islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломда юк ташишнинг шаръий ҳукмлари

Исломда юк ташиш ижаранинг бир қисмидир. Ижаранинг Шаръий истилоҳдаги маъноси – ўзи аниқ ёки сифати аниқ бўлган бирон шахс ё нарсадан маълум ишга ёки маълум муддатга маълум ҳақ эвазига мубоҳ фойдаланишга тузилган битимдир. Бу таъриф ижаранинг дуруст бўлиши шартлари ва унинг турларини қарийб қамраб олган таърифдир[1]. «Фойдаланишга тузилган битим» деган ибора билан рақаба (қул) устидаги битим чиқиб кетади, чунки у ижара эмас, байъ бўлади. «Мубоҳ фойдаланиш» деган сўз билан зино ва шу каби ҳаром фойдаланишга бўлган битим чиқиб кетади. «Маълум» деган сўз билан номаълум фойдаланиш тури чиқиб кетади, ундай нарсага битим тузиш дуруст бўлмайди[2]. «Ўзи аниқ ёки сифати аниқ бўлган бирон шахс ё нарсадан маълум ишга» деган ибора билан ижаранинг икки хил бўлиши маълум бўлади:

1) Ижара-ўзи аниқ ёки сифати аниқ бўлган бирон шахс ёки нарсадан фойдаланишда бўлиши. Ўзи аниқ бўлганга мисол: «Сенга шу ҳовлини ижарага бердим» деганга ўхшашдир. Сифати аниқ бўлганга мисол: «Сенга мана бундай сифатдаги туяни юк ташиш ёки миниш учун ижарага бердим» деганга ўхшашдир.

2) Ижара маълум бир ишни адо этишга бўлиши. Фалон жойга етказиб қўйиш ёки девор қуриб бериш каби[3].

«Маълум муддатга» деган иборадан маълум бўлишича, ижара чекланган муддатга, масалан, бир кунгами ё бир ойгами бўлиши шарт қилинади. «Маълум ҳақ эвазига» деган иборадан ижара ҳақининг миқдори аниқ бўлиши билинади. Шу билан ижаранинг ҳар икки турининг саҳиҳ бўлишининг қисқача шартлари ойдинлашади: ижара битими нарсанинг ўзига эмас, балки ундан фойдаланишга бўлиши, фойдаланиш мубоҳ (яъни, ҳаром эмас) бўлмоғи ва маълум бўлмоғи, агар ўзи аниқ бўлмаган нарса бўлса, унинг сифати аниқ бўлиши, ижара муддати аниқ бўлиши, ижара ҳақи аниқ бўлиши[4]. Ижара Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан жоиздир.

 Ижаранинг дурустлигига Қуръондан далил.

 Аллоҳ таоло:

قال إني أريد أن أنكحك إحدى ٱبنتي هتين على أن تأجرنى ثماني حجج فان أتممت عشرا فمن

عندك وما أريد أن أشقّ عليك ستجدنى إن شاء ٱلله من ٱلصلحين

«У: «Менга саккиз йил ижарага ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди», деган. (Қасос 27 -оят)[5].

Ижара[6] қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт. Бунда, ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши, шунингдек муддати, ишга оид бўлса қиладиган иш ҳам аниқ-равшан бўлиши шарт.

Ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши шарт деганимиз, мисол учун, биров ушбу икки уйдан бирини сенга ижарага бердим, деса ижара дуруст бўлмайди.[7] Чунки, манфаат берадиган маҳал аниқ эмас. Кейин низо чиқиши турган гап.

Муддат аниқ бўлиши шарт, дейилганида ҳам худди шу сабаб кўзда тутилган. Муддат маълум бўлмаса манфаат ноаниқ бўлади, кейинчалик низо келиб чиқади[8]. Ижара ишга оид бўлса, қилинадиган иш очиқ-ойдин бўлиши шарт, дейилганда ҳам айни шу ҳикмат кўзда тутилган. Бировни қиладиган ишини аниқ айтмай ишга олишда ҳам ноаниқлик бор, кейин низо келиб чиқиши мумкин. Аввало иш нимадан иборат эканлиги аниқ айтилиши керак. У иш қурилишми, қассобчиликми, деҳқончиликми ёки бошқами аниқ бўлиши шарт.

Кейин эса ўша ишнинг миқдори ва сифатига ҳам келишиб олинади. Сенга фалон пул бераман, битта чуқур қазиб берасан, дейиш билан иш битмайди. Чуқурнинг кенглиги қанча, чуқурлиги қанча, ернинг қаттиқлиги ва бошқа майда-чуйдалари ҳам келишиб олиниб, икки томон рози бўлганидан кейин иш бошланади.

Ижара қилинган нарса ҳақиқатда ҳам, шариатда ҳам фойдаланиш мумкин нарса бўлиши керак.

Мисол учун, қочиб кетган уловни ижарага қўйиш мумкин эмас. Чунки, ҳақиқатда ундан фойдаланиб бўлмайди.

Шунингдек, ҳайз кўрган аёлни масжидни супуришга ишлатиб бўлмайди. Чунки, шариатда ҳайзли аёлнинг масжидга кириши мумкин эмас. Ижара қилинган нарса шаръан жоиз бўлиши шарт. Гуноҳ бўладиган нарсаларга ижара қилиб бўлмайди.

Одам ўлдириш, ҳаром ишларни қилиш, сеҳр ўргатиш каби ишларга ўхшаш.

Ижарага қилинадиган иш ижарадан олдин, иш бажарувчига фарз ёки вожиб бўлмаслиги шарт[9]. Шунинг учун ҳам ижарага намоз ўқиб, рўза тутиб ва бошқа ибодатларни қилиб бўлмайди.

Шунингдек Ҳанафийларнинг «Ўз зиммасидаги нарсага ижара ҳаққи олиш жоиз эмас» деган қоидалари ҳам бор[10].

Шунинг учун аёл ўз уйи хизматлари учун эридан ҳақ талаб қилмайди. Чунки, бу унинг ўз хизматидир. Ижарага иш қилган одам ўша ишидан ўзи манфаат олмаслиги керак. Шунинг учун ҳам тоат-ибодатларга ижара жоиз эмас. Чунки, уларни бажарган одам ўзи биринчи ўринда манфаат олади[11].

Бировга ушбу буғдойни тортиб, ун қилийиш ҳаққингга ўша ундан бунча оласан, дейиш ва шунга ўхшаш ишлар ҳам шу қаторга кирадими, йўқми, деган масалада Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари киради, деганлар.

Ҳанбалий ва Моликий мазҳаблари эса кирмайди, деганлар. Ижара ҳақи учун бериладиган нарса маълум, вужуди бор мол бўлиши шарт. Номаълум нарсани ижара ҳақи қилиб бўлмайди[12].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биров билан ижара муомаласи қилса, ижара ҳақини маълум қилсин», деганлар».

Шу маънода, иш ҳақига таомни қўшиб бўлмайди, чунки у қанча бўлиши маълум эмас.

Ижара ҳақи, ижарага қўйилган нарсанинг жинсидан бўлмаслиги шарт. Мисол учун бировнинг уйида ижара тургани ҳақига ўзининг уйини яшашга бериб туруши мумкин эмас. Бу ҳолда рибога ўтиб қолади. Шу ўринда шариъат эътибор қилган бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Ислом шариъати ишчиларнинг ҳаққини тезлик билан адо қилишга буюради[13].

Шунинг учун иш эгаларига ишчи ишни тугатган заҳотида ҳақларини беришга ундайди.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича ривоят қилинади; Уч киши борки мен қиёмат куни уларнинг хасми бўламан. Бир кишики, менга бир нарса берган ва мени алдаган, бир кишики, ҳурни сотган ва пулини еган , бир кишики, ижарага бир одамни ёллаган , тўлиқ ишини қилдирган, сўнгра унга ҳаққини бермаган.

Бундан ташқари яна ўша зотдан ривоят қилинган ҳадисда

Пайғамбаримиз: «Ижарага олинган одамга терлаган териси қуримас-дан ҳаққини адо қилинглар», деб марҳамат қилганлар.

Агар ижарага олинган инсон ижара ҳақини олмасдан ташлаб кетса у мужир яъни ижарачининг қўлида омонат бўлиб туради.

Бунга далил ғорга кирган уч киши ҳақидаги ҳадисдир. Чунончи бу ҳадисда қуйидагича айтилади; … уларнинг учинчилари дуо қилди ва, эй Аллоҳим, мен бир неча кишиларни ижарaга олардим ва уларнинг ҳақларини адо қилар эдим.

Лекин уларнинг бири ҳақини олмади балки ташлаб кетди. Унинг ҳақини сақладим ҳатто у кўп пулга айланди.

Сўнгра у киши бир неча вақтдан сўнг келди ва менга: “Эй Аллоҳнинг бандаси менинг ҳаққимни адо қил”, деди.

Мен: “Кўриб турган туяларинг, сигирларинг, қўйларинг, қулларинг- барчаси сенинг ҳаққингдан”, дедим.

У “Эй, Аллоҳнинг бандаси, мени масҳара қилма”, деди. “Масҳара қилганим йўқ” дедим, шунда у молларнинг барчасини олди, бирор нарсани тарк қилмади. “Эй, Аллоҳим, агар шу ишни сенинг розилигинг учун қилган бўлсам биздан бу балони кўтаргин” деди. Шунда уларни тўсиб қўйган тош очилди ва улар юриб чиқдилар. (Имом Бухорий[14] ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда бировнинг ҳақига риоя қилиш. Бошқаларнинг молини ўз моли каби асраш. Бу амалларни мақбул қилган омил уларни ихлос билан Ҳақ ризоси учун бажарилганидир. Зеро, ҳадисда амалларда ихлоснинг муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Биз шарҳлаётган ҳадис ривоятида ишчининг ҳақи миқдори аниқ айтилмаган. Аммо бошқа ривоятларда бу бир фарақ гуруч экани айтилган. Яна бошқа ривоятларда бу хусусни очиб берувчи қўшимчалар келган ва йиллар ўтиб, ҳақини олгани келган ишчига ўн минг дирҳам бергани баён этилган.

Жуола деб луғатда кишининг қилган иши эвазига бериладиган ҳаққа айтилади[15].

Жуолага ижозат берган фуқаҳолар унинг таърифида шундай дейдилар:

 “Ишчининг маълум ёки номаълум муддатдаги меҳнати учун жуола (ҳақ) берилади[16]. Бунда қилинган меҳнатнинг манфаати фақат ҳақ берувчига бўлиши лозим. Агар ишчи ўз вазифасини охирига етказса, иш ҳаққини тўлалигича олади. Агар охирига етказмаса, унга ҳеч нарса берилмайди”.

Бу моликийларнинг таърифидир. Шофеъийлар жуолага қуйидагича таъриф беришади: “ Маълум ёки қанчалигини билиш қийин даражадаги номаълум иш учун бериш лозим бўлган иш ҳаққига жуола дейилади”.

Ҳанбалийлар: “Агар номаълум бўлса ҳам мубоҳ ишни ёки номаълум бўлса ҳам, бир муддат иш ҳаққи берадиган одам манфаати учун ишлаб берган кишига таъйин қилинадиган маълум мол жуоладир”, дейдилар. Ҳукми: Жуола жумҳур уламолар наздида жоиздир.[17]

Улар моликий, шофеъий ва ҳанбалийлардир.

Аллоҳ таоло Юсуф сурасида шундай марҳамат қилади:

“Уни келтирган кишига бир туя юк”. (Юсуф сураси 72-оят).[18] Биздан олдингиларнинг шариати бизга شروع من قبلنا شروع لنا»« Жуола ҳам шариатдир”, қоидаси асосида жорий бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким (урушда) душманни ўлдирса ва бунга унинг далили бўлса, ўлганнинг нарсалари уникидир”. (Саҳиҳ Бухорий[19] 4/111, Саҳиҳ Муслим 12/59).

Жуолага кишиларнинг эҳтиёжи тушиб туради. Чунки, баъзи инсон ўзи қила олмайдиган ишни бировга ҳақ бериб қилдиради.

Бу ишни бекорга қилиб берадиган одам ҳам топилмайди. Агар ижара тайин қилай деса, иш номаълум бўлгани учун ижара қилиб бўлмайди. Мисол учун, зое бўлган молни қайтаришга жуола таъйин қилинади. Лекин ижара таъйин қилиб бўлмайди. Жуола билан ижаранинг фарқи: Жуола ижарадан бир неча жиҳат билан фарқ қилади: Жуолани номаълум амалга ҳам таъйин қилса бўлади. Ижара эса, фақат маълум амалга белгиланади. Яна жуолани номаълум кишига беришни эълон қилиш мумкин.

Мисол учун: “Йўқотган нарсамни топиб берган кишига, шунча бераман”, деса, жуола бўлади. Лекин ижарани бундай эълон қилиб бўлмайди. Ишчи ишни охирига етказгандагина жуолани олиши мумкин. Ижарада эса, қилган меҳнати миқдорида ҳақ олади. Бунда ишни тугатиши шарт эмас.[20]

Баъзи ҳолатларда жуоланинг миқдори ҳам номаълум бўлади. Ким (урушда) душманни ўлдирса, ўлганнинг нарсалари уники дейилганда, ўлганнинг қанча нарсаси борлиги номаълумдир[21].

Жуола таъйин қилишда ишнинг муддатини белгилаш ҳам бўлмайди. Баъзан жуола дуруст бўлган ўринларда ижара дуруст бўлмайди. Мисол учун, йўқотган молини топиб берган кишига жуола таъйин қилинади. Ижара таъйин қилиб бўлмайди[22].

Баъзида ижара дуруст бўлиб, жуола таъйин қилиш тўғри бўлмайди. Мисол учун, қудуқ қаздиришда жуола таъйин қилиб бўлмайди. Чунки, бунда қанча қазилса ҳам буюртмачига манфаат бор. Агар иш охирига етмасада уни қазишда иштирок этган кишиларга ижара ҳаққи берилади.

Қуръонга ва даллолликка ҳақ олиш ҳақида. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ажр оладиган нарсангизнинг энг ҳақлиси Аллоҳ таолонинг китобидир», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Қуръонга ажр — ҳақ олиш ҳақидаги масала қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўп тортишувларга сабаб бўлган масалалардан биридир. Аслида ўша тортишув бўлмаса яхши эди. Лекин бўлган ва бўлиб келмоқда[23]. Шунинг учун ҳам бу масалага оид маълумотларни бир оз эҳтиётлик билан муолажа қилишга тўғри келади. Қуръонга ҳақ олса бўлади, деганлар ушбу ҳадисни далил қиладилар. Шунингдек, яна бошқа далиллари ҳам бор:

  1. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир одамни уйлаш учун: «У(аёл)ни сендаги Қуръон ила сенга завжа қилиб қўйдим», деганлар. Яъни, бергани маҳри бўлмаган одамга, маҳрга берадиган молнинг эвазига ўзинг Қуръондан билган нарсани бу аёлга ўргатиб қўйишинг юзасидан уни сенга завжа қилдим, деганлари. Демак, Қуръонни ўргатиш маҳрга бериладиган молдан эваз бўлганидан кейин, унинг учун ажр олиш ҳам жоиз бўлади.

Имом Бухорий,[24] Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмадлар қилган ривоятда айтилишича, Абу Саъид ал-Худрий бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар сафарда бўлганлар.

Бир қавм олдидан ўтиб, зиёфат қилишни сўрасалар, у қавм бош тортган. Иттифоқо, ўша кечаси, мазкур қавмнинг улуғини чаён чақиб олади. Улардан баъзилари масканлари яқинида дам олишаётган саҳобалар ҳузурига келиб, бўлган ҳодисани айтади ва ичингларда дам соладиган одам борми[25], дейди. Абу Саъид ал-Худрий: «Бизга ҳаққини бермасангиз, дам солмаймиз», дейдилар. Бир неча адад қўйга келишадилар. Абу Саъид ал-Худрий Фотиҳа сурасини ўқиб дам соладилар. Бошлиқ тузалади. У киши қўйларни олиб, шубҳаланиб қоладилар ва уларга ҳеч бир тасарруф қилмасдан, аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраш учун Мадинага ҳайдаб кетадилар.

Бўлган воқеани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берганларида у Зот: «Тақсимланглар! Менга ҳам улуш беринглар», дейдилар. 3. Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмадлар Хорижа ибн Солтдан, у киши амакиларидан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан чиқиб, бир араб маҳалласига келдик. Улар: «Бизга хабар берилишича, сизлар анави одамнинг олдидан яхшилик олиб келган эмишсизлар. Сизларда бирор давоми, дам солишми борми? Бизнинг кишанда турган бир беморимиз бор», дейишди. Биз: «Ҳа», дедик. Бас, улар кишанланган бир беморни олиб келишди. Мен унга «Фотиҳатул Китоб» ни уч кун эрталаб ва кечқурун ўқидим. Туфуткимни жамлаб туриб унга дам урар эдим. Сўнгра у худди тушовидан бўшалгандек тузалиб кетди. Улар менга ҳақ беришди. Мен, токи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамагунимча (бир нарса қилиш) йўқ, дедим. У зот: «Умрим ила қасамки, албатта, ботил дам солиш ила еяётганлар бор. Батаҳқиқ, сен ҳақ дам солиш ила единг», дедилар.

Хорижа ибн Солтнинг амакилари[26], ушбу ривоят қаҳрамонининг номи Алоқа ибн Соҳҳор розияллоҳу анҳудир. Ушбу ҳадисларни ҳужжат қилиб, жумҳур уламолари Қуръон таълими, ёзиши, дам солиши ва қироати учун ҳақ олса бўлади, дейдилар. Аммо Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳақ олиб бўлмайди, чунки Қуръон ибодатдир, ибодатнинг ажрини Аллоҳ беради, дейдилар. Уларнинг ҳужжатлари: 1. Имом Аҳмад ва Баззор қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни қироат қилинглар, унда ғулуга кетманглар, унга жафо қилманглар ва у билан еманглар», деганлар. Қуръонга боғлиқ ишларга ажр олиш у билан еган бўлади. 2. Имом Абу Довуд ва Ибн Можалар Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда у киши айтадиларки: «Эй Аллоҳнинг Расули, Китоб ва Қуръон ўрганадиган бир одам менга бир камон ҳадя қилди, уни мол, деб ҳам бўлмайди. У билан Аллоҳнинг йўлида ўқ отарман, дедим. У зот: «Агар оловдан бўлган бўйинбоғ билан бўғилишингни хоҳласанг, уни қабул қил», дедилар. Қўшимча маълумот тариқасида айтиш лозимки, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам Қуръон ила дам солганга ҳақ олса бўлади, дейдилар. Икковларининг фикрича, бу ҳадислар фақат дам солишга хос.

Имом Абу Ҳанифадан бошқа Ҳанафий мазҳаби уламолари у кишининг Қуръон таълими, ёзиши ва қироатига ҳақ олиб бўлмайди, деган фатволарига қўшилмайдилар[27].

Демак, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмадлар[28] билан жумҳур уламолари ўртасидаги икки хил фикрлилик бу Қуръон таълими, ёзиш ва ўқишга ҳақ олиш тўғрисида, холос. Агар бу масаланинг тарихига назар соладиган бўлсак, биринчи даврларда кишининг ўзига фарз ёки вожиб бўлган амалларга ажр (ҳақ) олиб бўлмайди, деган умумий ҳукмга намоз, рўза каби ибодатлар қатори имомлик қилиш, муаззинлик қилиш, илм ўргатиш, жумладан, Қуръон ўргатиш ишлари ҳам кирган.

Ҳамма шу ҳукмни айтган, унга амал қилган. Лекин вақт ўтиши билан ажр бўлмаса, илм ўргатадиган, имомлик ёки муаззинлик қиладиган кишилар камайиб ёки ўз устида ишламай қўйилган. Шунда уламолар, мазкур ишларга ҳам ажр-ҳақ олиш ҳақида фатво чиқара бошлашган. Имом Молик[29] ва Имом Шофеъийлар Қуръон таълими учун ҳақ олиш жоиз, чунки у маълум иш учун маълум бадал олишдир, деганлар. Эҳтимол, Абу Ҳанифанинг (150 ҳ.с.да) вафот этиб юзага келган ҳолатни кўришга улгурмаганларини у кишининг шогирдлари эътиборга олишган бўлса керак. Имом Шофеъийга ҳамаср Ҳанафий уламолар ҳам Қуръон таълимига ҳақ олиш жоизлиги ҳақида фатволар чиқарганлар. «Табйинул Ҳақоиқ» китобида Ҳанафий уламоларнинг: «Бугунги фатво Қуръон таълимига одам ёллаш жоизлигидир. Балх машойихларининг кейинги мазҳаблари шудир», деган сўзлари бор.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Акрамов  Маруф

[1] “Фиқҳул ҳанафий”, (Абдулҳамид  Маҳмуд  Тоҳҳоз  Дорул қалам  – Дамашқ 2009 йил ). Б-145.

[2] Абдулҳай ал-Лакнавий. Нофеъ ал-кабир. Ҳиндистон, 1310. Б-220.

[3] Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Фавоид ал-баҳийя фий тарожим ал-ҳанафийя. Қозон, 1902. Б-340.

[4] Али ал-қори. Тазкират ал-Мавзуъот. Истанбул, 1310.Б-325.

[5] ” Тафсири жалолайн “. Жалолиддин ал-Маҳаллий, Жалолиддин ас-Суютий. Б-387.

[6] «Ижара» – луғатда “ажр, берилган ҳақ” маъносини билдиради.

[7] “Муҳтасарул виқоя”, Ижара китоби, 105-бет.

[8]  Иззуддин ибн Абдуссалом. Қоваъидул- аҳком. – Байрут, Дорул-кутуб ал-илмийя.б-256.

[9]  Яҳё ибн Шарофиддин Нававий. Шарҳу матнил-арбаин. – Дамашқ, Дорул-фатҳ (тўртинчи нашр), 1984. Б-97.

[10] Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Фавоид ал-баҳийя фий тарожим ал-ҳанафийя. Қозон, 1902.Б-304.

[11] Тайсир Фоиқ Аҳмад Маҳмуд таҳқиқи остида. – Қувайт, Вақф ва исломий ишлар вазирлиги (иккинчи нашр), 1985.б-236.

[12]  ал-Ислоҳ, 2-жилд. 1916 йил. 6-сон.Б- 259.

[13] Лутфуллоҳ Насафий. Фиқҳи Кайдоний / Нашрга тайёрловчилар: Н.Насруллаев, З.Исломов. Тошкент, 2009.Б-334.

[14] “Саҳиҳ Бухорий”, (Ўзбекча таржимаси)  (Шайх Абдулазиз Мансур. Тошкент 2008 йил ). Б-455.

[15] “Муҳтасарул виқоя”, (Убайдуллоҳ ибд Масъуд– Мовароуннаҳр 2010 йил).Б-114.

[16] Али ал-қори. Тазкират ал-Мавзуъот. Истанбул, 1310. Б-324.

[17] “Фатҳу- бабул ъинояҳ”,

(Мулла Алий Қорий. Байрут – Ливан 2005 йил).Б-370.

[18] “Қуроьни карим маънолари таржимаси ва тафсири”, (Шайх Абдулазиз Мансур. Тошкент 2004 йил).

[19] “Сахих Бухорий”, (Ўзбекча таржимаси) (Шайх Абдулазиз Мансур. Тошкент 2008 йил). Б-455.

[20]. “Ҳидоя”,

(Бурҳониддин Марғилоний мактабату Имдодийя -1978 йил).Б-433.

[21] Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин / Шарҳ ал-манзума Уқуду расм ал-муфтий // Расоил Ибн Обидин. Истанбул, 1320.Б-217.

[22] Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин. Нузҳат ан-навозир ҳошия ала “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир”. Дамашқ, 1986.Б-347.

[23] . Муҳаммад Фахриддин ар-Розий. Мафатиҳул-ғуюб. – Астана, Дорут-тибаъа ал-амироҳ, 1890.б-159

[24] “Сахих Бухорий”, (Ўзбекча таржимаси) (Шайх Абдулазиз Мансур. Тошкент 2008 йил ). Б-405.

[25]  Солиҳ Абдуссамиъ Азҳарий. Жаваҳирул-иклил. –Байрут, Дорул-кутуб ал-мийя, 1997. Б-201.

[26] Муҳаммад Қодрий Боша. Муршидул-ҳайрон ила маърифати аҳвалил-инсан. – Миср, ал-Кубро ал-амирийя (иккинчи нашр), 1891.б-190.

[27] Абу Бакр ибн Алий ибн Муҳаммад Яманий. ал-Жавҳаротун-наййиро. – Миср, ал-Матбаа ал-хайрийя, 1322/2001. Б-140.

[28] Муҳаммад ибн Аҳамад Сарахсий. Мабсут. – Байрут, Дорул маърифа, 1993.б-209.

[29]  Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин. Рад ал-муҳтор ала Дур ал-мухтор. XIV жилд. Байрут, 2003.б-122.

304990cookie-checkИсломда юк ташишнинг шаръий ҳукмлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: