islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚИРОАТ ИЛМИДА ВАҚФ ВА ИБТИДО

Вақф” сўзи луғатда тўхташ маъносини билдиради. Истилоҳда эса, одатда қироатни бошлаш ниятида бир сўзни ўзидан кейин келадиган гап бўлагидан ажратиш учун бироз тўхтаб, нафас олишга айтилади.

Вақф”нинг истилоҳий таърифлари

Имом Ибн Абу Марям Шерозий (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ. 565 й.) таърифи:

Вақф – ҳарф ва ҳаракатларни кетма-кет ўқишдан юзага келган чарчашдан дам олиш учун сўз охирида тўхташдир“.

Шотибийнинг шориҳи Имом Жабарий (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ.732й.) таърифи:

Вақф сўз охирида бироз муддат товушни тўхтатиб туришдир”.  

Имом Абу Ҳайён Андалусий (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ. 740 й.) айтди:

Вақф – охирги сўзни талаффуз қилгач, нутқни узишдир”. 

Имом Жазарий (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ. 833 й.) айтади:

Вақф одатда, қироатни қайта бошлаш нияти билан нафас олиш учун озгина вақт товушни тўхтатишдан иборат “.

Имом Абдуддоим Азҳарий (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ. 870 й.) дейди:

Вақф узоқ жим туриш билан сўзни ундан кейин келадиган калимадан узишдир”.  

Имом Абул Аббос Шиҳобиддин Қасталоний (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ. 923 й.) таърифи: “Вақф талаффуз охирида нутқни узишдир”. 

Имом Закариё Ансорий (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ. 926 й.) айтади:

Вақф икки маънода тушунилади:  

Биринчиси: Қорининг Қуръон қироатида сукут учун тўхташи;

Иккинчиси: Қурролар айтиб ўтган ўринлар”.

Имом Али ибн Султон Муҳаммад Қори (роҳимаҳуллоҳ) (вафоти ҳ. 1016 й.) айтади:

Вақф нафас олиш учун сўз охирида озгина муддат товушни тўхтатишдир”. 

Аллома Аҳмад ибн Абдулкарим Ашмуний (роҳимаҳуллоҳ) дейди:

Вақф сўз охирида бироз муддат товушни кесиш ёки бир сўзни ундан кейинги калимадан узишдир “.

Вақф 4 қисм: интизорий, ихтиёрий, идтирорий, ихтиборийга бўлинади.

Интизорий деганда қори бир неча қироатни жамлаб ўқиганда бир калимада ўша қироат турларини бирма-бир ифодалаш мақсадида тўхташи.

Ихтиёрий деганда ўз ихтиёри билан тўхташга айтилади. Идтирорий деганда мажбуран тўхташни билдиради. Яъни қорини йўтал тутиб, акса ургиси келиб қолса ва шунга ўхшаш бошқа табиий ҳолатларга идтирорий дейилади.

Ихтиборий деганда ҳабар маъноси, яъни синов, имтиҳон маъноси тушунилади. Яъни устоз шогирдига “Мана бу калимада қандай тўхтайсан?”, “Мана бунда мажбур бўлсанг, қандай тўхтайсан?”, дегандаги таълим учун айтилган вақфлар ихтиборий бўлади.

Идтирорий вақфда ҳеч қандай мушкуллик йўқ, чунки унда тўхташ мажбурийдир, тўхтатишни иложи йўқ. Мисол учун қироат вақтида акса уриб қўймоқчи бўлса тўхтатиб бўлмайди.

Ихтиборий ва интизорий вақф таълим учун керак бўлади.

Ихтиёрий тўхташга келсак, у ихтиёримизда бўлгани учун маънони эътибордан соқит қилмаслик шарт бўлади. Имом Жазарий ихтиёрий вақфни 3 турга бўлганлар. Яъни ихтиёрий вақф том, кофий, ва ҳасан деган 3 қисмга бўлинади. Ва шу билан бирга ихтиёрий вақф жоиз ва ножоиз деган 2 қисмга ажрайди. Унинг жоизи том, кофий, ҳасан, ножоизи эса қабиҳ деган турдан иборат .

Том вақф – лафзда (еъробда) ва маънода ўзидан кейинги сўзга боғлиқлиги бўлмаган жойда тўхтаб, кейинги оятдан давом эттиришдир.

Кофий вақф – ўзидан кейинги сўзда лафзда (еъроб) эмас, балки маънода тааллуқли бўлган сўзда тўхтаб, кейинги оятдан давом эттиришдир.

Ҳасан вақф – ўзидан кейинги сўзга лафзда ва маънода тааллуқли бўлган ерда тўхташдир. Шундай тўхталганда оят маъноси тугал бўлади. Агар бу ҳолда оят якунланмай қолса, кейинги сўздан бошлаб давом эттирилмайди, балки маънога ҳалал етмайдиган жойдан бошлаб ўқилади. Агар вақф қилинганда кейинги сўз оятнинг боши бўлса, ўша жойдан давом эттиришнинг зарари йўқ.

Қабиҳ вақф – ўзидан кейинги сўзга лафзда ва маънода боғлиқ бўлган жойда тўхташдир. Бундай вақф қилиш оят маъносининг ноқис ёки хато бўлишига олиб келади. Шу боис бундай ўринларда тўхташ мумкин эмас. Мабодо қори тўхташга мажбур бўлиб қолса, маънога ҳалал етмайдиган жойдан бошлаб қайта ўқийди .

Ибтидо ихтиёрий ва ихтиборий деган икки турга бўлинади. Яъни ихтиёрий бошлаш ҳамда қандай бошлаш ва қандай бошламасликни ўргатадиган таълим учун ихтиборий бошлаш мавжуд. Вақфда шулар билан биргаликда идтирорий(мажбурий) ҳам бор эди. Бошлашда эса идтирорий йўқ. Вақфда нафас етмаган сабаб тўхташга мажбур эди.

Қуръонни бошлашда эса бу каби зарурат йўқ. Қандай бошлашнинг мажбурликка алоқаси йўқ. Шунинг учун ихтиёрий ва ихтиборий деган икки қисмдан иборат.

Ихтиёрий ибтидо вақфга ўхшаб “том”, “кофий”, “ҳасан” ва “қабиҳ”га бўлинади.

Том ибтидо – суранинг аввалидан бошлаганидек, олдинги оят билан лафзда ва маънода тааллуқлиги бўлмаган сўздан бошлашдир.

Кофий ибтидо – олдинги оят билан маънода тааллуқли бўлиб, лафзда боғлиқлиги бўлмаган сўздан бошлашдир.

Ҳасан ибтидо – олдинги оят билан лафзда ва маънода тааллуқли бўлган сўздан бошлашдир. Бу ҳолат оятнинг аввали изофий ибтидо билан бошланган бўлса тўғри саналади. Яъни у фақатгина оятнинг аввалида дуруст бўлади.

Худди вақфга ўхшаб ибтидонинг ҳам қабиҳ тури бор. У шундай бошлашки Қуръон калималарини у билан ўзидан олдинги оят ёки калима ўртасида худди вақфи қабиҳга ўхшаб лафзий ва маънавий боғлиқлик бўлади. Агар оятнинг охири бўлса, юқорида айтиб ўтилганидек тўхташ ҳам, кейингисидан бошлаш ҳам жоиз. Оятнинг охири бўлмаган жойларда ҳам, лафзда ҳам маъно жиҳатидан боғлиқ бўлган жойдан бошлаш қабиҳ бошлаш ҳисобланади .

ТИИ талабаси Қодиров Абдулазиз

337770cookie-checkҚИРОАТ ИЛМИДА ВАҚФ ВА ИБТИДО

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: