islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нега биз Имом Бухорий каби эслаб қола олмаймиз?

Аллоҳ таоло талабалик бахтига насиб қилибдики, хотирани қандай кучайтириш, олган маълумотларимни мияда сақлаш ҳақида фикр юрутар эдим. Дарслар кўпайиб кетса, устозларга зеҳним пастлигидан шикоят ҳам қилиб қолар эдим гоҳида.

Кейинроқ билсам деярли 80% талабаларда меникидек муаммо мавжуд экан.

Келинг, бу мавзуда айнан талабалар билан чекланмаймиз, балки умумий назар солиб кўрамиз. Демак, бугунги мавзуйимиз нега биз дарсларни ёки маълумотларни  яхши эслаб қола олмаслигимиз ҳақида.

Ушбу мавзу ҳақида ҳар сафар сўз кетганда, аввалги ўтган уламоларимизнинг бу борадаги ҳайратланарли натижаларини эшитиб лол қоламан. Ҳа, албатта Аллоҳ таоло уларга Ўз фазлидан фазилатлар инъом этган. Қолаверса, улар тақвода ҳам пешқадам бўлишган. Табиийки, тақвода пешқадам бўлинса,  ҳар соҳада юксалиш бўлаверади. Лекин мен ушбу мақолада бошқа бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мисол тариқасида Имом Бухорийни олайлик. Қанчадан-қанча ҳадисларни санади билан йод олганлари, у кишини синашлик учун қилинган ишлар, халқимиз ичида маълум ва машҳур. Имом Бухорийнинг ҳаётларига назар соладиган бўлсак,  ҳаётларининг аксар қисмини ҳадис илмига бағишлаганлар. Табиийки, савол туғилади – Биз қизиқиш ва вақтларимизни нимага сарфлаяпмиз?

Баъзи кишиларга кўзингиз тушиб қолади – куннинг аксар қисмини фильм ва сериаллар кўриш билан ўтказадилар. Бу иш шу даражага етганки, улар силсилавий кўп қисмли фильмларни ҳар бир кадрини адашмасдан айтиб бера оладилар. Энди тасаввур қилинг, шу маълумотларни мегабайт шаклида олсак, неча мегабайт ҳадисга ёки бошқа илмларга тўғри келади? Албатта, ҳадисни мисол ўлароқ келтиряпман.

Яна шундай кишилар борки,  минглаб қўшиқларни ёддан билади, лекин оддийгина кара жадвални ёддан билмаслиги мумкин (ўзим шоҳид бўлганман).Ёнингиздаги шеригингиздан бир сўраб кўрингчи, нечта машҳур футболчи ва санъаткорнинг исмини билар экан. Сўнг ортидан нечта ҳадис ривоят қилувчи ровийнинг исмини билишини ҳам сўраб кўринг.

Энди менга жавоб берингчи, хўш, бизнинг зеҳнимиз пастми ёки биз уни беҳуда нарсалар билан банд қилиб юборганмизми?

Ҳар бир нарсанинг ҳисобини қиладиган Аллоҳ таоло бу нарсаларнинг ҳисобини қилмайдими?

Зарра миқдор нарсалардан сўралимизу, зеҳнларимизга жойланаётган нарсалардан сўралмаймизми?

Агар баъзи беҳуда нарсаларга қилган қизиқиш ва шавқимизни манфаатли нарсаларга қаратсак, биздан яна Бухорий ва Термизийлар чиқармиди…

Мен бизлар дуч келган икки нарсани – фильм ва қўшиқни мегабайт шаклида олиб сизларга мисол қилиб бердим холос. Эътибор қиладиган бўлсак, компютер ўйинлари ва бошқа бу каби иллатлар жуда кўп. Мен ушбу сўзларим билан бу нарсаларни мутлоқ ҳаромга чиқариш фикридан йироқман, лекин қачонгача зеҳним паст даъвоси билан ўзимизни алдаб юрамиз?

Аллоҳ таоло барчамизга тўғри фойдаланиладиган умр, манфаат берадиган илм берсин. Амийн

ТИИ талабаси Саматов Мухтарали

326280cookie-checkНега биз Имом Бухорий каби эслаб қола олмаймиз?
1 та фикр мавжуд
  1. Hanifa

    Vaxtimz bekor ketib qoladi darhaqiqat, zehnimiz pasligi ham aynan shundan, zehnimizzi,ongimizzi bekorchi narsala bilan toldirganimizdan kegin… Alloh ozi zehnimizzi ziyoda qisin…Ilmimizziyam

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: