islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Экстремизм, терроризм ва миссионерликка қарши кураш – долзарб вазифа

Бугунги кунда экстремизм ва терроризм масаласи дунёдаги энг глобал муаммога айланиб бормоқда. Уларнинг амалга ошираётган хунрезлик ва қабиҳ ишларини бутун инсоният қаттиқ қораламоқда. Янада қабиҳроқ томони шундаки, улар қилаётган ишларини дин ниқоби остида, муқаддас ислом динини асл моҳиятларини бузган ҳолатда амалга оширмоқда. Улар ўз тарғиботларини кенгайтириш учун оммавий ахборот воситалари, замонавий техналогиялар, интернет каби глобал тармоқлардан максимал даражада фойдаланаётганлиги кишини ўйга толдиради. Чунки, ҳозирги кунда интернет тармоғи инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаётининг асосий қисмига айланиб улгурган. Шу ва бошқа жиҳатларни эътиборга олиб, бу глобал муаммога қарши маънавий-маърифий кураш билан бир қаторда унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бундан мақсад фуқароларимизнинг бундай нобакорлар сафига билиб-билмай қўшилиб қолишнинг олдини олишдан иборатдир.

Экстремистик ва террористик оқимлар ҳаракати Ўзбекистонда мустақиллик йилларидан сўнг бошланди. Ёш мустақил давлатимиз уларга қарши маънавий жиҳатдан кураш олиб борди. Уларнинг ғоялари ислом таълимотига зид эканлигини диний уламоларимиз Қуръон ва ҳадислар асосида исботлаб бердилар. Шу билан бирга, давлатга кириб чиқишнинг халқаро қоидалари тадбиқ қилина бошлади. Натижада халқимизга яхшилар қатори маҳаллий анъаналаримизга зид бўлган турли ёт ғояларнинг ҳам кириб келиши содир бўлди. Юртдошларимиз, хусусан, ёшлар орасида бундай ғоялар, даъватчилар тузоғига илиниш ҳолатлари юз берди. Мамлакатимизда ёшларимизни турли экстремистик ва террористик оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун кўплаб чора тадбирлар кўрилмоқда. Жойларда маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш, газета-журналлар ҳамда интернет сайтларида турли экстремистик ва террористик оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг зарарли оқибатлари туғрисидаги мақолалар эълон қилиниши, телевиденияда турли хил теледастурларнинг намойиш этилиши шулар жумласидандир.

XXI аср глобаллашув даврида  миссионерлик ҳаракатлари ҳам ўзига хос хусусият касб этмоқда. Энг, аввало, миссионерлар конкрет мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишда унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Унда боқувчисини йўқотган болалар, қаровсиз қолган қариялар ҳамда ногиронлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ва муассасаларга хайрия ёрдамларини кўрсатиш, аҳолининг ночор қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш ва муҳтожларни озиқ-овқат билан таъминлаш, уларга тиббий ёрдам ташкил этиш орқали ўз қарашлари ва ҳаракатларига хайрихоҳликни уйғотишга интилмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилди. Бу миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари конституциявий тамойилларга бутунлай зид эканини кўрсатади. Бу ҳаракат учун Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.

Юртимизда миссионерликнинг асл моҳиятини очиб ташлаш, унинг олдини олиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Биринчи галда Республикамизда фаолият олиб бораётган барча диний конфессиялар вакилларининг учрашувлари, давра суҳбатлари ва бошқа шакллардаги мулоқотларини ўтказишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Учрашувларда туб аҳолини ўзга динга жалб этмаслик, диний миссионерлик фаолияти билан шуғулланмаслик  юзасидан чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Сўзимиз охирида барчамиз огоҳ бўлишимиз, соф ислом динини ўрганиб уни ғаразли ҳуружлардан ҳимоя қилишимиз ва соф ақидани униб-ўсиб келаётган ёш авлодга ўргатиб боришимиз лозим эканини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз. Аллоҳ таоло юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкам қилсин.

ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси

мудири О.Тангиров

100970cookie-checkЭкстремизм, терроризм ва миссионерликка қарши кураш – долзарб вазифа

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: