Макканинг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Умму Руммон бинти Омир Канония исмли хотинлари бор эди. Умму Руммон ҳам Исломга аввалгилардан бўлиб кирган исломий оилалардан ҳисобланар эди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан тўрт – беш йил ўтиб Умму Руммон қиз фарзанд кўрди. Янги меҳмонга “Оиша” деб исм қўйишди.
Ўша пайтда мусулмон ота ва муслима онадан туғилган фарзанд нодир эди. Оиша ўшандоқ нодир фарзандлардан бўлиб, исломий оилада ўса бошлади.
Отаси Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг яқин сирдош, ёшлигидан бирга ўсган, биринчилардан бўлиб иймон келтирган, саҳобаларнинг оқсоколи, мусулмонлар оз сонли бўлган бир чоғда у зотнинг жонларига оро кирган бир одам эди.
Онаси ўша пайт муслималарига ўрнак бўладиган,Ислом учун фидокор бир аёл эди.
Расулуллох (сав) Хадича онамиздан ажраб оғир қийин аҳволда қолган бир пайтда Расулуллоҳни уйлантиришга тажрибали аёллар томонидан ҳаракат қилар эдилар.
Мўмина аёллар ичида солиҳалиги ва фозилалиги билан ажралиб турадиган Ҳавла бинти Ҳаким разияллоху анҳо бу ҳакда у зотнинг ўзларига гап очишга журъат этади.
” Эй Аллоҳнинг Расули, уйлансангиз бўлармиди?” деди.
” Кимга?” дедилар у зот.
” Қиз хоҳлайсизми, жувонми?” деди.
” Қиз киму, жувон ким?” дедилар.
” Қиз Оиша бинти Абу Бакр, жувон Савда бинти Замъа”, деди Ҳавла бинти Ҳаким.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳога нисбатан ўзларигагина маълум сирлари бор эди.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
” Менга тушимда сени уч кеча кўрсатилди. Фаришта сени менга яшил ҳарир матога солиб олиб келар ва:
” Мана бу сенинг аёлинг”, дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча, агар бу Аллоҳнинг Ўзидан бўлган бўлса, тушимни ўнгидан келтирар, дер эдим”.
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. Унинг лафзи:
” Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яшил ҳарир матода Оишанинг сувратини олиб келди ва:
“Бу сенинг бу дунё ва охиратдаги завжанг”, деди”.
Тошкент ислом институти
4 курс талабаси.
Шомуродов Хайрулла