга имкони ҳар қанча катта бўлса ҳам уч кундан озга рухсат йўқ. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу қавлни маҳкам тутганлар.

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси

Абдураҳимов Бобобек

[1] Муззаммил сураси 4 оят

[2] Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган

[3] Термизий ривоят қилган

[4] Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган

[5] Учовлври ривоят қилишган

[6] Учовлари ривоят қилишган

[7] Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган

[8] Икки шайх ривоят қилишган

[9] Тўртовлари ривоят қилишган

[10] Тўртовлари ривоят қилишган

[11] Термизий ривоят қилган

[12] Бухорий ривоят қилган

[13] Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган

[14] Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган

305090cookie-checkҚуръони каримни қироат қилиш одоби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: