Махси – маълум ва машҳур оёқ кийимидир. У оёқни тўпиғидан юқорисигача яхшилаб беркитиб туради. Совуқдан ва турли нопокликлардан сақлайди. «Махси» деб номланмаса ҳам, унинг мазкур сифатларига эга бўлган оёқ кийимлари махси ҳукмида бўлади. Ҳар таҳоратда бу оёқ кийимни ечиб оёқни ювиш машаққат туғдиргани учун, тўлиқ таҳорат билан кийилган махси унинг ичидаги оёқни пок сақланишини эътиборга олиб, шариатимизда махсига масъҳ тортишга рухсат берилган.[1]
Лекин баъзи кишилар бу рухсатни тўғри тушунмаганлар. Улар бир вақтлар махсига масъҳ тортиш бўлган, аммо «Моида» сурасидаги таҳорат ҳақидаги оят тушиб «оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» деган буйруқ келгандан кейин махсига масъҳ тортиш ботил бўлган, дейдилар.[2]
Бу нотўғри гап. Ҳамма асл ҳадис китобларида ривоят қилинган машҳур ҳадисда келишича, Жарир розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб, махсиларига масъҳ тортганлар. Шунда у кишига: «Сен шу ишни қиласанми?» дейилган.[3] У киши:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишни қилганларини кўрган бўлганимдан кейин бундоқ қилишдан мени нима ман қилар эди?!» деганлар.
Одамлар: «Бу «Моида» сураси нозил бўлишидан олдин бўлган». дедилар. Жарир розияллоҳу анҳу: «Мен у сура нозил бўлганидан кейин мусулмон бўлганман», дедилар.
Демак, «Моида» сурасидаги оят суннат билан собит бўлган махсига масъҳ тортишни бекор қилган, деган гап мардуддир.[4]
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари махсига масъҳ тортганлар ва бошқаларга масъҳ тортишга кўрсатма ҳам берганлар. Саҳобаларнинг кўплари бу ишни қилганлар.[5]
Аммо махсига масъҳ тортиш ҳақидаги мазкур нотўғри фикр кўпчиликни адаштиргани ҳамда у тез-тез қайтадан пайдо бўлиб тургани учун ҳадис ва фиқҳ китобларида бу масала алоҳида бобда, айри эҳтимом билан баён қилинадиган бўлиб қолган.
Махсига масъҳ тортишга рухсатдан мурод енгиллик яратишдир. Шу билан бирга унинг яна сувни тежаш, вақтни тежаш, совуқдан ва нопокликдан сақланиш каби фойдалари ҳам бор.
Муғийра ибн Шўба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиққан эдилар. Ал-Муғийра орқаларидан идишда сув олиб бориб, ҳожатларидан фориғ бўлганларидан кейин қуйиб турди. Бас, у зот таҳорат қилдилар ва икки махсиларига масъҳ тортдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсиларига масъҳ тортганлари очиқ-ойдин, алоҳида зикр қилингани учун у бу бобда келтирилмоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Қазои ҳожат учун чиққанда кишилардан узоқла- шиш зарурлиги.
- Бошлиқ кишилар ўзлари айтмасалар ҳам шай туриб, хизматларини қилиш кераклиги.[6]
- Таҳоратга бошқа биров сув қуйиб бериши жоизлиги. (аввал баён қилинганидек, узри бўлмаса, биров қуйиб бермагани маъқул. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда ўзлари қилганлар).[7]
- Қазои ҳожатдан кейин дарҳол таҳорат қилиб олиш яхшилиги.[8]
- Махсига масъҳ тортиш шариатда бор эканлиги.
- Махсига масъҳ тортиш «Моида» сурасидаги оят билан мансух бўлган, деганларнинг гапи нотўғрилиги.
Чунки «Моида» сурасидаги оят «Мурайсиъ» ғазотида нозил бўлган. Ушбу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса эса «Табук» ғазотида бўлган. «Табук» ғазоти «Мурайсиъ» ғазотидан кейин бўлгани ҳаммага маълум.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам махсига масъҳ тортдилар. Мен у кишига: «Ей, Аллоҳнинг Расули, унутдингизми?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда махсига масъҳ тортишлик Аллоҳнинг амри эканлиги очиқ-ойдин таъкид қилинмоқда.
Ал-Муғийра розияллоҳу анҳу ҳам оёқни ювиш керак, деб ўйлган эканлар, шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсига масъҳ тортганларини кўрганларида: «Ей, Аллоҳнинг Расули, унутдингизми?» деди.
Яъни, оёқни ювишни унутдингизми, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Йўқ! Сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган» дедилар.[9]
Яъни, мен ҳеч нарсани унутганим йўқ. Махсига масъҳ тортиш жоизлигини сен унутдинг. Роббим менга таҳорат билан махси кийиб, сўнгра таҳорат янгилаганимда махсига масъҳ тортишга амр қилган, деганлар.[10]
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас, у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масъҳ тортдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Нажоший Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ҳабашистон подшоси бўлган. У насоро динида эди. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бошчилигидаги мусулмон муҳожирларни юртида қабул қилиб, жой берган.
Қурайш мушриклари Амр ибн Осс бошлиқ бир гуруҳни совғалар ила юбориб, Нажошийдан мусулмон муҳожирларни уларга қайтариб беришини сўрашган. Орада баҳс чиқиб, Нажоший мусулмонларга бир қанча саволлар берган, улардан Қуръон эшитган ва уларни мушрикларга қайтариб бермаган. Ўзи Исломга кирган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, совғалар юборган.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Абдулазизов Абдулҳақ
[1] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. Hadis va Hayot. 5-juz, -B. 146.
[2] Vahba Zuhayliy. Fiqhul-Islam. 1-jild, -B. 504.
[3] Sheroziy. Muzahhab. 1-jild, -B. 39.
[4] Vahba Zuhayliy. Fiqhul-Islam. 1-jild, -B. 499.
[5] Sheroziy. Muzahhab. 1-jild, -B. 37; Movardiy. Al-Havil-Kabir. 1-jild, -B. 277-278; Shinqitiy. Ar-Ravzul-Murbiy. 1-jild, -B. 31; Buhutiy. Kashshaful-Kino. 1-jild, -B. 120.
[6] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. Hadis va Hayot. 4-juz, -B. 145; Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. Hadis va Hayot. 5-juz, -B. 247.
[7] Ibn Manzur. Lisonul-Arab. 4-jild, -B. 113; Vahba Zuhayliy. Fiqhul-Islam. 1-jild, -B. 389; Jazariy. Mazahibul-Arba’a. 1-jild, -B. 221.
[8] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. Hadis va Hayot. 4-juz, -B. 145; Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. Hadis va Hayot. 5-juz, -B. 145.
[9] Muhammad Keskin. Al-Fiqh. 1-jild, -B. 163; Kosoniy. Badoi’us-sanoe’. -B. 53; Soviy. Xoshiyatu-Soviy. 1-jild, -B. 349; Movardiy. Al-Havil-Kabir. 1-jild, -B. 258.
[10] Saraxsiy. Mabsut. 1-jild, -B. 189; Ibn Nujaym. Bahrur-Roiq. 2-jild, -B. 278; Movardiy. Al-Havil-Kabir. 1-jild, -B. 278; Shirbiniy. Al-iqna fi halli alfozi Abu Suja’. –Bayrut, Dorun-nashr, 1415 h. 1-jild, -B. 84; Ibn Qudoma. Mug‘niy. 1-jild, -B. 312;