islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадис ровийларига қўйилган адолат мезони

Адолат сўзи нима маънони англатади?

Адолат сўзи «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да: «Адолат-одиллик, одилано иш тутишлик, одиллик» дейилади

Адолат — ижтимоий-фалсафий, ахлоқий ва ҳуқуқий тушунча. Кишилар ижтимоий-сиёсий онгида катта роль ўйнайди. Муайян ижтимоий гуруҳлар ва айрим шахсларнинг тушунчаларини ўзида акс эттиради. Сиёсий хаттиҳаракатлар, ҳуқуқ ва бурч меъёрлари, ахлоқий муносабатлар, меҳнат ва тақдирланиш, жиноят ва жазо, хизмат ва уни тан олиш, қадр-қимматни эътироф қилиш ва ҳ. к. га мазкур тушунча орқали баҳо берилади. 

Истилоҳда эса адолат бу-ўртача йўл тутишлик, меъёрни сақлашлик, инсоф қилиш деган маъноларни англатади.

Уламоларнинг фикрича, адолат икки хил бўлади. Булардан бири инсон ва Яратган орасидаги адолат бўлса, иккинчиси эса инсоннинг бошқа инсонлар билан бўлган адолатидир. Инсоннинг яратган билан адолати шуки, инсон ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилади ва унга бошқани шерик қилмайди. Инсоннинг бошқа инсонлар билан адолати шундайки, инсон бошқа инсонларни эшитади, уларга зулм қилмайди, уларнинг манфаатларини юзага чиқаришда ёрдам беради. Аллоҳ таоло инсонларни барча ишларида адолатли бўлишга чақирган.

Адолат тушунчаси ҳадис илми олимлари ўртасида эса бу янада нозикроқ тарзда акс эттирилган.  

Ҳадис фани уламолари ҳадисни атрофлича ўрганишлари учун ўзларига хос йўл тутганлар. Албатта бу тадбирлар Қуръон карим буйруғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари асосида бўлган.

Қуръон карим Ҳужурот сурасининг 6- оятида шундай дейилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

“Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”

Муҳаддислар ҳам мазкур оятни далил қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан деб, берилаётган хабар эгасини обдон текшириб кўриш, айнан ояти каримадаги буйруққа асосон эканини таъкидлайдилар ҳамда хабарчини биринчи навбатда текшириш учун ўзларининг махсус қоидаларини ишлаб чиққанлар.

Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Набий алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўлишади. Энди одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади.

Аввало, хабарчи динда, сўзида ўта ишончли киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади. Хабарчи фосиқ бўлса, яъни умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ёки унинг ишончли-ишончсизлиги маълум бўлмаса, дейликки, нотаниш одам ёки хабари синаб кўрилмаган кимса бўлса ва ҳоказо, унинг хабари текширилмай туриб, қабул қилинмайди. Бошқа ишончли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина, қабул қилинади.

Ушбу сураи каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга хитоб қилар экан, учинчи марта: «Эй иймон келтирганлар!» демоқда. Демак, улар учун жуда ҳам муҳим бўлган бир хабарни етказмоқчи.

«Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар…». Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб», хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатан, афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «…билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.

Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳ адолат ва яхшиликка буюради. Қариндошларга (садақа) беришга буюради. Фаҳш, мункар ва тажаввуздан қайтаради. Сизларга ваъз-насиҳат қилур. Шоядки насиҳат  олсангиз» дейилади.

Саҳиҳ ҳадис учун қўйилган таърифда шундай дейилган:

Луғатда у касалнинг зидди бўлиб, жисмларда ҳақиқий, ҳадис ва бошқа ўринларда мажозий маънода ишлатилади.

Уламолар истилоҳида: Зеҳни ўткир, одил кишилар нақл қилиб, санади бошидан то охиригача бир-бирига муттасил ёпишиб келса, ўзидан ишончли ривоятга зидлик ва иллат топилмаган ҳадис саҳиҳ ҳадис, дейилади.

Шартлари: саҳиҳ ҳадис шартлари бешта ва улар тўлиқ топилгандагина ҳадис саҳиҳ бўлади. Улар қуйидагилар:

1. – «Иттисолус санад»;

2. – «Адалатур рувот»;

3. – «Забтур рувот»;

4. – «Адамул иллат»;

5. – «Адамуш шузуз»

Бизнинг мавзумизга доири 2-шартда келтирилган адолатдир. Адалатур рувот – ровийнинг адолатли бўлишлиги, яъни ривоятдаги ҳар бир ровий мусулмон, балоғат ёшига етган, ақлли ва тақводор бўлиб, фосиқ ва мурувватсизлик, бепарволик ҳисобланадиган ишларга йўл қўймаган бўлишлигидир.

Иккинчиси, ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиши керак. Мисол: Бухорий машҳур «Жомиъус-Саҳиҳ» китобларида келтирган бир ҳадисни қуйидагича баён қиладилар: «Бизга Абдуллоҳ бин Юсуф ушбу ҳадисни айтди. У бизга Молик хабар берди, деган, у эса Ибн Шиҳобдан эшитган. У Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъимдан, у отасидан эшитган экан. Жубайр ибн Мутъим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни эшитдим, дейди: «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозида «Тур» сурасини ўқидилар». Бу ҳадис саҳиҳдир. Чунки: санади муттасил, ривоятдаги ҳар бир ровий ўз шайхларидан эшитиб ривоят қиляпти. Аммо Молик ҳамда Ибн Шиҳоб ва Ибн Жубайрлар ўрталаридаги – «ъан», – «ъан» деб боғланаётганлигини муттасил боғлиқ, деб ҳамл қилинади, чунки улар ёлғончи (мудаллис)лардан эмаслар; «Жарҳ ва таъдил» уламолари наздларида ровийлар адолатли ва ўта зобтли кишилардир.

1. – Абдуллоҳ бин Юсуф – сиқа (ишончли) ва моҳир киши.

2. – Молик ибн Анас – имом, ҳофиз.

3. – Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий – фақиҳ, ҳофиз, унинг моҳирлиги ва улуғлигига иттифоқ қилинган.

4. – Муҳаммад бин Жубайр – сиқа (ишончли).

5. – Жубайр ибн Мутъим – саҳобий.

Яъни ҳадис ровийлари шу тарзда текшириб чиқилади. Албатта бу вазифани ўта ҳозиқ бўлган муҳаддислар, жарҳ ва таъдил соҳиблари ажратиб беради.

Шунингдек, муҳаддислар томонидан адолатсизлик деб, белгиланган бандлар ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардир:

1. Ёлғончилиги.

2. Ёлғончилик билан туҳматланиши.

3. Фосиқлиги.

4. Бидъатчилиги.

5. Жаҳолати (номаълумлиги).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ровийлар воситасида ривоят қилинганлиги учун ҳадис ва уларнинг ровийлари аҳволига жиддий эътибор қаратиб, ривоятларини қабул қилиш учун маълум шартлар қўйилган. Зеро, бир ҳадиснинг қабул бўлиши учун ровий ва ҳадисга қўйилган шартлар мисли кўрилмаган диққат-эътибор ва чуқур ўрганиш билан амалга оширилган. Ровийга қўйилган шартлар Ҳадис ва фиқҳ уламоларининг барчаси ровийда иккита асосий шарт мавжуд бўлишини таъкидлаб айтганлар:

1. Адолат – яъни, ровий мусулмон, балоғатга етган, ақлли, фосиқлик аломатларидан холи ва муруатни кетказувчи нарсалардан саломат бўлиши керак.

2. Зобт – яъни, ровий сиқа ровийларга мухолиф, ҳифзи ёмон, ўта бепарволикка йўл қўйган бўлмаслиги керак.Адолат икки иш билан собит бўлади:

1. Унинг одил эканлигини исботловчи олимлар тарафидан.

2. Адолат билан машҳур бўлиши билан, яъни бир кишининг адолати аҳли илмлар орасида машҳур бўлиб, у ҳақда уларнинг мақтов сўзлари тарқалган бўлса, шунинг ўзи кифоядир. Бунга тўрт мазҳаб имомлари, Суфён Саврий, Суфён ибн Уяйна, Авзоий ва бошқалар мисол бўладилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ровийларга етган таъна (айб) сабаб ҳадисларнинг мартабаси тушиб бораверади ва таънанинг турига қараб заиф ҳадисларнинг тури белгиланади. Шу сабаб ҳам Имом Бухорий бир ҳадисни ўрганиш учун минг чақирим жойдан келиб, ҳадис эшитмоқчи бўлган кишини топади. Бироқ мазкур шахс қуруқ этаги билан отини чақираётганини кўриб, “Бу киши чақириш учун отини алдаяпди-ю, ҳадисда ёлғон гапирмаслигига ким кафолат берерди”, деб, ҳадисини эшитмасдан қайтиб кетади. Бу воқеъа жуда машҳур бўлиши билан бирга, мазкур шахсга етган таъна ҳам айнан адолат билан боғлиқ экан ҳам энг аҳамиятли нуқтадир.

Акрамов Дилмурод Туробович

Тошкент ислом институти

Модуль таълим шакли

3-курс талабаси

309010cookie-checkҲадис ровийларига қўйилган адолат мезони

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: