Ақл ва ваҳй ўртасидаги алоқадорлик
Мотуридий билишда ақлнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, ўзининг билиш назариясида унга катта ўрин ажратган бўлсада, ақлнинг камчиликларини ҳам эътиборга олади.
Ақлнинг ҳам ўз чегараси бор-ки, бу чегара сезги воситасида олинган маълумотни идрок этиш билан белгиланади. Воситалар эса нарса-ҳодисанинг ҳақиқатини тўлиқ акс эттирмайди. Қўп ҳолларда ақл тасодифий ёки ўхшаш нарсаларни фарқлай олмай қолади. Ақл кўриниб турган нарса-ҳодисанинг ортидагини идрок қилади. Восита ва кўриниб турган нарсанинг ўртасидаги боғлиқликни далиллайди. Аммо нарса-ҳодисанинг моҳиятини билишга ожизлик қилади.
Ақлнинг роли шаҳарга олиб борувчи йўл ва сўқмоқларни кўрсатадиган белгилар кабидир. Белгилар шаҳар йўлини кўрсатсада шаҳар ҳақида ҳеч қандай тафсилот беролмайди. Бу мисол метафизикага оид масалаларни очиб беради. Чунки ақл бизга Аллоҳнинг зоти ва сифатлари ҳақида тасаввур бера олмайди. Шу ерда ақл чекланади. Чегаранинг ортини ваҳй тушунтиради.
Мана шу ўринда ақл ва ваҳй ўртасида алоқадорлик масаласи пайдо бўлади. Мотуридий бу масалани кенг муҳокама қилиб, ақлнинг дин ичидаги чегарасини аниқлашга уринади. Ваҳйнинг диний ва дунёвий жиҳатдан инсон ҳаётига дахлдорлигини ойдинлаштиради. Ваҳй бугунги кунда инсонга маълум бўлган барча ҳаётий билимларнинг асосидир. Биз билимни ақл ва тажрибага таяниб кашф қилсакда, барибир унинг бирламчи асоси ваҳйга бориб тақалади. Билим асосини инсоннинг ўзи ташкил қилганида, унинг билиш учун ўтказаётган тажрибалари иш бермас эди. Шунингдек, ақлнинг ўзи бизга Худони ва унинг айни неъматига шукр қилиш зарурлигини англатади. Аммо шукрнинг қай шаклда амалга оширилиши кераклигини кўрсата олмайди. Масалан олайлик, одам ўзини яратган Худога бандалик қилиши лозим. Аммо ақл бандаликни бажо келтириш шакллари ва тартибини кўрсатиб бера олмайди. Буларнинг барининг манбаи – ваҳй. Шунингдек, инсоннинг ваҳйга эҳтиёжи ҳам бор. Инсоният ўз ақлининг ҳукмига ташланса, ҳеч қачон келиша олмас, аксинча ихтилофлар гирдобида қолар эди. Шу жиҳатдан ақлдан юқори турадиган ҳукмдорга эҳтиёж туғилади-ки, у йўналтиради ва бирлаштиради.
Инсониятнинг билиш имконияти чекланган. Шунингдек, билим борасида одамлар бир-биридан фарқланади. Ҳамма ҳам кўп билим олиш имкониятига эга эмас. Бу жиҳатдан ҳам ваҳй инсон манфаатларини кўзлайдиган билимлар мажмуаси бўлиб хизмат қилади.
Ақл ташқи таъсир, рағбат, урф-одат каби тўсиқлар сабаб кўриниб турган ҳақиқатни идрок этмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатда ҳам ташқи таъсирларга учрамайдиган ваҳйга эҳтиёж туғилаверади.
Ниҳоят Мотуридий сезги ёрдамида билиб бўлмайдиган нарсаларни билишнинг икки йўлини айтади: оқибат орқали сабабни билиш, масалан, тутунни кўриб олов борлиги ҳақида хулоса қилиш; ёки, ўзимиз кўрмаган, билиш имкониятимиздан ташқарида бўлган нарса-ҳодисалар ҳақида маълумот берувчи хабар (нақл) орқали. Шундай қилиб, Худонинг зоти (моҳияти), унинг кўрсатмалари, амру-фармонларини билишнинг ваҳйдан бошқа манбаси йўқ. Ўз навбатида ваҳй пайғамбарлар орқали (нақл шаклида) келади.
Мотуридий ваҳй ва унинг аҳамиятини тушунтирар экан уни умумий қилиб дин деб ҳисоблайди. Ваҳйни ҳимоя қилиш динни ҳимоя қилиш демакдир. Мотурудий таъкидлаганидек, дин одамлар ўртасида бирликни таъминловчи, ихтилофларга барҳам беришнинг бош манбаи. Дин ёки ақида (диний мафкура) инсон ҳаётида энг муҳим аҳамият касб этади. Буни тарихдан ҳам билиш мумкин-ки, инсоният қандай бўлмасин ақида, ғоя, мақсадсиз яшай олмайди. Ҳукмдорлар барча бирдай манфаатдор бўладиган қонун-қоидаларни ишлаб чиқиб, одамларни бирлаштиришга уринадилар. Ислоҳотчилар жамиятни ислоҳ қилиш мезонларини таклиф қиладилар. Пайғамбарлар эса, инсонлар ҳаётини тартибга солиш учун Аллоҳ ҳузуридан хабарлар келтирадилар. Бу мисоллар инсон ақида ва мақсадсиз яшай олмаслигини кўрсатади.
Ақл инсонга диннинг аҳамиятини тушунтиради. Чунки, ақл инсоннинг мақсадсиз яратилганини, ҳаёти тугаши билан ҳаммаси поёнига етишини тан олмайди. Соғлом ақл бошқа ҳаёт – бу дунё ҳаётининг давоми борлигини зарур деб ҳисоблайди. Ақл бошқарилмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилар экан, бош-бошдоқлик юз беради. Шунда барқарор ҳаёт учун динга эҳтиёж туғилади. Қолаверса, яратган Худо инсонни ёрдамсиз, бу ва кейинги ҳаётга йўлловчисиз қолдирмайди. Демак, ақлан ва нақлан ҳам илоҳий рисолат зарурати аён бўлади. Мотуридийнинг фикрича инсоният ҳаётини тартибга соладиган, барча қонун-қоидаларга асос бўладиган ваҳй ва шариатсиз яшаб бўлмайди.
Мотуридийнинг ваҳй ва унинг аҳамияти ҳақидаги тезиси Худонинг мавжудлигини инкор қилувчи атеист (мулҳид) ҳамда Ходога ишонсада ваҳйга зарурат йўқ деб ҳисобловчи мусулмон тоифаларнинг танқидига нишон бўлди. Уларнинг фикрича борлиқни ёки Худони англаш, яхши-ёмонни фарқлаш учун ақлнинг ўзи етарли, ваҳйга эҳтиёж йўқ. Бу фикр билан улар нафақат ваҳйни, балки пайғамбарликни ҳам инкор қиладилар. Уларга кўра агар ваҳй ақлдан юқори турса, унда ақл кераксиз нарса бўлиб қолади. Шунингдек, ақлга мос келмайдиган ваҳйнинг тўғрилигини тасдиқлаш, унга ишониш мушкул. Ақл башарият эҳтиёжини қондирар экан ҳар қандай ҳолатда ҳам ваҳйга зарурат йўқ. Масалан пайғамбарларнинг ақлан қараганда ёмон бўлиб кўринадиган ҳайвонларни сўйишга рухсат бериши каби ишлари ваҳй ва ақл ўртасида зиддият борлигини кўрсатади. Аллоҳ ақлан ёмон ҳисобланадиган ишларга буюрмас экан, демак пайғамбар юборишига ҳам зарурат бўлмайди.
Бундай қарашлар аслида браҳмандларга хос бўлиб, Мотуридий уларнинг қарашлари нотўғри эканлигини тушунтиради. Унинг фикрича нарса-ҳодисаларни идрок қилишда ақл ва нақл ўртасида зиддият бўлиши мумкин эмас. Бизга зиддият бўлиб кўринган нарса аслида бизнинг қусуримиз ва нотўғри англашимиз натижасидир.
Яхши ёки ёмон деб ҳукм қилинадиган нарса-ҳодисалар икки тур бўлади: асли яхши ёки ёмон эканлиги зоҳиран маълум бўлган нарса-ҳодисалар; бир тарафдан қараганда яхши, бошқа томондан қараганда ёмон бўлиб кўринадиган нарса-ҳодисалар. Мана шу иккинчи турнинг ҳақиқатини билиш қийин. Бундай ҳолда ваҳйга эҳтиёж туғилади. Хонаки ҳайвонларни сўйиш ҳам иккинчи турга мансуб бўлиб, аслида бу ёмон иш эмас. Шундай бўлганида шариат бунга рухсат бермас эди. Масалан ақл ҳам мудофаа учун ўлдиришни зарурат ҳисоблайди. Браҳмандлар ақл ва инсон табиати ҳуқмини аралаштириб юборганлар. Аслида ақл ва ваҳй ўртасида эмас, балки ваҳй ва инсон табиат ўртасида зиддият бўлади. Чунки ақл нарсаларни яхши ва ёмонга ажратаётган пайтда ҳеч қандай ҳолат ва вазиятга боғлаб хулоса қилмайди. Ҳолат ва вазият ўзгарсада ақлнинг ҳукми ўзгармайди. Аммо инсон табиати ўзгаради, унинг ҳукми воқелик ва одатларга боғлиқдир. Хонаки ҳайвоннинг сўйилишини ёмон деб ҳисоблаш одамларнинг табиати ва қадриятларидан келиб чиқади. Мотуридий табиат ўзгаришига мисоллар келтиради. Масалан хонаки ҳайвонлар ва ваҳший ҳайвонларга муносабат турлича бўлади. Хонаки ҳайвонларни сўйишни одамнинг табиати кўтармагани учун ёмон бўлиб қолмайди. Одамларнинг ҳаёт тарзи ўзгариб, гўшт ейишга ўрганса буни ёмон деб ҳисобламайдилар. Лекин ақлда бу сингари беқарорлик бўлмайди. Ақлнинг наздида ҳар қандай ҳолда ёмон ёмонлигича, яхши яхшилигича қолаверади. Шу сабабли масъулият ва мажбуриятнинг асоси ақл ҳисобланади, табиат эмас.
Ақл ва табиатнинг бир-бирига зидлигини бир қарашда англаш қийин. Бу ерда зиддият иккаласининг моҳиятидан келиб чиқади. Табиат лаззатга мойил бўлиб, инсонни тезроқ унга эришиш (танани роҳатлантириш)га ундайди. Роҳатга эришиш йўлини, ундаги машаққатни ҳисобга олмайди. Ақл эса бунинг акси, инсонга ўша нарсанинг яхши ёки ёмонлигини кўрсатади, унга интилиш асносида юзага келадиган машаққат ва мураккабликларни аниқлаб беради. Табиатда бундай имконият йўқ. Табиат ҳозирни кўради, ақл эса ҳозир ва келажакни кўра олади. Шунинг учун нарсаларнинг яхши ёки ёмонлиги ҳақида ҳукм қилиш ақлнинг ихтиёрида бўлмоғи шарт.
Шунингдек, Мотуридий амал (феъл) ни яхши ёки ёмонга ҳукм қилишда ақл ва ваҳй ўртасида зиддият йўқ деб ҳисоблайди. Зоҳиран зидга ўхшаб кўринаётган бўлса, бу ерда табиат янглиш хулоса қилаётганини тушунтиради.
Демак, ақл табиатдан юқори даражададир. Лекин унинг ўз чегараси ҳамда камчиликлари бор. Нарса-ҳодисаларнинг ҳақиқатини англаш пайтида ташқи таъсирлар олдида ақл ҳам заиф бўлиб қолади ва бу ерда ваҳйга эҳтиёж пайдо бўлади. Ақлнинг хулосаси ваҳйнинг буйруқ ва таъқиқларига мос келса, шунда тўғри ҳукм қилган ҳисобланади. Шундай қилиб, ваҳй ақлнинг энг юқори нуқтасидир. Ақл ўзининг энг юқори нуқтасига етганда ваҳйдан айро бўла олмайди.
Шариат ва дин доирасида ақлнинг муҳим роли бор. Негаки, у таклиф (зиммага мажбурият юклаш)нинг зарурий шарти ҳисобланади. Мотуридийнинг фикрича инсон ўзининг барча ақлий салоҳиятини ишга солганда ҳам шариат кўрсатмаларини идрок қила олмаса, унинг зиммасига жавобгарлик юкланмайди. Негаки шариат англашдан сўнг бажариш мажбуриятини қўяди. Демак, шариат мажбуриятларини зиммага олиш учун ақл ва идрок бўлиши шарт.
Шунингдек, Мотуридий ақлга эга одам Аллоҳни борлиқ ҳақида тафаккур юритиб билмоғи лозим деб ҳисоблайди. Шунда ақл Аллоҳнинг мавжудлиги ва қудратини билиш чегарасига етиб келади. Демак, Аллоҳни билиш ақлан (далил асосида) бўлади. Инсон тафаккур қилар, ўзи ва уни ўраб турган олам ҳақида фикр юритир экан, Худони ҳам дедукция (умумий ҳолатдан хусусий хулоса чиқариш) йўли билан билиши лозим бўлади.
Агар Аллоҳ пайғамбарларни юбормаганда эди, инсон ақлидан масъул бўлар эди. Модомики инсонда ақл, фикр юритиш имкони бор экан, Яратувчини билмаслик учун бошқа ҳеч қандай сабаб бўлиши мумкин эмас.
Табиийки бу фикр ҳисоб ва иқоб пайғамбар юборилишига боғлиқлигини англатувчи қуйидаги Қуръон ояти мазмунига зид келмоқда:
“Пайғамбарлар (келгани)дан сўнг одамларда Аллоҳга қарши ҳужжат бўлмасин деб, (уларни) башарот берувчи ва огоҳ этувчи элчилар (қилиб юбордик)”[1],
“Пайғамбар юбормасдан туриб (бирор кимсани) азобламасмиз”.[2]
Ашъарийлар бу оятлардан хулоса қилиб, таклиф пайғамбар юборилишига боғлиқ, ақлнинг ўзи Аллоҳни билиш ва унга имон келтириш учун етарли эмас. Шунингдек, пайғамбар юборилмаган ҳолда инсон эътиқоди ва қилмиши учун жавобгар эмас.
Аммо Мотуридий оятнинг мазмунида ақл ёрдамида билиб бўлмайдиган, фақатгина ваҳй орқали тушунтирладиган ибодат ва шаръий амаллар шаклларини назарда тутади дея ҳужжат келтиради. Ақида ва имон эса ақл орқали ҳосил қилинади. Негаки, инсон далил ва ҳужжатлар асосида Аллоҳни бирлиги ва бошқарувчи эканини билиш мумкин.
Шундай қилиб, Мотуридий бизга билиш назариясининг мукаммал шаклини таклиф қилади. Билиш воситаси сифатида сезги, нақл ва ақлни қўяди. Сезги инсонда билишнинг асосий воситаси эканини айтади. Шунингдек, билимнинг катта қисми сезги ёки нақл воситасида ҳосил қилинади. Аммо сезги ва нақл орқали ҳосил қилинган билим ақл воситасида ҳосил қилинган билимдан қуйироқ аҳамият касб этади. Негаки, ақл сезги ва хабар устидан ҳукмрон. Бироқ, ақл ваҳйдан қуйи даражада туради. Ваҳй доирасига кирадиган айрим маълумотларни билишга ақл ожизлик қилади. Мотуридий билиш муаммосини кўриб чиқаётган пайтда бошқа тоифаларнинг ҳам бу борадаги қарашларини таҳлилий ўргангани, уларнинг қарашларига раддиялар бергани ҳақида юқорида тўхталдик. Мотуридийнинг билиш борасидаги қарашлари исломий каломда дастлабки уриниш бўлгани билан аҳмиятлидир.
Хулоса қилиб айтганда, ислом таълимоти мазмун-моҳиятини англашнинг, шу орқали ёд ғоялар таъсиридан ҳимояланишнинг бирдан-бир воситаси – билим. Ўз навбати билим ўзлаштирилган маълумотлардан иборат бўлади. Маълумотларнинг чин ёки ёлғон эканлигига имом Мотуридий таклиф этган билиш мезони билан аниқлик киритилса, бундай асосда қабул қилинган билим инсон учун ҳидоят манбаи бўлиб хизмат қилади, иншааллоҳ.
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири,
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси М.Нсриев
[1] Нисо сураси, 165-оят.
[2] Исро сураси, 15-оят.