Саломлашиш динимиз шиорларидандир. Шу билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган суннат амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот алайҳиссалом шундай деганлар: “Жаннатга киролмайсиз токи иймон келтирмагунингизгача, (комил) мўмин бўла олмайсиз токи ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизгача. Сизларга бир нарсани ўргатайми, агар шуни қилсангиз, ўзаро муҳаббатли бўласиз, ораларингизда саломни ёйинг!” (Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, саломлашиш мусулмоннинг ҳаётида ўта муҳим амал бўлиб киши иймонининг комил бўлишига ва одамларнинг муҳаббатига сабаб бўлар экан.
Саломлашишда салом берувчига тегишли бир қанча одоблар бор:
– Саломни “Ассалому алайкум” деб тўлиқ ва чиройли шаклда бериш. “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деб айтса яна яхши. “Салом”, “привет” каби сўзлар билан салом бериш саломлашиш одобига зиддир.
– Салом берувчи доимо аввал салом беришга интилиши керак. Зеро, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юксак намуна бўлганлар. У зот йўлиққан ҳар бир кишига доимо аввал салом берганлар.
Салом бериш суннат бўлса, саломга алик олиш вожиб амал ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг” (Нисо сураси, 86-оят), деб марҳамат қилади.
Ушбу ояти каримадан алик олувчига тегишли қуйидаги одоблар келиб чиқади:
Салом берилса, унга албатта, жавоб қайтариш, берилган саломдан чиройлироқ шаклда жавоб қайтариш, ҳеч бўлмаганда берилган саломнинг ўзини қайтариш шарт. Кўпчиликка салом берилганда кўпчилик номидан бир киши алик олса кифоя.
Бундан ташқари салом бериш мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам бор. Қуръон, намоз, азон ёки такбир айтаётганга, ҳаммомда ювинаётганга, ҳожатхонадаги кишига, оғзида таоми бор кишига, номаҳрам аёлларга ва ҳожатхонадан чиққан кишига то у таҳорат олмагунича салом берилмайди. Зеро юқоридаги ҳолатларда салом берилса ҳам алик олинмайди.
Саломлашишда қўл бериб кўришишнинг ҳам одоблари бор. Кафт кафтга қўйилиб, икки қўл билан кўришилади. Бир қўл билан кўришиш одобсизликдир, узрли ҳолат бўлса, бир қўл билан кўришса бўлади. Узоқ вақт кўришмаганлар, қучоқлашиб кўришишлари жоиздир. Бунда аввал ўнг кўкракка кейин чап кўкракка босилади. Аммо, ҳозирги кунда баъзи ўзларини маданиятли деб ҳисоблайдиганлар орасида одатга айланган эркакларнинг ўпишиб кўришишлари мутлақо мумкин эмас.
Шогирдлар устозининг, фарзандлар ота-онасининг ҳамда фазилатли кишиларнинг қўлидан ўпиб кўришиш мумкин.
Саломлашиш одобларига амал қилиб бу набавий суннатда ўрнак бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин !!!
ТИИ талабаси Қобилов Акбаржон