islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сиз шундай баракотлисиз..!

Оламларга раҳмат бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёга келмасларидан олдинроқ ер юзини раҳмат барака тутди. У зот саллаллоҳу алайҳи васалламга оналари енгилгина ҳомиладор бўлдилар. Бошқа аёллар кўрадиган дардларни кўрмадилар. Aллоҳ изни ҳам ҳеч қандай машаққатсиз дунёга келтирдилар. Бу албатта, саййидимиз барокатларидан эди.

Сут оналари Ҳалима билан бўлган ҳодисани эслайлик. Бану Саъад қабиласидан чақалоқ учун келган аёллар етим бўлганлари сабабидан олиб кетгиси келмади. Аттанг, билмасдиларки, бу Зот қандай барокот соҳиби эканларини! Ҳалима онамиз билан яшаган даврда уларни яхшилик ҳамда тўкин-сочинлик ўраб олади. Туянинг елинлари сутга тўлиб, яйловлар яшнаб кетади. Ҳалима онамизнинг уйига кирган қут-барака саййидимиз барокатларидан бўлади. Aслида Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг баракалари уларнинг улкан мўжизаларидан бири эди.

Ҳабибимиз оналаридан ажрган, суюкли боболари ҳам оламдан ўтиб кетган йиллар… У зот меҳр булоғига ташна, ҳақиқий етим бўлиб қолдилар. Ўксик кўнгилга малҳам бўлиб, амакилари Aбу Толиб ўз қарамоғига олади. Абу Толиб ўзи серфарзанд ва эҳтиёжманд киши эди. Лекин, Аллоҳ суйган бандаси қаерда бўлса, ўша ерга раҳматини сочиб қўяверди.

Бир куни Aбу Толибга қавмлари мурожаат қилиб қаҳатчилик, сувсизликдан қийналишгани, дуо қилиб беришларини сўрашади. Шунда Абу Толиб етим жиянларини олиб чиқиб, Аллоҳдан ёмғир сўрайдилар. Ҳаво жазирама, бир парча булут ҳам кўринмаётган осмонда бирдан қоп-қора булутлар пайдо бўлади. Шаррос ёмғир қуяди.

У кишининг барокатлари пайғамбар бўлмасларидан олдин ошкор, кейин ҳам доимий содир бўлаверар эди.

Aнас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни асрга оз вақт қолганда учратдим. Одамлар таҳоратга сув тополмай зир югуриб юришарди. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қиладиган идишга қўлларини солдилар ва у идишдан сув қайнаб чиқа бошлади. У зот шу идишдан таҳоратга сув олишни буюрдилар. Одамлар бирин-кетин келиб идишларни тўлдириб олаверишди”. Aнас ибн Моликдан таҳорат қилгувчиларни сони сўралганда, улар: “Уч юзга яқин одам эди”, деганлар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳаракатлари ва дуолари ила озиқ-овқатга барака киргани ҳақидаги ҳадислар эса жуда кўп. Бу ҳақида Жобир ибн Aбдуллоҳ разияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ ғазотида 3 килограмлик арпа ва битта улоқчанинг гўшти билан мингта одамга етадиган таом тайёрлатганларини ҳикоя қиладилар.

Ўзларидан яна ривоят қилинишича, оталари Aбдуллоҳ Уҳуд ғазотида шаҳид кетадилар. Жобир ибн Aбдуллоҳ бош фарзанд бўладилар. Оталарининг қарзлари кўп бўлиб, ҳақдорлар пулларини талаб қилиб келаверади. Ёш Жобир танг аҳволда қолади. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб вазиятни тушунтирадилар. Саййидимиз уларни боғларидаги ҳамма ҳурмоларни теришга буюрадилар. Сўнг, шу ҳосилга Aллоҳ таолодан барака тилаб, дуо қиладилар. Набавий дуо барокатидан ҳамма қарзлар ёпилади ва бир йилга етадиган ҳурмо ҳам ғамланиб олинади.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун тайёрланган бир товоқ таомдан юзлаб саҳобалар тўйгани, Анас ибн Молик учун қилган дуолари шарофатидан Ҳазрати Анаснинг ризқи, умри, болалари мўл-кўл бўлиб кетгани, Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосга қилган дуолари ҳурматидан “Уммат фақиҳи”га айланганликлари, зот бирга бўлган ғазотларда мўминлар оз, душман ўн баробар кўп эсада, ер тишлагани, қўйингки, У Зот саллоллоҳу алайҳи васаллам қадамлари етган диёр, ташрифлари кирган маскан, қўллари теккан нарса, дуолари етган инсон ҳамиша бахтиёр, мудом баракада эди.

Энг катта барокатлари – Қуръон ҳамда суннатлари Қиёматга қадар мўминлар учун раҳмат, хушхабар ва йўлбошчидир.

Кимики, Пайғамбаримизнинг кўрсатмаларига юрса ҳамда суннатларига эргашса умрига, ризқига Aллоҳ изни ила, барака кираверади.

Тошкент ислом институти

талабаси Яшнарова Мафтуна

333200cookie-checkСиз шундай баракотлисиз..!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: