1. Сўйиш ишини кундуз куни бажариш суннатдир. Ҳанафий мазҳаби бўйича кечаси ҳайвон сўйиш макруҳи танзийҳийдир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечаси қурбонлик қилишдан қайтарганлари ҳақида сўзланган.
2. Сўювчи ҳам, сўйилаётган ҳайвон ҳам қиблага юзланган бўлиши. Ҳайвон сўйиш ҳам ибодат ҳисобланади. Ибодат эса қиблага қараб қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам сўйиш ишини адо этиш чоғида қиблага юзланиб қилганлар.
3. Сўйиладиган ҳайвонни мулойимлик билан чап биқинига ёнбошлатиш. Бошини юқори кўтариш. Сўювчи ҳайвоннинг ҳалқуми терисидан тортиб туриб ул ажрагандан кейин пичоқ тортади. Мол ва қўйларнинг ўнг оёғини бўшатиб типирчилашига имкон яратилса яхши бўлади.
4. Сўйганда томирларнинг ҳаммасини кесиш ва тез ҳаракат қилиш керак.
5. Пичоқни ҳайвонга кўрсатмай яхшилаб ўткирлаб олиш лозим. Бир ҳайвонни бошқасининг кўз ўнгида сўймаслик керак.
6. Ҳайвонга молойим муомала қилиш керак. Уни кўтариб ерга урилмайди. Оёғидан ушлаб судралмайди. Бу каби ишларнинг барчаси ҳайвонни ўлимидан олдин қийнаш бўлади.
Сўйишдаги макруҳ ишлар;
1. Сўйишни қибладан бошқа тарафга қаратиб сўйиш.
2. Қўй эчкиларни кўкрагига яқин жойдан, туя ёки жирафани жағига яқин жойидан сўйиш.
3. Ҳайвонни қийнаш.
4. Ҳайвонни бирор нарсанинг тиши, тирноғи ёки суяги билан сўйиш.
Сўйилган ҳайвоннинг ейиш ҳаром бўлган нарсалари;
Ҳанафий мазҳаби бўйича сўйилган барча ҳайвонлардан қуйидаги нарсаларни емоқ ҳаромдир:
1. Эркак ҳайвоннинг закари.
2. Эркак ҳайвоннинг икки мояги.
3. Урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси.
4. Ҳайвондаги без.
5. Ҳайвондан оққан қон.
6. Ўт пуфак.
Чунки Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг васф қилароқ:
«Уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган», деган. Мазкур етти нарсалар ҳам нопок нарсалардир.
Мужоҳид розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур етти нарсани емоқдан қайтарганлар.
Қушхоналардаги янгича сўйишлар ҳақида.
Уламоларимиз янгича қушхоналарда қўлланиладиган сўйиш услубларни яхшилаб ўрганиб чиқиб улар ҳақида ўз мулоҳазаларини айтганлар.
Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини синдириш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб хушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш бўлмаслиги лозим. Фақат ҳайвонни сўйиш пайтидан унинг жони бўлиши ва қон отилиб чиқиши шарт.
Ҳайвонни ўқ отиб йиқитиш, ёғоч, темир ёки болта каби нарсалар ёки электр токи билан уриб йиқитиш шариат бўйича ҳаромдир. Бу ишларни қилган одамлар гуноҳкор бўладилар. Аммо мазкур ишларни қилиш туриб ҳайвонни жони борида шаръий қилиб сўйиб олинса, ҳалол бўлаверади.
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби Уролназар Мустофо