Уламоларимиз ҳайвон сўйиш ҳукмига оид барча ояти карима ва ҳадиси шарифларни синчклаб ўрганиб чиққанларидан кейин сиз билан бизга уларни қисқа ва тартибли равишда баён қилиб берганлар. Келаси сатрларда мазкур маълумотлардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Сўювчилар уч қисмга тақсимланади;
Сўйиши ҳалол бўлганлар.
Сўйиши ҳаром бўлганлар.
Сўйиши ҳақида ихтилоф бўлганлар.
Сўйиши ҳалол бўлганлар қуйидагилардан иборат;
Мусулмон, болиғ, оқил, эркак ва намозхон сўювчилар энг афзал сўювчилар ҳисобланадилар.
Сўйиши ҳаром бўлган сўювчилар қуйидагидан иборат;
Аҳли китоб бўлмаган кофир, мушрик, васаний, динсиз, муртад ва зиндиқ сўювчиларнинг сўйишини еб бўлмайди.
Сўйиши ҳақида ихтилоф бўлган сўювчилар қуйидагилар;
1. Аҳли китоб сўювчилар.
Улар яҳудий ва насоролардир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг таъбирлари ила айтилганда «Яҳудий ва Насронийларнинг сўйишлари уларнинг Таврот ва Инжилга иймон келтирганлари учун ҳалол қилингандир».
Аҳли китобларнинг ўз шариатларида ҳалол деб эътиқод қиладиган бизга ҳаром қилинмаган бўлса, жоиздир. Агар Аллоҳнинг исмини айтилгани маълум бўлмаса ҳам, канисаларига ёки ийдларига атаб сўйилган бўлса ҳам. Агар насроний Масийҳнинг номи билан, яҳудий Узйарнинг номи билан сўйса, бизга ҳалол бўлмайди.
Аммо Моликий ва Шофеъий фуқаҳолар баъзи ҳолатларда мазкур ҳукмларга хилоф қиладилар.
2. Мажусий сўювчи.
Мажусийлар аҳли китоб бўлмаганлари, мушрик бўлганлари учун уларнинг сўйишлари ҳалол ҳисобланмайди.
3. Аёл сўювчи.
Исломда аёл кишини ўзига хос бўлмаган ишга таклиф қилиш яхши ҳисобланмайди. Одатда ҳайвонларни сўйиш иши ҳам аёллларнинг латофатларига зид иш ҳисобланганидан уларни эҳтироми юзасидан сўйиш ишларига таклиф қилинмаган.
Аммо аёл кишининг сўйган сўйиши, агар аёл ҳайз кўрган ҳолда бўлса ҳам, жоиз. Эркак кишининг сўювчи бўлиши мустаҳаб, холос. Чунки у аёл кишидан кўра сўйиш ишларига муносиброқ.
4. Ёш бола сўювчи.
Агар ёш бола ўсмир бўлиб, оқу қорани ажратадиган ва ишларнинг фарқига борадиган бўлса, сўйиши ҳалол.
Аммо ёш бола кичкина бўлиб, нарсаларнинг фарқига бормайдиган бўлса, жумҳури фуқаҳолар қавли бўйича сўйиши ҳалол эмас.
Чунки унинг қасди йўқ, бисмиллаҳнинг фарқига бормайди ва сўйишни эплай олмайди.
Шофеъийлар бу масалада жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айтганлар.
5. Мажнун сўювчи.
Мажнун кишининг сўйган гўшти жумҳури уламолар гапи бўйича ҳалол бўлмайди. Шофеъийлар бу масалада ҳам жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айтганлар.
6. Маст сўювчи.
Маст кишининг сўйган гўшти жумҳури уламолар гапи бўйича ҳалол бўлмайди. Шофеъийлар бу масалада ҳам жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айтганлар.
7. Ўғри сўювчи.
Биров бошқа одамнинг ҳайвонини ўғирлаб сўйса, ўша ҳайвоннинг гўшти бошқаларга ҳалол бўлади.
8. Куч билан тортиб олувчи сўювчи.
Биров бошқа одамнинг ҳайвонини зўравонлик қилиб куч билан тортиб олиб сўйса, ўша ҳайвоннинг гўшти бошқаларга ҳалол бўлади.
9. Мажбурланган сўювчи.
Бир кишининг ҳайвон сўйиш нияти йўқ бўлса ҳам бошқалар уни мажбурлаб сўйдирса, мазкур мажбурланган шахснинг сўйган сўйиши ҳам ҳалол бўлади.
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби Уролназар Мустофо