Танишиб ўтганимиздек, тақлид йўли саҳоба ва тобеинлар даврида ҳам кенг ёйилганди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулафои рошидинларнинг йўлига эргашишга буюргандилар. Ижтиҳод аҳли бўлмаганлар у ёқда турсин, ҳатто мужтаҳидлар ҳам ўзидан бошқага тақлид қилганлари сир эмас. Қолаверса, Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”.
Демак, тақлид қилиш баъзилар айтганидек тўртинчи асрдан кейин пайдо бўлмаган. Балки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналаридан то шу кунимизгача давом этиб келмоқда. Ҳар даврда билмаган киши билган кишидан сўраб, унга эргашиб тақлид қилган. Чунки имом Аҳмад, имом Шофеъий ва имом Моликларнинг гапларидан маълум бўлдики, билмаган одам Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришга аҳл эмас. Балки унга олимдан сўраши лозим бўлади. Ҳатто, ҳамма олим ҳам ижтиҳод шартларини ўзида жамламагунча бунга аҳл бўлмайди.
Баъзилар Қуръони каримдаги Аллоҳ нозил қилганига эргашишга чақирилган мушриклар ота-боболари йўлига эргашишини айтганда Аллоҳ уларни итоб қилган оятлардан тақлид қилиш мумкин эмаслигига далилланган. Масалан, Бақара сурасининг 170-оятида Аллоҳ таоло айтади:
إِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا ۗ أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ
“Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!”
Айтишингиз мумкин, Аллоҳ таоло ушбу оятда ноҳақ йўлда ўтган ота-боболарига тақлид қилган мушрикларни қоралади, лекин ҳидоятда юрган уламоларга тақлид қилганларни айбламади, балки уларни аҳли зикр-уламолардан сўрашга буюрди. Улар айтишадики, ўзининг бор тоқати ва имконини Аллоҳ таоло нозил қилганига эргашишга сарфлагандан кейин ҳам баъзи билмаганлари бўлса, шу бўйича ўзидан олимроққа тақлид қилиш мақтовга сазовор. Бунинг учун у гуноҳкор эмас. Аксинча қилган ишига ажр олади.
Шу ўринда савол пайдо бўлади. Хўп майли, бундай инсон Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашган бўладими ёки анави одамга эргашган бўладими? Жавобига Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашмагани айтилса, улар ўз даъволарига зид ишни қилдилар. Чунки улар бундай тақлидни мақтовли дейишганди. Аммо, агар Аллоҳ нозил қилганига эргашган бўлади, десалар, уларга айтиладики, Аллоҳ нозил қилганидан ўзи ҳукм ола билмаса, ўзидан билимдонроғига тақлид қилиши яхши иш, ҳатто вожиб экан-да. Зеро, тақлид дегани ҳам мана шу ўзи.
Хулоса қилиб айтганда юқоридаги каби оятларда Аллоҳ таоло собит бўлиб турган ҳақга эмас, балки унинг зиддига тақлид қилишни қоралаган. Бундай тақлид ҳаром тақлид ҳисобланиб, унинг ботил эканини англатувчи оятлар воситасида вожиб тақлидни мумкинмас дейиш ҳақни ботил билан аралаштириб юборишдир. Аллоҳдан бундай тушунча ёмонлигидан паноҳ сўраймиз.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов